logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/10 та энг йирик банк ўғриликлари

10 та энг йирик банк ўғриликлари

10 та энг йирик банк ўғриликлари

1831 йилнинг мартида АҚШда матбуотда кенг ёритилган биринчи йирик банк ўғрилиги содир бўлди. Икки босқинчи Уолл-стритдаги Нью-Йорк шаҳар банкига дубликат калитлар билан кириб, у ердан ўша пайтда катта сумма ҳисобланган $245 мингни олиб чиқиб кетишди. Тарихдаги 10 та энг йирик банк босқинчилиги bankers.uz нинг махсус материалида.

10. Нью-Йорк шаҳар банки

64-1

Сана: 1831 йил 19 март
Жой: Нью-Йорк, АҚШ
Сумма: $245 минг
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $7,5 млн.

1831 йил 20 мартга ўтар кечаси Жеймс Ҳонимен ва Уильям Мюррей Уолл-стритдаги Нью-Йорк шаҳар банкига кириб келади. Улар мум плёнкалари ёрдамида тайёрланган дубликат калитлардан фойдаланганлар. Ўғрилар тунда 245 минг доллар миқдоридаги хазинани бўшатиб, эрталаб шаҳар қоровули ўзгаришини кутиб, эшикларни ёпиб банкдан чиқиб кетишади.

21 март куни New York Journal of Commerce нашри "Катта банк ўғрилиги" сарлавҳаси остида ушбу воқеа ҳақида ҳикояни эълон қилди. Кейинроқ, банк мулкини қайтариш учун "$5000 лик мукофот" тўғрисида эълон берилди. Кейин мукофот $10 мингга кўтарилди. Ўғрилар бир неча кундан кейин дарҳол илгари дўконларни тунашда айбланган Ҳонимендан шубҳаланган констебл Жейкоб Ҳейс томонидан қўлга олинди.

Жиноятчилар 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Туналган пулларнинг бир қисмини қайтаришнинг имкони бўлмади.

9. United California Bank

64-2

Сана: 1972 йил 24 март
Жой: Лагуна-Нигел, АҚШ
Сумма: $9 млн 
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $55 млн

Ўғрилик машҳур қулфбузар Амил Динсио томонидан ташкиллаштирилди. Ишга у ўзи билан акасини, иккита жиянини, қайноғасини ва яна иккита дўстини жалб қилади.

Тунда улар динамит ёрдамида United California Bank'нинг депозит сақлов хонаси томига тирқиш очишади. Сигнализацияни ўчириб қўйган ўғрилар 458 та банк қутичаларини бузиб, ҳеч қандай тўсиқсиз жиноят содир этилган жойни тарк этишди.

Ўғрилик бўйича шунақа версия борки, ўғрилар президент Ричард Никсон томонидан сайлов олди компания учун йиғилган пулларни ўғрилашмоқчи бўлишган, бироқ банкни алмаштириб қўйишган. Бир неча ойдан сўнг тўда Огайо штатида худди шундай ўғриликни содир этишди. Бу ФҚБга барча ўғриларни қидириб топишга ва кейинчалик уларни ҳибсга олишга, шунингдек, ўғриланган пулларнинг катта қисмини қайтариб олишга имкон берди.

8. Northern Bank

64-3

Сана: 2004 йил 19 декабрь
Жой: Белфаст, Шимолий Ирландия 
Сумма: £26,5 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $60,6 млн

2004 йил 19 декабрь оқшомида бир гуруҳ жиноятчилар полиция қиёфасида Northern банкининг икки менежери Крис Уорд ва Кевин Макмалланнинг уйларига кириб, уларнинг оила аъзоларини гаровга олишади. Эртаси куни ўғрилар оиласи билан қўрқитиб, йигитларни банкка ишга боришга мажбурлашади.

Муассаса иш куни якунлангач, Уорд ва Макмаллан ер ости омборларини очишади. Жиноятчилар ўлжани олиб чиқиш учун фургонда икки марта қатнашади.

Расмийлар Ирландия республика армиясининг (ИРА) талончиликка алоқадорлигини айтди. ИРА раҳбарияти жавобгарликни ўз зиммасига олмади ва айбловларни "тинчлик жараёнини бузишга қаратилган янги уриниш" деб атади. Ушбу жиноят шу пайтга қадар очилмай қолмоқда.

7. Яқин Шарқдаги Британия банки

64-4

Сана: 1976 йил 20 январь 
Жой: Байрут, Ливан
Сумма: $20–50 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $90-224 млн

Ўғрилик Ливандаги фуқаролик уруши пайтида содир бўлди. Қуролланган бир гуруҳ номаълум шахслар ҳозирда ёпилган Яқин Шарқдаги Британия банкига бостириб кирди.

Сейфга кириш учун жиноятчилар бино деворини портлатишган. Ҳар хил ҳисоб-китобларга кўра кўрилган зарар 20 миллиондан 50 миллион долларгача нақд пул, олтин буюмлар, заргарлик маҳсулотлари ва қимматли қоғозлар кўринишида бўлган. Банкдан чиқиб, ўғрилар бинони ёқиб юборишган, чунки у изларини ёпиши керак эди.

Ҳужумни ким амалга оширганлиги ҳақида ҳали ҳам маълум эмас. Бир версияга кўра, улар Фаластинни озод қилиш ташкилотининг аъзолари эди.

6. Бразилия Марказий банки

64-5

Сана: 2005 йил 6 август
Жой: Форталеза, Бразилия
Сумма: 164 млн бразил реали
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $93,6 млн

Ўғриликдан уч ой аввал жиноятчилар шаҳар марказидаги тижорий мулкни ижарага олиб, Бразилия Марказий банки биноси томон шаҳарнинг иккита мавзеси остидан 78 метр узунликдаги туннель қазишади. Туннель ёғоч таянчлар, ёритиш ва шамоллатиш тизими билан жиҳозланади.

2005 йил 6 август куни кечқурун ўғрилар банкнинг темир-бетон деворини бузиб кириб, пуллар сақланадиган хонага киришади. Улар у ердан 3,5 тонна қоғоз купюраларни — 164 млн бразил реалини олиб чиқишади.

Ўғриликда айбланган 25 кишидан фақатгина саккиз нафари ҳибсга олинади. 164 млн реалдан эса атиги 20 млн.и қайтарилади.

5. Securitas омбори

64-6

Сана: 2006 йил 21-22 февраль
Жой: Тонбриж, Буюк Британия
Сумма: £53 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $113 млн

21 февраль оқшомида полиция формасидаги жиноятчилар Securitas банк омборининг менежери Колин Диксон ва унинг оиласини ўғрилаб кетишади. Оилани обморга олиб боришади ва фургон учун эшикларни очишга мажбурлашади. Бир соат ичида ўғрилар фургонга Англия банкига тегишли 53 миллон фунт-стерлингни юклашади ва қочиб кетишади.

Тергов учун Британия стандартлари бўйича мисли кўрилмаган сумма £5 млн ажратилади. Ўғрилик айблови 13 кишига чиқарилиб, улардан етти нафари судланган. Талончиликнинг асосий ташкилотчиси собиқ ММА спортчиси Ли Мюррей 2010 йилда 10 йилга озодликдан маҳрум этилади. Қочишга уринишдан сўнг, қамоқ муддати 25 йилга узайтирилади. 53 миллион фунт-стерлингдан полиция £21 млнини қайтаришга муваффақ бўлди.

4. Brinks Mat омбори

64-7

Сана: 1983 йил 26 ноябрь
Жой: Лондон, Буюк Британия
Сумма: £26 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $123 млн.

1983 йил 26 ноябрь куни тонгги 06:40 да олтита қуролланган босқинчи ниқоблар ва хавфсизлик хизмати ходимлари формасида Johnson Matthey банкининг олтин қуймалари сақланаётган Brinks Mat омборига бостириб киради. Қўриқчиларни қуролсизлантириб, уларни бензин билан заҳарлагандан кейин, улар омборни очишади. Кецинчалик маълум бўлишича, қўриқчилардан бири уларнинг шериги бўлган.

Ўғриларнинг ўлжаси £26 млн қийматга эга 6800 та олтин қуймалар ва £100 минглик олмослар бўлди. Матбуот ўғриликни "аср жинояти" деб номлади. Ўғрилар тўғрисидаги маълумот учун £2 млн мукофот пули эълон қилинди.

1984 йили ўғрилик ташкилотчилари Брайан Робинсон ва Микки Макэвой ҳибсга олинди ва ҳар бири 25 йилдан озодликлан маҳрум қилинди. 1986 йили қуймаларни эритишда ва пул ювишда айбланган Кеннет Ной 11 йилга қамалади. Қарийб 20 йил давом этган кенг миқёсли полиция суриштирувига қарамасдан олтинларнинг катта қисми қайтарилмайди.

3. Найтсбриж депозит маркази

64-8

Сана: 1987 йил 12 июль
Жой: Лондон, Буюк Британия
Cумма: £60 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $221 млн

Талончилик бир йил олдин Лондонга кўчиб келган итальян ўғриси Валерио Виччеи томонидан уюштирилган. Ватанида у 50 та жиноят учун қидирувда бўлган. Депозит марказининг бошқарувчи директорини жалб қилган Виччеи шериги билан Найтсбриж банкига мижоз қиёфасида келади ва сейф ижарага олмоқчилигини билдиради.

Омборга сездирмасдан қурол олиб кирган ўғрилар қўриқчиларни зарарсизлантиришади ва банк эшигига «ёпиқ» деган тахтачани осиб қўйишади. Сейфларни бузиб, £60 млнни олиб кетишади. Воқеа жойига полиция бир соатдан кейин етиб келади.

Кейинчалик суд-тиббий экспертиза у ерда Виччеининг бармоқ изини топишади. Полиция уни кузатувга олади ва тез орада талончиликда иштирок этгани учун ҳибсга олади. Виччеи 22 йилга қамалади. У 2000 йилда озод қилингандан кейин отишмада ўлдирилади.

2. «Дор ус-салом» банки

64-9

Сана: 2007 йил 11 июль
Жой: Бағдод, Ироқ
Сумма: $282 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $348 млн

2007 йил 11 июль куни Ироқдаги «Дор-ус-Салом» хусусий банкида чорак миллиард доллардан ортиқ нақд пул маблағи ғойиб бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабарига кўра, ўғрилик икки ёки уч нафар банк қўриқчилари томонидан амалга оширилган.

Расмийлар ўғрилар полиция ва куч ишлатар тузилмалар билан ҳамкорликда бўлган деган гумонда бўлишди. Ўшанда The New York Times нашри "банкда нега шунча доллар борлиги ва ўғрилар қандай қилиб қўлга тушмасдан туриб шунча пулни ўмариб кетишгани тушунарсиз" эканлиги ҳақида ёзган эди.

Айбдорлар шу вақтгача топилмаган.

1.Ироқ Марказий банки

64-10

Сана: 2003 йил 18 март
Жой: Бағдод, Ироқ
Сумма: $920 млн
Жорий курс бўйича қайта ҳисобланганда: $1,25 млрд

2003 йил 6 май куни The New York Times нашри Ироқдаги уруш бошланишидан олдин мамлакат Марказий банкидан 1 миллиард доллар нақд пул ўғрилангани ҳақида хабар тарқатди. Кейинроқ ушбу хабар АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Ричард Баучер томонидан тасдиқланди.

Матбуот хабарига кўра, қувиб чиқарилган президент Саддам Ҳусайннинг ўғли Қусай Ҳусайн 18 март тонгги 4 да ўзига таҳминан $900 млн ва €100 млн бериш талаби билан банкка келган. Катта сумма (мамлакат валюта заҳирасининг қарийб чорак қисми) икки соат ичида 3 та юк машинасига юкланади ва номаълум томонга олиб кетилади.

Жаҳон матбуоти ушбу ҳодисани "тарихдаги энг йирик банк ўғрилиги" деб атади. Кейинчалик Саддам Ҳусайннинг саройларидан бирида катта миқдордаги маблағ, жумладан $650 млн нақд пул топилган. Аммо бу Марказий банкдан олинган эканлиги аниқланмаган.

logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй