Асосий/Сўнгги янгиликлар/TBC Bank Vendoo компаниясини сотиб олди

TBC Bank Vendoo компаниясини сотиб олди

TBC Bank Vendoo компаниясини сотиб олди

22 апрель куни "TBC Bank" акциядорлик тижорат банки ўзининг асосий акциядори Буюк Британияда рўйхатдан ўтган "TBC Bank Group Plc" компанияси билан "Vendoo" МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиб олиш бўйича битим имзолади. Олди-сотди шартномаси суммаси маълум эмас, бироқ битим АҚШ долларида амалга оширилгани қайд этилган.

tbc_bank.jpg

"TBC Bank" АТБ томонидан Vendoo ширкатини сотиб олиш қарори банкнинг 2022 йил 10 март куни бўлиб ўтган акциядорлар умумий йиғилишида қабул қилинган. Умумий йиғилишда, шунингдек, TBC Bank томонидан "Vendoo" МЧЖ устав капиталига қўшимча маблағ киритиш ҳам қарор қилинган.

2022 йил 20 апрелда "Vendoo" МЧЖ Банк билан банкка потенциал қарз олувчиларнинг кредитга лаёқатлилигини таҳлил қилиш ва баҳолаш бўйича хизматлар ва потенциал қарз олувчилар тўғрисида ахборот хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузди. Бироқ, ушбу битимнинг миқдори ҳам банк томонидан ошкор этилмаган.

2021 йил 21 сентябрда TBC Bank "Vendoo" МЧЖ билан 26,50 миллиард сўм миқдорида кредит линияси очиш бўйича шартнома имзолади. Банк акциядорининг 2021 йил 20 сентябрдаги қарорига асосан кредит "Vendoo" МЧЖ айланма маблағларини тўлдириш учун йиллик 25% ставкада 18 ой муддатга берилади. Кредит учун гаров сифатида кредит суммасининг 130% миқдорида суғурта полиси қўлланилади.

Stat.uz маълумотларига кўра, "Vendoo" МЧЖ 2019 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрининг Миробод туманида рўйхатга олинган. МЧЖнинг устав капитали 11,42 млрд сўмни ташкил этади, ягона таъсисчиси (иштирокчиси) TBC Bank Group Plc хорижий компаниясидир.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда TBC Bank устав капиталининг 60,24 фоизи TBC Bank Group Plc'га, 19,9 фоизи Европа тикланиш ва тараққиёт банкига, 19,9 фоизи Халқаро молия корпорациясига тегишли.

 

Теги Vendoo TBC Bank