Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан банкнинг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, давлат банкларидан бирининг Сергели филиали қошидаги “Ўзгариш банк хизматлари маркази” назоратчи-кассири Ю.Н. ва бош мутахассиси М.Ш.лар жорий йилнинг 14-17 июль кунлари марказнинг валюта айрибошлаш шаҳобчасидан ўзларига ишониб топширилган 32 500 АҚШ долларини олишга эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шунингдек, Ю.Н. ўзлаштирган маблағларининг бир қисмини “Lacetti” русумли автотранспорт воситасини сотиб олиш ҳамда яшаш хонадонини таъмирлаш ишларига сарфлаб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирган.
Фото: Прокуратура департаменти
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.