logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Афғонистон банк тизими — қўшниларда банклар қандай ишлайди

Афғонистон банк тизими — қўшниларда банклар қандай ишлайди

Афғонистон банк тизими — қўшниларда банклар қандай ишлайди

Afganistan

Фото: Getty Images

Охирги кунларда Афғонистон Ўзбекистон ва дунё оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди. Толибоннинг ҳар бир қадами, ҳар битта вилоят/туман/қишлоқ марказини жангсиз ёки жанг билан эгаллаши ОАВда кенг ёритилмоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг топ-10 ташқи савдо ҳамкорларидан бири. Шу сабабли бу мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар бизга, бизнинг иқтисодиётиизга таъсир этмасдан қолмайди. Шу сабабли бугун биз афғон иқтисодиётининг қон томирлари ҳисобланган банклар ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчимиз.

Афғонистонда банк тизими

Афғонистонда банк тизими икки поғонали қилиб ташкил этилган. Биринчи поғонада мамлакат марказий банки — Афғонистон ДА Банки (ДАБ) бўлса, иккинчи поғонада — тижорат банклари туради. 

ДА Банкнинг тарихи 80 йилдан ортиқ. 1939 йил Кобулда Афғонистон қиролининг 1317/5280 сонли қарорига асосан ташкил этилган. Банк ташкил этилганидан то 2001 йилгача ҳам марказий банк, ҳам тижорат банки сифатида фаолият юритган (бу даврда ДАБ билан тижорат банки сифатида рақобатлашган бошқа банклар ҳам бўлган). Айнан шу йилдан бошлаб, ДА Банк тижорий фаолиятини якунлади ва банк мамлакатда Марказий банкни тамсиллайдиган мустақил институтга айланди. 

Афғонистоннинг "ДАБ тоғрисида"ги Қонунига кўра, нархлар барқарорлиги банкнинг бош мақсади саналади. Шунингдек, монетар сиёсат ишлаб чиқиш, ижро этиш ва мослаштириш, хорижий валюта сиёсатини амалга ошириш, банкноталар ва тангалар зарб қилиш банкнинг мажбуриятларига киради.

Мамлакатдаги тижорат банклари

Иккинчи поғона, яъни бевосита аҳоли ва корхоналар билан ишлайдиган тижорат банклари сони, расмий манбаларга кўра, 12 дона. Улардан 7 таси хусусий, 3 таси ҳукуматга қарашли ва 2 таси хорижий банкларнинг шўба банки. Давлат банклари: Афғон миллий банки (Bank Millie Afghan), Паштоний банк (Pashtany Bank), Янги Кобул банки (New Kabul Bank); хусусий банклар: Азизий банк (Azizi Bank), Афғонистон халқаро банки (Afghanistan International Bank), Афғонистон ислом банки (Islamic Bank of Afghanistan), Маиванд банк (Maiwand Bank), Афғон Унайтед банк (Afghan United Bank), Биринчи микромолия банки (The First Micro Finance Bank), Ғазанфар банк (Ghazanfar Bank); хорижий банк шўбалари: Покистон миллий банки (National Bank of Pakistan), Альфалаҳ банки (Bank Alfalah ltd). Мамлакат бўйлаб 409 та банк филиаллари бор, улардан 138 таси ҳукумат банклари, 271 таси хусусийларга тегишли. 2014 йилги статистикага кўра, омонатчилар (депозиторлар) сони 3 134 754 киши, кредитчилар (қарздорлар) сони эса 54 217 киши. Ўша йилда омонатларнинг умумий миқдори $3,76 млрд.га, кредитларнинг умумий миқдори эса $742 млн.га тенг эди. Депозит ва кредит муносабати 20% га тенг. Аҳоли омонатини банкка ишонишига энг катта сабаблардан бири, маблағларнинг уйдагидан кўра хавфсизроқ туришидир. Кредитларнинг депозитларга нисбатан камлиги эса қисман аҳолининг анъанавий банк кредитини рибо сифатида билиб, ундан фойдаланмаслиги, аҳоли харид қобилятининг пастлиги билан изоҳланмоқда. Мамлакат қишлоқ жойларида, вилоятларда аҳоли ва маҳаллий тадбиркорларда банклар ва уларнинг маҳсулотлари ҳақида маълумот етарлича эмас. Одамлар ҳалигача пул айирбошлашда саррофлар хизматидан фойдаланади. Мамлакатда янги тижорат банклари очилиши муносабати билан сарроф тизимининг бозордаги улуши охирги ўн йилликда пасайиб борди. 

Афғонистон Банклар ассоциациясига кўра, камида 12 фоиз афғонлар банк хизматларидан фойдаланади. 8 фоиз аҳолида эса электрон банк хизматларидан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Ассоциация томонидан юритиладиган статистика мамлакатда 3,5 млн.дан ортиқ депозиторлар борлигини, улардан 300 минги 7 та турдаги дебит карталардан фойдаланишини кўрсатмоқда.

Ислом банклари 

Мамлакатда аҳолининг катта қисми исломга эътиқод қилгани учун мамлакат банклари томонидан ислом банкчилиги хизматлари ҳам кўрсатилади. Афғонистон Марказий банки томонидан ислом банки/дарчаси очиш учун банкнинг активлари классификацияси, банк ликвидлиги ва риск менежментига турли талаблар қўйилган. Мамлакатда банклар томонидан муробаҳа, музораба, ижара, мушорака, қарз ал-ҳассан, салам, истиста каби хизматлар кўрсатилади. Афғонистонда расмий рўйхатдан ўтган барча банкларда ислом дарчалари мавжуд ёки банк тўлиқ шарий тамойиллар асосида фаолият юритади.

Афғонистон банк тизими камчиликлари

Афғонистон Марказий банки - ДА Банк ўзининг суверен облигацияларини чиқармайди. Айрим мутахассисларда ушбу банк ўзининг асосий фаолияти нархлар барқарорлигини таъминлай олмаётгани борасида саволлар бор. Мамлакат иқтисодиёти юқори даражада долларлашган. Сўнгги ўн йилда афғони (Афғонистон пул бирлиги) долларга нисбатан ўз қийматини 80-90 фоизга йўқотди. Марказий банк бунга сабаб сифатида мамлакат иқтисодиётидаги беқарорликлар, мутассил давом этаётган урушларни келтирса, айримлар шундай шароитда ҳам нархлар барқарорлиги ДАБ томонидан таъминлашга нисбатан етарли шароитлар яратилмаганини таъкидлаб келади.

Афғон банклари келажаги

Ушбу мақола ёзилаётган пайтда Афғонистонда ҳокимят толибон томонига ўтиб бўлган эди. Толибон эса мамлакатда Ислом амирлиги қуришини эълон қилди. Давлат, агар тўлалигича ислом тамойиллари асосида бошқарилса, 2001 йилдан кейин озгина жонланган тижорат банклари фаолияти янада тўхтатилиши хавфи юзага келади. Чунки шарият қонун-қоидалари анъанавий банклар фаолият кўрсатишига қаршилик қилади. Мамлакатдан йирик ва ўрта бизнес вакилларининг чиқиб кетиши, капиталнинг четга оқиши, охир-оқибат банк тизими инқирозида ўзини кўрсатади. Агар толибон бошқаруви бир неча йиллар давом этса, толиблар олдида, мамлакат иқтисодиётини қайта қуриш, банк тизими фаолиятини жонлантириш масаласи кун тартибига чиқади.

Мирзаолим Дилшодов

Теги Afgoniston bank
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй