logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Марказий банк асосий ставкага доир қарори юзасидан пресс-релиз тақдим қилди

Марказий банк асосий ставкага доир қарори юзасидан пресс-релиз тақдим қилди

Марказий банк асосий ставкага доир қарори юзасидан пресс-релиз тақдим қилди

Markaziy bank Spot

Фото: Spot.uz

Марказий банк Бошқарувининг 2021 йил 29 июлда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарори юзасидан пресс-релиз тақдим этилди.

Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб

Жорий йилнинг II чораги бўйича мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши давом этиб, аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етди.

2021 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот реал ҳажмда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга ошди. Ушбу юқори ўсиш кўрсаткичи, биринчидан, 2020 йилнинг январь-июнь ойларидаги паст база эффекти билан, иккинчидан, фискаль рағбатлантиришлар ва иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳисобига ялпи талабнинг қўллаб-қувватланиши билан изоҳланади.

Бунда, иқтисодиётнинг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсиш суръатларининг (мос равишда 8,5 ва 18,3 фоиз) пандемиягача бўлган давр кўрсаткичларигача етганлиги кузатилган бўлса, қишлоқ хўжалиги (1,8 фоиз) ва қурилиш ишлари (0,1 фоиз) соҳаларида 2020 йилда юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолинганлиги ҳисобига жорий йилги кўрсаткичларда сезиларли ўсиш кузатилмади, мазкур кўрсаткичлар иккинчи ярим йилликда яхшиланиши кутилмоқда.

Иқтисодиётда талаб ҳажмининг ўсиб бориши, ўз навбатида, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 фоизга, чакана савдо айланмасининг 9 фоизга ошишида ҳам намоён бўлди.

Тижорат банклари кредитлари, қарз маблағлари ҳамда хорижий кредит линиялари инвестицион талаб ўсишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қилди. Биринчи ярим йилликда асосий капиталга йўналтирилган марказлашмаган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошди.

Умуман олганда, январь-июнь ойларида тижорат банклари томонидан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга кўп кредитлар ажратилди ва иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи йил бошига нисбатан 8,7 фоизга ўсди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг февраль ойида давлат секторида иш ҳақларининг оширилиши, I ярим йилликда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан барқарор бўлганлиги ҳисобига хусусий секторда ҳам иқтисодий фаолликнинг яхшиланиши аҳоли даромадларини тикланишига хизмат қилди. Хусусан, I ярим йилликда аҳолининг реал даромадлари 10,8 фоизга ошиб, истеъмол талабини рағбатлантирувчи омиллардан бўлди.

Асосий экспорт товар позициялари бўйича ташқи коньюнктуранинг яхшиланиб бориши фонида экспорт тушумлари ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми йилнинг дастлабки олти ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсди.

Ташқи инфляцион вазият кескинлигича сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2021 йил бошидан Хитойдан ташқари бошқа асосий савдо ҳамкорларда инфляция даражасининг Марказий банк таргет кўрсаткичларига нисбатан юқори бўлиши, ушбу давлатларда асосий ставкани ошириш ва пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилишига сабаб бўлмоқда.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

2021 йилнинг июнь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси май ойида кузатилгани каби 10,9 фоизни ташкил этиб, сўнгги тўрт-беш ойдан бери деярли ўзгаришсиз шаклланмоқда.

Июнь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 14,7 фоизни ташкил этиб, умумий инфляцияга энг асосий оширувчи ҳисса қўшди. Таъкидлаш жоизки, май-июль ойларида ушбу гуруҳдаги мева ва сабзавотлар нархларида кутилганидек мавсумий пасайиш суръатлари кузатилмади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсувчи динамикаси кўпроқ ишлаб чиқариш, об-ҳаво шароитлари, ҳосилдорлик даражаси, умуман олганда, таклиф билан боғлиқ омиллар таъсири билан изоҳланади.

Инфляциянинг барқарор компонентларидан ташкил топган ноозиқ-овқат ва хизматлар нархларида июнь ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 8,2 ва 8,1 фоизни ташкил этиб, умумий инфляцияни прогноз доирасида секинлашишига хизмат қилмоқда.

Мавсумий тебранувчан мева ва сабзавотлар ҳамда тартибга солинадиган товарлар нархлари (тарифлари) ўзгаришини истисно қилиш орқали ҳисобланадиган базавий инфляция даражаси июнь ойида умумий инфляция даражасидан пасайиб, 10,2 фоизни ташкил қилди.

Июнь ойида ўтказилган сўровларга кўра келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 16,3 фоизни ташкил этиб, март ойига нисбатан 0,8 фоиз бандга ўсди. Кутилмаларнинг келгуси динамикаси кўпроқ асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашуви ва алмашув курси динамикасига мувофиқ тарзда шаклланиб боради.

Пул-кредит шароитлари

Жорий йилнинг II чораги давомида иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажмининг юқори суръатларда ортиши таъсирида банк тизимида ликвидликнинг таркибий профицитининг ўсиб бориши ҳамда банклараро пул бозоридаги шароитларнинг сезиларли даражада юмшаши кузатилди ва июнь ойида ўртача тортилган фоиз ставкалар 11 фоизгача пасайди.

Умумий ликвидликнинг ортиши тижорат банкларининг пул бозоридаги фаоллигининг сезиларли пасайишига олиб келди. Хусусан, 2021 йилнинг II чорагида пул бозорида ўртача ойлик операциялар ҳажми I чоракдаги кўрсаткичга нисбатан 1,4 баробарга камайди.

Қисқа муддатли пул ресурслари бозорида фоиз ставкаларининг пасайишига қарамай, узоқ муддатли ресурслар бозорида вазият барқарорлигича сақланиб қолмоқда.

Хусусан, июнь ойида миллий валютадаги депозитлар фоиз ставкаларида май ойига нисбатан сезиларли ўзгариш кузатилмади.

Жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача тортилган ставкалар 19,5 фоиз, юридик шахсларники бўйича эса 15,8 фоиз даражасида шаклланди.

Миллий валютадаги депозитлар бўйча реал фоиз ставкаларнинг ижобий сақланиб қолаётганлиги ва алмашув курсининг жорий тенденциялари шароитида миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми ўсиш динамикаси июнь ойида ҳам давом этди. Хусусан, йил бошидан миллий валютадаги жами муддатли депозитлар 24,3 фоизга, жумладан, жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари 33,3 фоизга ўсди.

Кредитлар бўйича фоиз ставкаларида йил бошига нисбатан бироз ўсиш кузатилди. Бунда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 22,2 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахсларга ажратилган кредитлар бўйича — 20,8 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда, кредитлар бўйича реал фоиз ставкаларининг 9−10 фоизлик даражада шаклланаётганлиги ҳамда юқори иқтисодий ва инвестицион фаоллик шароитида асосий ставкани оширилиши иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини янада ўсишига олиб келиши мумкин.

Марказий банк Бошқарувининг аввалги йиғилишида таъкидланганидек, банк тизимидаги ликвидликни қисқа муддатли тартибга солиш бўйича операциялар ҳажмлари оширилишига қарамасдан, иқтисодиётга марказлашган манбалардан йўналтирилаётган маблағларнинг нотекис тақсимланиши натижасида пул бозоридаги фоиз ставкаларни Марказий банк фоиз коридоридан четлашиш ҳолатлари кузатилиши давом этмоқда. Бу, ўз навбатида, Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати инструментларига тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо қилмоқда.

Шу муносабат билан, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб:

  • асосий ставка фоиз коридори +/-2 фоиз банд этиб белгиланади, бунда Марказий банк томонидан қисқа муддатли ресурсларни тақдим этиш 16 фоизлик ставкада, қисқа муддатли ресурсларни жалб қилиш 12 фоизлик ставкада амалга оширилади;
  • тижорат банклари билан Марказий банкнинг овернайт депозит операциялари доимий равишда чекловларсиз ўтказиб борилади;
  • мажбурий резервлар бўйича ўртачалаш коэффициенти 0,75 дан 0,8 гача оширилади;
  • тижорат банклари томонидан хорижий валютада жалб қилинган депозитлар бўйича мажбурий резервлар нормативи 14 фоиздан 18 фоизгача оширилади.

Мажбурий резервлар нормативлари бўйича киритилган ўзгартиришлар, ўз навбатида, иқтисодиётда долларлашув даражасини пасайишига хизмат қилади.

Марказий банк пул бозоридаги вазиятни доимий кузатиб бориб, фоиз ставкаларни асосий ставкага яқин ва фоиз коридори доирасида шаклланиши бўйича барча зарурий чораларни кўриб боради.

Прогноз ва хатарлар

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида шаклланган ташқи ва ички иқтисодий шароитларни инобатга олиб 2021 йил охиригача макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари қайта кўриб чиқилди.

Бунда, жорий йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати прогнози 5,8−6,8 фоизгача оширилди (дастлабки прогноз 4,5−5,5 фоиз). Бу, ўз навбатида, фискал рағбатлантиришлар таъсирида иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг кутилганидан юқори суръатларда ўсаётганлиги, йил охиригача ишлаб чиқариш манфий тафовутининг қисқариши ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ўсиш суръатларининг тикланиши билан изоҳланади.

Инфляция бўйича 2021 йил учун прогноз кўрсаткичи 9−10 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Йил сўнгигача инфляция прогнозига пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий сақланиб қолиши, пул-кредит инструментлари тўпламига киритилаётган ўзгартиришлар, валюта бозорида кузатилаётган барқарор тенденциялар, тегишли вазирлик ва идоралар билан инфляциянинг номонетар омиллари таъсирини пасайтириш бўйича кўрилаётган чораларни жадаллаштириш орқали эришилади.

Молиявий рағбатлантиришлар таъсирида ялпи талабнинг тез суръатларда тикланиши фонида таклиф ҳажмларининг унга мутаносиб тарзда шаклланиши учун маълум вақт талаб қилиши нархларга босимни юзага келтириши мумкин.

Иқтисодиётда сезилган инфляция ва инфляцион кутилмалар даражасининг юқори қолаётганлиги ҳамда уларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришига таъсирчанлигининг юқорилиги инфляцион вазиятни янада кучайтириши мумкин.

Келгуси ойларда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши шароитида дори-дармонлар, тиббий хизматлар ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини кескин ошишини олдини олиш, карантин билан боғлиқ чекловларнинг умумий овқатланиш, транспорт ва етказиб бериш хизматлари соҳаларидаги нархларга таъсирини камайтириш бўйича чоралар кўриш муҳим аҳамият касб этади.

Гўшт маҳсулотлари ва қорамоллар импорти ҳажмининг ошиб боришига қарамай ички бозорларда гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиш динамикасининг сақланиб қолиши, ҳудудларда чорва учун зарурий озуқа базасини кўпайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш орқали ушбу маҳсулотларнинг барқарор таклифини шакллантириш бўйича тизимли ишларни амалга оширишни тақазо этади.

Шунингдек, иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағларнинг самаралари қайта тақсимланиши, уларнинг ички бозордаги нархларга таъсирини минималлаштиришга хизмат қилади.

Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни синчиковлик билан ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриб боради.

Аввалроқ, Марказий банк Бошқарувининг оралиқ йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилган эди.

 

 

 

Теги asosiy stavka Markaziy bank
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй