Асосий/Сўнгги янгиликлар/"Маҳалла фаоллари нима деяпти?" - банкоматдан нақд пул ечишдаги комиссия ҳақида ижтимоий тармоқдан айрим "фикрлар"

"Маҳалла фаоллари нима деяпти?" - банкоматдан нақд пул ечишдаги комиссия ҳақида ижтимоий тармоқдан айрим "фикрлар"

"Маҳалла фаоллари нима деяпти?" - банкоматдан нақд пул ечишдаги комиссия ҳақида ижтимоий тармоқдан айрим "фикрлар"

Бугун ижтимоий тармоқларда тижорат банкларидан бири айрим банкоматларида тажриба тариқасида 1 миллион сўмдан кўп маблағ нақдлаштиришда 3 фоиз комиссия ундириш амалиётини қўллаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур хабарлар ортидан ижтимоий тармоқлар, хусусан "Telegram" ва "Twitter" тармоғининг фаол фойдаланувчилари бу борада ўз фикрларини билдира бошлашди. Айрим ижтимоий тармоқ фаоллари мазкур тажрибани "қўллаб-қуввалаган" бўлсалар, айримлари буни "халқни талаш" деб аташгача боришди. Қуйида ушбу муносабатлар билан ўртоқлашамиз.

Банкомат

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, одатда "барыгалар" (тижорий мақсадларда нақд пулдан фойдаланувчилар) катта миқдордаги нақдликни ечиб кетишади, пенсионер/бюджетникларга нақд пул қолмайди. Яъни нақд пулга нисбатан истеъмол хариди учун талабгорларнинг талаби қондирилмай қолади.

О.Бакиров банкоматга жойлаштирилган ҳажми бўйича 75-90 фоиз нақдликнинг ечилиши сони бўйича 15-20 фоиз транзакция ҳиссасига тўғри келишини (ҳудудлар ва локацияга қараб), табиийки, бозор ва бизнес қоидаларига кўра, талаб ва таклифни мувозаналаш учун катта миқдорда нақдлик ечиш учун юқорироқ комиссиялар ўрнатилиши истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун манфаатли қадам бўлишини таъкидлаган. 

"Жараённинг бундай йўлга қўйилиши нақд пулнинг транзакцион таннархи/харажатлари ва нақдликка талаб  анча баланд бўлган узоқ ва чекка туманларда айниқса муҳим", - деган Отабек Бакиров.

Кейинги постида Отабек Бакиров Ўзбекистонда бундай "тажрибалар" ҳамиша "қоралангани" борасида ёзиб, "балки биттагина банкоматда тажриба ўтказган банкни топиб жазолашади, ахир ҳар қандай ўзгача ҳаракат - бу деярли жиноят, ҳамма қатор сафда туриш керак ёки сафда юриш керак. Бозор бу фақат китобларда, бизнинг йўлимиз бошқа." - дея бироз пессимистик муносабат ҳам билдирган.

Тадбиркор Фируз Аллаев "мазкур тажрибани" қораламаган бўлса-да, лекин, бу билан нақд пул муаммоси ечилиб қолмаслигини таъкидлаган.

"Муаммони ечиш учун қуйидаги саволларни бериш керак: Биринчи: нима учун нақд пулга нисбатан талаб ошиб кетди? Иккинчи: Агар талаб ошмаган бўлса, нима учун банкларда нақд пул етишмаяпти? Мана шу икки савол атрофида чуқур ва холис изланиш ва муаммонинг илдизини ёки илдизларини топиш керак. Бошқачасига косметик ремонт билан муаммони вақтинчалик яширишга эришамиз, холос." - деган Фируз Аллаев.
Telegram тармоғида яна бир фаол - davletovuz канали муаллифи Қобил Хидировнинг ёзишича, "бу очиқдан-очиқ халқни талашга интилиш, нотўғри амалиётни яна нотўғри амалиёт билан ҳаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас".

"Гўёки Ўзбекистон банклари бозор муносабатларига ўтган-у, ҳозир маъмурий чекловлардан қийналиб қолишяпти. Муаммони бошқа муаммо билан, халққа оғирроқ қилиш билан ечим изламанг. Кимга имкон берилса, биринчи бўлиб халққа ўлпон солишни ўйлайди. Икки рақамли инфляция, яна ўз пулингни туя қилишлари талончиликдир." - деган Қобил Хидиров.

Блогер Нурбек Алимовнинг фикрича, "бу сабаб қолиб, оқибат билан курашиш дейилади".

"Балки, банкоматлар кўпайтирилар, нақд пул етишмовчилигининг олдини олармиз? Йўқ, халқнинг устига ‘груз’ қўямиз", — деб ёзган Нурбек Алимов.

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов ҳам мазкур вазиятни "сабаб эмас, оқибат билан курашиш" деб атаб, машҳур  - "ҳаммаси ўша-ўша, фақат қоғозбозлик кўпайиб кетди" латифасини эслаган.

Шунингдек, вазиятга муносабатлар Ўзбекистонда расман "блокланган" тармоқ - "Twitter"да ҳам авж олди. Kommers.uz нашри уларнинг айримларилан скрин келтирган. Қуйида ушбу "муносабатлар"ни кўришингиз мумкин.

Шунингдек, ижтимоий тармоқда Eshonbova тахаллуси билан ёзадиган журналист Шуҳрат Шокиржонов банкоматлардаги ушбу экспериментни дастлаб ёқлаб чиққан.

Худди шу фойдаланувчи бироз вақт ўтиб, "катта фоиз ечим эмас экани" ҳақида ёзган.

Davletovuz эса референдум муносабати билан пластик карталардан пул нақдлаштирилганда комиссия тўлови бекор қилинишини таклиф этган.

Отабек Бакировнинг Davletovuz’га жавобан ёзишича, комиссия тўлови бекор қилинса, "пайнетчи ва обналчилар қўй сўйишни бошлаб юборади".

Ҳозирча, Марказий банк ва тегишли ташкилотлар эксперимент бўйича расмий изоҳ бергани йўқ.

Теги Bankomat Naqd pul