Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистон бўйлаб савдо нуқталари, автокредит бозорида етакчилик, карта маҳсулотлари ва масофавий каналларни тайёрлаш – Tenge Bank'да 2021 йил якунлари

Ўзбекистон бўйлаб савдо нуқталари, автокредит бозорида етакчилик, карта маҳсулотлари ва масофавий каналларни тайёрлаш – Tenge Bank'да 2021 йил якунлари

Ўзбекистон бўйлаб савдо нуқталари, автокредит бозорида етакчилик, карта маҳсулотлари ва масофавий каналларни тайёрлаш – Tenge Bank'да 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз "Tenge Bank" АТБ тўғрисида бўлади.

Tengebank-2021 (2)

Банк ҳақида қисқача маълумот

Tenge Bank - Қозоғистон Халқ банкининг Ўзбекистондаги шўба банки ҳисобланади. Банк мамлакатнинг 9 та ҳудудида - Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида мижозларга хизмат кўрсатади. 

Tenge Bank 2019 йилда Қозоғистон Халқ банкининг (Halyk Bank) 100% устав капитали билан "Tenge Bank" акциядорлик тижорат банки сифатида ташкил этилган.

Банк шиори: Ёрқинроқ яшанг!

Tenge Bank Бошқарув раиси Аюпов Талгат Жолдасбекович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

Tengebank-Kuzatuv kengashi

Tenge Bank Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил учинчи чорагида Tenge Bank активлари миқдори 2,64 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Шундан 1,49 трлн. сўми миллий валютада, 1,15 трлн. сўми хорижий валютада. 1 октябрь ҳолатига кўра, банк капитали 1,22 трлн. сўмни ташкил қилган. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Tenge Bank 207,94 млрд. сўм даромад олди. Ушбу даромаднинг 78,7% миқдори улуши бўйича фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 54,73 млрд. сўмни ташкил қилди. Соф фойданинг 19,33 млрд. сўми миллий валютада, 35,40 млрд. сўми хорижий валютада шаклланган.

Tengebank-daromadlar

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 22,0 млрд. сўм бўлган. Бу йилги соф фойда эса ўтган йилгисига нисбатан камида икки баравар ортиши кутилмоқда. 

Банкдаги ўзгаришлар

2021 йилда Tenge Bank'нинг Бошқарув раиси ва бир ўринбосари алмашди. 1 февраль куни "Halyk Finance" АЖ собиқ Бошқаруви раиси Талгат Аюпов Tenge Bank Бошқарув раиси лавозимига тайинланди. 20 май куни эса ўша вақтга қадар Ўзсаноатқурилишбанк Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган Улуғбек Таваккалов Tenge Bank'га Бошқарув раиси ўринбосари сифатида келиб қўшилди. Банк Бошқарувининг қолган аъзолари бу йил ўзгармади.

Tenge Bank бу йил тармоқлар географиясини кенгайтирди. Банк 2020 йилда Фарғона ва Самарқандда филиал очган бўлса, бу йил Қорақалпоғистон ва 5 та вилоятда ўз банк хизматлари марказларини очди. Жорий йил бошида, 25 январь куни Тошкент шаҳрида Новза ва "Gross Plaza" банк хизматлари марказлари очилди.

Nukus BXM

Tenge Bank'нинг бу йил ишга тушган Нукус банк хизматлари маркази. Фото: Tenge Bank

Яқин кунларда Тошкент шаҳрида яна иккита нуқта очилиши режалаштирилган. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги Tenge Bank филиали ягона “МФО”га ўтказилди ва БХМга айлантирилди.

2021 йилда Tenge Bank рақамли ривожланиш йўли ҳақида эълон қилди.

Март ойида банк томонидан “BPM” платформасида бизнес жараёнларни автоматлаштириш лойиҳаси бошланди, июль ойида юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун “омниканал” платформани жорий этиш (TUNE Consulting маҳаллий IT компанияси билан), WAY4 платформасида “inhouse” карта процессинг маркази қурилиши бўйича лойиҳалар ишга туширилди.
Лойиҳа мақсадлари мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва жамиятнинг турли хил қатламларига мансуб мижозларнинг эҳтиёжлари ва истакларини тўлиқ қондириш орқали савдо каналларини кенгайтириш, операцион рискларни камайтиришдир.

Tengebank-Tune Consulting

Фото: Tenge Bank

Айни пайтда, фронт офис ходимлари иш жойи тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, бунда мижоз маълумотларини тизимга киритиш бўйича барча амалиётлар паспортни ўқийдиган махсус қурилма ёрдамида, маҳсулотлар ва хизматларни сотиш эса ягона “BPM” ойнасида уч-бешта тугма босиш орқали бажарилиб, бухгалтерия ҳисобварақлари бўйича амалиётлар инсон аралашувисиз амалга оширилади. Савдоларни автоматлаштириш орқали банк автокредитлар бозорида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб, жисмоний шахслар учун омонатларни ва SWIFT ўтказмаларини ривожлантириб келмоқда.

photo_2021-12-22_19-35-58

Фото: Tenge Bank

Бизнес ва истеъмолчилар учун масофавий банк хизматларини кўрсатиш каналларини жорий қилиш лойиҳаси амалиётга тадбиқ қилиниш арафасида.  Жисмоний шахсларни масофадан биометрик маълумотлар асосида идентификация қилишни амалиётга жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида ортиқ мижозлардан банк хизматларидан фойдаланиш учун банкга ташриф буюриш талаб этилмайди.

Шунингдек, банк томонидан Mastercard карталари эмиссияси бўйича сертификатлаш муваффақиятли якунланган бўлиб, 2022 йилнинг январь ойидан эмиссия қилиш бошланади ва ушбу карталар ўзида кафолатланган кешбекга эга бўлади.

photo_2021-12-22_18-46-28

Фото: Tenge Bank

Иккинчи босқичда Visa, American Express тўлов тизимларида  сертификатлашдан ўтилади хамда ўз терминал ва банкомат тармоғини яратишга қаратилган эквайринг лойиҳалари амалга оширилади.

IMG_9410

Фото: Tenge Bank

Карта маҳсулотларини ривожлантиришнинг кейинги босқичлари – картоматлар орқали чиқарилган кредит карталар ва кенг ҳамкорлар тармоғини қамраб олган муддатли тўлов карталари бўлади.

Ходимларни ривожлантириш ва ресурсларни жалб қилиш бўйича ишлар

2021 йил мобайнида банк ходимлари сони уч баробарга ошди (177 тадан 404 тагача), бунинг учун таълим муассасалари ва талабалар билан фаол иш олиб борилди.

Жорий йилда банк Сингапур менежменти ривожлантириш институти ҳамда Тошкентдаги халқаро вестминстер университетлари билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Банк ушбу таълим муассасалари билан таълим соҳасида ҳамкорлик қилишга рози бўлди ва талабалар учун амалиёт дастурларини ташкил этишни таклиф қилди.

photo_2021-09-06_18-41-11

Фото: Tenge Bank

9 декабрь куни Tenge Bank ва Евроосиё тараққиёт банки ўртасида Ўзбекистон молия бозорида ҳамкорлик қилиш ва ғазначилик амалиётларини амалга ошириш бўйича келишув имзоланган бўлиб, ушбу битим ЕОТБга Tenge Bank орқали Ўзбекистон бозорига киришга замин яратди.
 

Logo EDB Tenge bank

Фото: Tenge Bank

Банк сайти - tengebank.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.

Банкнинг алоқа маркази - 1245 ёки Телеграмдаги қўллаб-қувватлаш боти.

Tenge Bank'нинг ТелеграмФейсбукInstagram ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд.

Мирзаолим Дилшодов

Теги 2021 Tengebank yil yakunlari