Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистон ипотека кредитларининг қулайлиги рейтингида охирги ўринлардан бирини эгаллади

Ўзбекистон ипотека кредитларининг қулайлиги рейтингида охирги ўринлардан бирини эгаллади

Ўзбекистон ипотека кредитларининг қулайлиги рейтингида охирги ўринлардан бирини эгаллади

Ўзбекистон ипотека кредитларининг қулайлиги рейтингида 111 давлат орасида 104-ўринни эгаллади. Бу ҳақда дастлаб иқтисодчи Отабек Бакиров "Numbeo" таҳлилий сайти маълумотларига таяниб, ўз телеграм каналида ёзмоқда. Мазкур масалага шунингдек, Spot нашри ҳам эътибор қаратган.

numbeo

Скриншот: Numbeo.uz

Рейтинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон бўйича ипотека олиш имконияти индекси 0,28 ни ташкил этган. Бу - МДҲ давлатлари орасида (Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон рейтингга киритилмаган) охирги ўрин ҳисобланади.

Таққослаш учун, Қозоғистон 0,7 балл билан рейтингнинг 71-поғонасини, Россия эса 0,57 балл билан 80-ўринни эгаллаган. МДҲда энг яхши натижа Молдовада – 0,79 балл (65-ўрин). 

Ипотека кредитлари қулайлиги рейтингининг биринчи учлигида Саудия Арабистони (5,1 балл), АҚШ (3,4 балл) ва Америка ҳукумати томонидан назорат қилинадиган Пуэрто-Рико ороли (3,1 балл) жойлашган. Рейтингни сўнгги поғоналарини эса, Эрон 0,13 балл, Аргентина 0,09 ва Гана 0,04 балл билан якунлаган.

Ипотека олиш имконияти индекси уй хўжалиги аъзоларининг ўртача ойлик иш ҳақининг қанчаси 90 метр квадратлик яшаш майдонига эга квартира сотиб олиш учун олинган ипотекани тўлашга кетишини акс эттиради. Тўловларни ҳисоблашда ўртача давр сифатида 20 йил олинади.  Рейтингда индекс қанча паст бўлса, шунча яхши.

Саудия Арабистонида ипотека кредитлари учун тўлов оила аъзосига тўғри келадиган ўртача даромаднинг 19,6 фоизини, АҚШда – 29,4 фоизини, Қозоғистонда – 143,5 фоизини, Ўзбекистонда эса 355 фоизни ташкил этади Бу дегани - Ўзбекистонда ипотека кредитлари оила аъзосига тўғри келадиган даромаддан 3,5 баробар кўпдир.

"Numbeo" нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда уй-жой нархининг йиллик даромадга нисбати ҳам юқори. Ўзбекистонлик ўртача даромад олувчи шахс яшаш майдони 90 метр квадрат бўлган уй жойни ўртача нархда сотиб олиш учун 17 йилу 5 ой ишлашга тўғри келади. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсаткич 9,5 йилдан паст, Саудия Арабистонида эса 2,5 йилни ташкил қилади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур рейтинг давлат ипотека дастури бўйича субсидияларни ва фоиз компенсацияларини инобатга олмаган бўлиши мумкинлигини эслатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда ҳар 6-квартира ипотека кредити эвазига сотиб олинади.

 

Теги ipoteka ipoteka kreditlari