logo-1
Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ипотека банкни сотиб олган OTP-Bank ҳақида нималар маълум?

Ипотека банкни сотиб олган OTP-Bank ҳақида нималар маълум?

Ипотека банкни сотиб олган OTP-Bank ҳақида нималар маълум?

otp2

Фото: hungarytoday.hu

29 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий форум доирасида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров йил охирига қадар "Ипотека банк" АТИБнинг 75 фоиз улуши Венгриянинг OTP-Bank'ига сотилишини маълум қилди. Шу куннинг ўзида (кун якунида) Молия вазири Тимур Ишметов ҳамда OTP Bank Бошқарув Раиси ўринбосари Лазло Вольф иштирокида “Ипотека банк” ва “OTP Bank” (Венгрия) ўртасида хусусийлаштириш юзасидан меморандум имзоланди.

photo_2021-09-29_18-50-05

OTP гуруҳининг Ўзбекистон банк бозорига кириб келиши тўғрисидаги гаплар шу йилнинг баҳорида бошланган эди. 30 март куни президент Шавкат Мирзиёев OTP-Bank'нинг Ўзбекистон банкларидан бирининг хусусийлаштириш жараёнида иштирок этиши ҳақида гапирган эди. Bankers.uz "Ипотека банк"нинг бўлажак эгаси OTP-Bank тўғрисида маълумотларни тўплади ва ўзбек ўқувчилари эътиборига "можорларнинг Халқ банки" ҳақидаги мақолани ҳавола этади.

OTP-Bank тарихи

Венгриянинг OTP-Bank'и 1949 йилда давлат жамғарма ва тижорат банки сифатида ташкил топди. OTP ҳарфлари банкнинг ташкил этиш бош ғоясини англатувчи "Országos Takarék Pénztár" (Миллий жамғарма банки) сўзларининг бош ҳарфидан олинган. Банк 1987 йилгача социалистик тузумдаги Венгриянинг ягона чакана банк хизматлари кўрсатувчи тижорат банки эди. 1989 йилдан бери банк тижорий кредитлар бериш, банклар ва экспорт-импорт транзакцияларига хизмат кўрсатиш каби кўп функциялари банк хизматлари билан ўзининг жисмоний ва юридик мижозларига хизмат кўрсатиб келади. 

OTP-Bank-Logo-history

OTP-Bank логотипларининг ўзгариш тарихи.
Фото: 1000logos.net

Банкнинг иккинчи тарихи 1995 йилдан — хусусийлаштирилиш жараёнидан бошланади. Ўшанда банк капиталидаги давлат улуши битта имтиёзли олтин акция даражасига тушди, бу улуш ҳам кўп ўтмай йўқолди. Ҳозирги вақтда банк акцияларининг аксарияти хусусий ва институционал сармоядорларга тегишли бўлиб, банк юқори даражадаги эркин сузиб юрувчи акциядорлар тузилмасига эга. Акцияларнинг эркин сузиб юриш даражаси 68,61 фоизни ташкил қилади

Банкнинг қолган акциялари Forbes рўйхатидаги миллиардер Мегдет Раҳимкулов (8,88%), Венгриянинг Mol гуруҳи (8,57%), Франциянинг Groupama (8,30%) ҳамда Американинг Lazart (5,64%) ширкатларига тегишли. Банкнинг бир дона акцияси биржада 22,20 евродан сотилмоқда. 

Ҳозирги кунда OTP гуруҳида 38 мингдан зиёд ходим банкнинг барча бозорлардаги каналлари орқали 1,3 миллион мижозга хизмат кўрсатади. OTP-Bank венгер бозоридаги 25% улуши билан мамлакатнинг энг йирик банки ҳисобланади.

OTP-Bank'нинг хусусийлаштириш жараёни 

1990 йилларда Миллий жамғарма банки 23 млрд. венгер форинти устав капиталига эга давлат компаниясига айланди. Унинг номи Миллий жамғарма ва тижорат банкига ўзгартирилди. Банкнинг нобанк фаолиятлари ажратилди. Давлат лотореяси алоҳида давлат ташкилоти сифатида қайта ташкиллаштирилди ва OTP Кўчмас мулк банкнинг филиали (ҳозирги OTP Ипотека банк) сифатида ташкиллаштирилди. 1995 йилда банк акциялари Будапешт биржасида 3 марта сотувга чиқарилди. Ушбу чиқишлардан кейин давлатнинг банк капиталидаги улуши 1 та имтиёзли (овоз бериш ҳуқуқни берувчи) олтин акция даражасига туширилди.

download (1)

OTP-Bank'нинг Будапешт шаҳридаги бош офиси биноси.
Фото: REUTERS/LASZLO BALOGH 

2008 йилда банк тарихида муҳим воқеа юз берди. Банк ўз шўба корхоналаридан бирини хорижий сармоядорга сотишга муваффақ бўлди. Франциянинг Groupama S.A. ширкати ўзининг суғурта бизнеси линиясини бирлаштирди ва трансакциянинг бир қисми сифатида стратегик нуқталарда ҳамкорлик қилишга ва молиявий ва суғурта маҳсулотларини ўзаро бирлаштиришга қарор қилди. Groupama банк акцияларининг 8 фоизига эга бўлди.

OTP-Bank фаолият кўрсатадиган бозорлар

Банк муваффақиятли хусусийлаштирилгандан кейин ўз хизматлари бозорини Марказий ва Шарқий Европа бўйлаб кенгайтиришни бошлади. Ҳозирда OTP гуруҳи ушбу минтақанинг 11 та мамлакатида мижозларга хизмат кўрсатади. Булар Венгрия, Болгария, Сербия, Руминия, Хорватия, Украина, Черногория, Албания, Словения, Россия ҳамда Молдова. Банк 2019 йил Молдованинг MobiasBanca банкини харид қилиб, хизмат кўрсатиш бозорини 11 тага етказди. 

img-f0pANp

OTP-Bank асосан Марказий ва шарқий Европа бозорида фаолият юритади

Банкнинг Черногория (Crnogorska Komercijalna Banka AD), Словения (SKB banka d.d. Ljubljana), Молдова (Mobiasbanca – OTP Group S.A.), Болгария (DSK Bank Group) даги шўба банклари бошқа номлар билан юритилса, қолган 7 та бозорда гуруҳ OTP бренди остида ўз хизматларини таклиф қилади. Ўзбекистондаги фаолияти давомида ҳам Ипотека-банкнинг номи ўзгарадими йўқми ҳали маълум эмас.

OTP гуруҳининг Хорватия, Словения, Молдовадаги шўбалари ўз бозорининг тўртинчи; Албаниядаги шўбаси ўз бозорининг бешинчи энг йирик банклари саналади. Шунингдек, Черногория, Болгария, Сербиядаги энг йирик банклар ҳам OTP гуруҳи таркибига киради. Банк минтақавий фаолиятини кенгайтириш мақсадида 2006 йил Украинадаги Raiffeisenbank Украина, Россиянинг 80% қисмида фаолият юритган Инвестсбербанк гуруҳини сотиб олади.

OTP-Bank ўз бозорини кенгайтираркан, бунда ўша бозорда фаолият юритаётган банкларни сотиб олиш, ўзининг шўба банкини ташкил этиш, мавжуд банклар билан бирлашиш каби усуллардан фойдаланади. Ўзбекистон бозорига OTP гуруҳи маҳаллий бозордаги йирик активга эга банклардан бирини сотиб олиш йўли билан кирмоқда. Банкнинг мамлакатиздаги келгуси фаолияти ҳали аниқ эмас. Бу борада фикрлар, стратегиялар маълум қилинмади. Бозор капитализацияси 12,1 млрд. АҚШ доллари бўлган, собиқ социалистик тузумда муваффақиятли хусусийлаштирилган банклардан бирининг Ўзбекистон бозорига кириши албатта хайрли бўлади, деган умиддамиз!

Мирзаолим Дилшодов

Теги OTP-Bank Ipoteka bank xususiylashtirish
logo-1
        Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй