logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация жараёнлари учинчи босқичга ўтди

Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация жараёнлари учинчи босқичга ўтди

Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация жараёнлари учинчи босқичга ўтди

30 март куни Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк тизимида трансформация жараёнлари: натижалар ва яқин истиқболдаги режалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманини Банк Бошқарув раиси ўринбосари Зафар Азимов олиб борди. Анжуман УзРепорт ТВ орқали тўғридан тўғри намойиш этилди.

Хусусан, З.Азимов банкдаги трансформация жараёнлари ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни маълум қилди: “Банкимиз томонидан Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки маслаҳатчилари кўмагида олиб борилаётган трансформация жараёнида, аввало ушбу вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Жумладан, жаҳон банк ҳамжамияти стандартларига мос корпоратив бошқарув ташкил этилди, риск менежмент тизими такомиллаштирилди. Бунинг учун Бош банкда Корпоратив бошқарув хизмати ҳамда корпоратив маслаҳатчи лавозими жорий қилинди. Кенгаш таркибига 4 нафар халқаро тажрибага эга мустақил аъзо қўшилди. Кенгаш ҳузурида 5 та янги қўмита (Стратегия, Тайинлаш ва рағбатлантириш, Йирик ва манфаатли битимлар, Таваккалчиликларни назорат қилиш, Аудит қўмиталари) ташкил қилинди. Мижозларга йўналтирилган Банкнинг янги ташкилий тузилмаси жорий қилинди. Халқаро тажриба асосида ташкилий тузилмалар 5 та, жумладан, Корпоратив, кичик ва ўрта бизнес, чакана бизнес, Кредит, Операцион, Риск, Молия блокларига ажратилди”.

Шунингдек, Банкда биринчи марта Лойиҳа бошқаруви фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир бизнес йўналишларида мижозбай хизмат кўрсатувчи универсал ходимлар тайёрланди.</p><p>Молиявий режалаштириш ишларини автоматлаштириш йўналишида Германиянинг SAP компанияси дастури асосида молиявий прогнозлаштириш тизими ишга туширилди.</p><p>Чакана банк бизнесида банк хизматлари офислари 42 тага, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш марказлари (24/7) 89 тага етказилди. Шунингдек, Ўзсаноатқурилишбанк “Joyda” мобил иловаси билан банк мобил иловалари бозорига кириб келди ва ўз ўрнини топмоқда. “Joyda” кенг аҳоли учун янги 58 та хизмат турини ўз ичига олган.

Мижозларни тезкор кредитлаш мақсадида тадбиркорлар учун 26 турдаги, йирик корхоналарга 8 турдаги ва аҳоли учун 22 турдаги модулли кредитлар жорий қилинди.

Тадбиркорлар ва аҳолини кредитлашда инсон омили иштирок этмайдиган янги скоринг тизимига асосланган Андеррайтинг йўлга қўйилди. Бу билан аввалги 5 поғонали кредитлаш тизими 2 поғоналига туширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда биринчи бўлиб яшил лойиҳаларни молиялаштириш механизми ишга туширилди.

Шунингдек, Банк томонидан ходимлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина 2020 йилда 3532 нафар ходим қисқа муддатли онлайн курсларда ўқитилди. Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг онлайн платформасида 1816 нафар, банкнинг ўзида ташкил этилган “E-learning” тизимида 1339 нафар, видеовебинарларда эса 421 нафар ходим малакаси оширилди. Банкнинг Ўқув маркази томонидан 110 та мавзуда ўқув курслари ташкил этилди.

Банк Ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Бозоровнинг сўзларига кўра, ҳозирда Банк фаолиятини трансформация қилишнинг 3-босқичи бўйича жараёнлар бошланди. Бунда банк филиаллари сотув каналларига айлантирилади, Бэк-офис функциялари марказлаштирилади, CRM тизими билан “ягона ойна” тамойили бўйича бутун республикага хизмат кўрсатиш имконини берадиган тизим ишга туширилади.

Теги uzpsb
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй