Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2013 йилдан бери илк марта камайди

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2013 йилдан бери илк марта камайди

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2013 йилдан бери илк марта камайди

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2022 йил бошига нисбатан 1,8 фоизга ёки 721,5 млн. долларга қисқариб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 38,8 млрд. долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида маълум қилинди.

photo_2022-06-24_15-40-27

Умумий ташқи қарз давлат томонидан кафолатланган қарз (давлат ташқи қарзи) ҳамда давлат томонидан кафолатланмаган (хусусий ташқи қарз) қарзлардан иборат. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, хусусий секторнинг асосини ҳам давлат улуши мавжуд компаниялар ва банклар ташкил қилади.  Маълумот учун, Ўзбекистон банк секторининг 80 фоиз улушига давлат эгалик қилади.

Мамлакат ташқи қарзи 2013 йилдан бери ўсувчи тенденцияни кўрсатиб келаётган эди. Марказий банк бу ҳолатни 2022 йилнинг I чорагида жаҳонда геосиёсий вазият таъсирида давлат ва хусусий сектор томонидан янги қарз жалб қилиш секинлашиши ва асосий қарз бўйича тўловларнинг амалга оширилиши билан изоҳлади.

Хусусан, 2022 йилнинг I чорагида давлат ташқи қарзи соф камайиши, курслар ва нархлар ўзгаришини инобатга олганда 1,5 фоизга ёки 345,4 млн. долларга қисқариб, ҳисобот даври охирига 23,4 млрд долларга тенг бўлди. Бунда, номолиявий корхоналар давлат кафолати остида жалб қилган қарзларининг сўндирилиши ҳамда ҳисобот даврининг охирида давлат қимматли қоғозларининг бозор нарҳи пасайиши ҳисобига юз берган.

photo_2022-06-24_16-13-43

2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига хусусий ташқи қарз 15,5 млрд. доллар бўлиб, 2022 йилнинг бошига нисбатан 2 фоизга ёки 376,0 млн. долларга қисқариш кузатилди, ушбу камайиш асосан банклар, энергетика сектори (нефт ва газ) ҳамда тоғ кон ва металургия саноати томонидан асосий қарзлар бўйича мажбуриятларни сўндирилиши ҳамда молия бозоридаги қимматли қоғозлар нарҳларининг пасайиши ҳисобига рўй берди.

photo_2022-06-24_16-22-33.jpg

2022 йилнинг I чорагида хусусий сектор томонидан 1,2 млрд. доллар миқдоридаги қарздорлик жалб қилинди. Ушбу қарзларнинг 389 млн. доллари банклар ҳиссасига, 217 млн. доллари тоғ-кон ва металургия саноатига, 171 млн. доллари нефтгаз ва энергетика секторидаги корхоналарга ва 455 млн. доллари иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан жалб қилинган.

Банклар томонидан жалб қилинган қарзлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 518 млн. долларга камайган бўлса, тоғ-кон ва металургия саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан жалб қилинган қарзлар мос равишда 179 млн. ва 262 млн. долларга ошди. Давлат томонидан эса 281 млн. доллар миқдорида қарздорлик жалб қилиниб бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 68 млн. долларга кам бўлди.

Ҳисобот даври мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 252 млн. доллар миқдордаги асосий қарз ва 127 млн. доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.

Теги Markaziy bank tashqi qarz