Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистонда учинчи тўлов тизими рўйхатдан ўтди

Ўзбекистонда учинчи тўлов тизими рўйхатдан ўтди

Ўзбекистонда учинчи тўлов тизими рўйхатдан ўтди

UZCARD-HUMO

Фото: uzcard.uz

Марказий банк янги тўлов тизими United Fintech'ни рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда банк расмий Телеграм каналида хабар берилди.

Марказий банк лицензияси 27 ноябрь куни "Qulay Pul" МЧЖга берилган. Компания Ягона умумреспублика процессинг маркази (UZCARD тизими) ҳамда Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тизими)дан кейин учинчи тўлов тизими бўлади.

Qulay Pul-litsenziya

Фото: Unitedfintech.uz

United Fintech веб-саҳифасидаги хабарга кўра, тўлов тизими банклар ва тўлов ташкилотлари билан биргаликда пул ўтказмалари ва тўловлар соҳасида янги инфратузилмавий финтех-ечимлар ишлаб чиқади.

Хизмат 2022 йил I чорагида ишга туширилиши режалаштирилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, "Qulay Pul" МЧЖ таъсисчилари Насочевскии Виктор Валдемарович ҳамда Исамиддинов Бахтиёржон Низомиддинович ҳисобланади. Умумий миқдори 100 млн. сўм бўлган устав капиталда ушбу таъсисчиларнинг улуши мос равишда 70 млн. сўм ҳамда 30 млн. сўмни ташкил қилади. Бахтиёржон Исамиддинов компания директори ҳам ҳисобланади.

Headhunter рекруитерлик агентлиги маълумотларига кўра, United Fintech – UnitedBanks халқаро компаниялар гуруҳи томонидан амалга оширилаётган финтех-банк ҳамкорлик лойиҳаси. Жамоа энг сўнгги молиявий технологияларни — ҳисоб ва телефон рақамлари бўйича p2p ўтказмалари ҳамда блокчейндаги кредитларни рақамлаштириш технологияларини Ўзбекистон бозорига мослаштиради.