logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Микрокредитбанк 2021 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2,5 трлн. сўм кредит ажратади

Микрокредитбанк 2021 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2,5 трлн. сўм кредит ажратади

Микрокредитбанк 2021 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2,5 трлн. сўм кредит ажратади

Жорий йилнинг 21 апрель куни Миллий матбуот марказида «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги режалар” мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди. Ушбу тадбирни «Микрокредитбанк» АТБ Бошқарув Раиси ўринбосари Камолиддин Атаев очиб, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури доирасида банк томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 2021 йилда «Микрокредитбанк» АТБ оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун жами 2,5 трлн. сўм (ўтган йилда 1,4 трлн. сўм), шу жумладан ёшлар бандлигини таъминлашга 1,4 трлн. сўм кредит ажратади.

82-1

Банк томонидан ҳудудлар кесимида ойма-ой ишлаб чиқилган режа-графикка асосан ўтган даврда оилавий тадбиркорлик учун 745,6 млрд. сўмлик кредитлар эвазига 30 мингга яқин аҳолини бандлиги таъминланди. Бу ўтган йил шу даврига нисбатан 613,5 млрд. сўм ёки 6 баробарга кўп. 

Ёшлар тадбиркорлиги учун январь-апрель ойлари кесимида режадаги 386,4 млрд. сўм ўрнига 480,2 млрд. сўм (124%) имтиёзли кредитлар ажратилиб, 18 448 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Ушбу имтиёзли кредитнинг 174 млрд. сўми “Ёшлар дафтари”га киритилган 6 860 нафар ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан март ойида ажратилган 150 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан эса 3 ҳафта муддат ичида махсус сертификатга эга 6 170 нафар ёшларга 183,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада жами 17 134 нафар ишсиз ёшларнинг 638 нафари – ишлаб чиқариш, 1 822 нафари – хизмат кўрсатиш, 4 593 нафари – тикувчилик, 2 672 нафари – чорвачилик, 2 935 нафари – иссиқхона, 4 474 нафари бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини йўлга қўйиш ва доимий даромад манбасини яратиш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 29 та лойиҳага 12,9 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, 135 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

82-2

Микрокредитлаш механизми самарадорлигини ошириш мақсадида, банк томонидан аниқ ҳисоб-китобларга асосланган 60 та йўналиш бўйича тайёр бизнес-режа лойиҳалари ишлаб чиқилиб, китоб шаклига келтирилган ҳолда жойларга етказиб берилди. Марказий банк билан ҳамкорликда мижозларнинг давлат дастурлари доирасида шаффоф ва адолатли кредит олиши, таъминотчилар ўз маҳсулотларини сотиши мумкин бўлган Ягона электрон платформа ишга туширилди. Ушбу платформада ёшлар тадбиркорлигига ажратилаётган имтиёзли кредитлар учун онлайн ариза юбориш, фойдали маълумотлар олиш, таъминотчи топиш ва бизнес режа танлаш каби имкониятлар яратилди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ягона платформа интеграциясини амалга ошириш орқали ёшларга ўз бизнесини йўлга қўйишда “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш икки ой муддат ичида йўлга қўйилади.

Банк матбуот хизмати

logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй