Асосий/Сўнгги янгиликлар/Россиянинг Транскапиталбанки ўзбек банклари билан ишлаш учун АҚШдан рухсат сўрамоқчи

Россиянинг Транскапиталбанки ўзбек банклари билан ишлаш учун АҚШдан рухсат сўрамоқчи

Россиянинг Транскапиталбанки ўзбек банклари билан ишлаш учун АҚШдан рухсат сўрамоқчи

Апрель ойида Ғарб санкцияларига тушган Россиянинг Транскапиталбанки Марказий Осиё мамлакатлари, Мўғулистон ҳамда Кавказ республикалари банклари билан ҳамкорликни давом эттириш мақсадида алоҳида лицензия олиш учун АҚШ Молия вазирлигига мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Транскапиталбанк вакилига таяниб РБК нашри хабар бермоқда.

tkb_1.jpg

Фото: bistro-credit.ru

Транскапиталбанк юқоридаги давлатларнинг банклари учун ҳисоб-китоб банки бўлиб, трансчегаравий тўловларни таъминлайди — санкциялар қўлланилгач, бу операцияларни амалга оширишнинг имкони бўлмаяпти.

20 апрель куни Қўшма Штатлар ҳукумати Транскапиталбанкка санкциялар жорий қилган эди, бироқ OFAC (Молия вазирлигининг санкциялар бўлими) ТКБга афғон банклари билан ишлашни давом эттириш имконини берувчи олти ойлик лицензия берди. "Ҳозирда Транскапиталбанк лоро-ҳисобрақамларни очган бошқа мамлакатлар билан ишлашни давом эттириш учун ўхшаш лицензияларни олиш учун OFAC'га мурожаат тайёрламоқда", - дейди РБК суҳбатдоши.

Транскапиталбанк Бошқарув раиси ўринбосари Елена Ширинскаянинг сўзларига кўра, ТКБ Жаҳон банкидан 2016 йилда Афғонистон банкларини улашни сўраган. “Вақт ўтиши билан ТКБ Афғонистон учун асосий клиринг банкига айланди. Биз Афғонистон банкларини Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея банклари билан тўғридан-тўғри вакиллик алоқалари орқали боғлаш имкониятига эга бўлдик”, — деди у. Ширинскаянинг давом этишича, OFAC томонидан Афғонистон учун берилган лицензия бўйича тўловлар қандай амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас. “Илгари барча ҳисоб-китоблар узлуксиз ва самарали амалга оширилган бўлса, энди қабул қилувчи банклар томонидан мувофиқлик тартиб-таомили кучайтирилгани сабабли улар бир неча кунга чўзилиши мумкин”, — деди банк раиси ўринбосари.

РБК нашрига кўра, Транскапиталбанк Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистонинг барча банклари билан, Ўзбекистон ва Кавказ республикалари банк тизимининг 80 фоизи билан, Қозоғистон банкларининг 80 фоизи билан мультивалюта ҳисобрақамларга эга. 2021 йилда банкнинг Марказий Осиё билан тўловлар айланмаси 2,5 млрд. долларни ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг маҳаллий банклари орасида Агробанк, ANORBANK, Asia Alliance Bank, Давр-банк, Инфинбанк, Капиталбанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Туркистонбанк ҳамда Универсалбанклар Транскапиталбанк билан вакиллик муносабатларига эга.

 

Теги sanksiya Transkapitalbank Rossiya