Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзмиллийбанкнинг Россиядаги шўъба банки 2021 йил ва 2022 йил I чорагини фойда билан якунлади

Ўзмиллийбанкнинг Россиядаги шўъба банки 2021 йил ва 2022 йил I чорагини фойда билан якунлади

Ўзмиллийбанкнинг Россиядаги шўъба банки 2021 йил ва 2022 йил I чорагини фойда билан якунлади

Россиядаги "Asia Invest Bank" 2021 йилни ҳамда 2022 йилнинг биринчи чорагини ижобий молиявий кўрсаткичлар билан якунлади. Шунингдек, ACRA агентлиги ушбу банкнинг кредит рейтингини "BBB-/Барқарор" этиб белгилаган

asia-invest_bank_2.jpg

Банкнинг молиявий натижалар бўйича ҳисоботидан кўринадики, ташкилот 2019-2020 йилларни зарар билан якунлаган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, банк 2021 йилда 145,8 млн рубль (21,4 млрд сўм, Ўзбекистон Марказий банкининг 2021 йил 30 декабрдаги курси бўйича) фойда кўрган.

2021 йил якунига кўра, ушбу банкнинг кредит портфелидаги муаммоли ва потенциал муаммоли кредитларнинг улуши 37 фоизни ташкил этган. Аммо уларнинг аксарияти захиралар билан қопланган. ACRA экспертлари банкнинг рискларни бошқариш тизимини қониқарли деб баҳолашган.

“Банк стратегияси мижозлар базасини кўпайтиришга, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини таъминловчи факторинг, аккредитив ва ҳисоб-китоб операциялари ҳажмини оширишга қаратилган. Бундан ташқари, банк жисмоний шахсларга, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хизмат кўрсатиш йўналишини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Яқин келажакда банк Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳисоб-китоб марказларидан бирига айланиши кутилмоқда, бу орқали икки давлат ўртасида трансчегаравий ўтказмалар амалга оширилади", - дейилади ACRA хабарида.

Ҳозирда банк ҳамкор банклар ва чакана савдо шохобчалари сонини кўпайтириш орқали ўзининг "AsiaExpress" пул ўтказмалари тизимини ривожлантирмоқда ҳамда бугунги кунда Россия Федерациясидаги 1500 чакана савдо шохобчаларида тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, "Asia Invest Bank" Ўзмиллийбанкнинг Россиядаги шўъба банки ҳисобланади. 1996 йил 1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳукуматлараро битимга мувофиқ ташкил этилган банк, мамлакатимизнинг хориждаги ягона молия институти бўлиб қолмоқда.

Теги Asia Invest Bank