Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистон ва ЕТТБ илк маротаба своп операциясини амалга оширди

Ўзбекистон ва ЕТТБ илк маротаба своп операциясини амалга оширди

Ўзбекистон ва ЕТТБ илк маротаба своп операциясини амалга оширди

odilbek_isakov_moliya_vazirligi.jpg

Фото: Молия вазирлиги

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) билан жорий йилнинг 7 март куни илк синов своп операциясини амалга оширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Своп битимлари молиявий рискларни бошқариш учун ишлатиладиган молиявий инструмент ҳисобланади. Валютавий своп битими своп турларидан бири бўлиб турли валютадаги қарзларни валюта рискидан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади.

Ушбу операция Ўзбекистонга хорижий валютада кредит олишда валюта рискларини камайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Банк бу орқали Молия вазирлиги томонидан маҳаллий деривативлар саноатини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган қадамларни қўллаб-қувватлайди.

Дастлабки босқичда, Нидерландиянинг TCX фонди ва ЕТТБ техник кўмагида халқаро молия институтлари ва банклар билан своп операцияларини амалга ошириш юзасидан тажриба алмашинилди. Шунингдек, 2021 йил 29-30 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро иқтисодий форум доирасида бир қатор хорижий молия ташкилотлари, жумладан, АҚШнинг JP Morgan Chase банки, ICBC Standard Bank, ва TCX фонди билан ўзаро келишувларга ҳам эришилди.

Молия вазирлиги мазкур битимда Халқаро своп ва деривативлар ассоциацияси (ISDA) бош келишуви бўйича Dentons халқаро юридик компаниясидан ижобий ҳуқуқий хулоса олганини таъкидламоқда.

Своп битими бўйича энг яхши нарх таклиф қилган ЕТТБ билан ISDA бош келишуви имзоланди ва Осиё тараққиёт банкидан хорижий валютада жалб қилинган қарз маблағларининг 20 миллион АҚШ доллари қисми бўйича своп операциясини амалга оширилди. Яъни ушбу илк синов своп оперцияси орқали 20 миллион АҚШ долларидаги давлат қарзи миллий валютадаги қарзга ўгирилди.

Ушбу своп операциянинг стратегик жиҳати қуйидагилардан иборат:

  • Илк синов своп операцияси Ўзбекистон молия бозорида, хусусан, давлат ва хусусий сектор томонидан жалб қилинаётган ташқи қарз маблағларининг хорижий валюта рискларини самарали бошқаришда халқаро контрагентлар билан деривативлардан фойдаланишга йўл очиб беради.
  • Хориждан миллий валютада инвестиция жалб қилиш имконияти мураккаблиги ва чекланганлигини ҳисобга олганда, чет эл валютасидаги инвестицияларни дериватив инструментлар орқали сўмга ўгириш муқобил восита вазифасини бажаради.
  • Деривативлар бозорини ривожланиши Ўзбекистон капитал бозорида молиявий рискларни самарали бошқаришга, хорижда эса сўмдаги актив ва мажбуриятларни тўғри баҳоланишига ҳамда миллий валюта бозорини шакланишига хизмат қилади.

Ҳозирда,  халқаро контрагентлар билан дериватив инстументлардан кенг фойдаланиш мақсадида, Молия вазирлиги ЕТТБ билан биргаликда “Дериватив ва репо транзакциялари қонунчилигини яратиш” лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, TCX фонди ўзбек сўмига хорижда бозор яратиш ҳамда Ўзбекистонда молиявий инструментлар бўйича тажриба ва молиявий саводхонликни ривожлантиришга ўз хиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.

 

Теги Moliya vazirligi YTTB OTB Svop