Асосий/Сўнгги янгиликлар/Тошкент вилоятида ўғрилар банкоматни тунаб бўлиб, дарёга оқизиб юборишган

Тошкент вилоятида ўғрилар банкоматни тунаб бўлиб, дарёга оқизиб юборишган

Тошкент вилоятида ўғрилар банкоматни тунаб бўлиб, дарёга оқизиб юборишган

Toshkent viloyati bankomat

Фото: Тергов департаменти

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида "Капиталбанк" АТБга тегишли банкомат ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов демартаменти хабар бермоқда.

Хабарга кўра, "Капиталбанк" АТБнинг Амалиёт бўлими Бошқарувчиси Ўртачирчиқ тумани Ички ишлар бўлимига 26 январь кунига ўтар кечаси Капиталбанкка тегишли, туманнинг Тошкент йўли кўчасида ўрнатилган ва баҳоси 145 млн. сўм бўлган банкомат ўғирлаб кетилганлиги юзасидан ариза билан мурожаат қилган.

Toshkent viloyati bankomat (1)

Фото: Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми "а" банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида, мазкур жиноят Ўртачирчиқ туманида яшовчи 24 ёшли Е.А., 22 ёшли С.Н. ва 23 ёшли Ю.Д. лар томонидан бир гуруҳ бўлиб содир этилганлиги аниқланган.

Тергов давомида, қонунбузарлар банкоматни темир жисм ёрдамида бузиб очишганликлари, бироқ банкомат ичида пул бўлмаганлиги сабабли уни Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишганликларини маълум қилган.

"Ҳозирда, ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда", - дейилади департамент хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Капиталбанк бутун республика бўйлаб энг кўп банкомат ҳамда инфокиосклар ўрнатган банк ҳисобланади. Ўзбекистондаги жами банкомат ва инфокиоскларнинг 25,3 фоизи ушбу банкка тегишли.

Теги Kapitalbank ўғрилик