Аввалроқ айрим тижорат банклари томонидан халқаро банк карталаридан нақд хорижий валюта ечиш учун комиссия жорий қилингани ва ушбу қарор ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан норозилик билан қарши олингани тўғрисида хабар берган эдик.
Ўзсаноатқурилишбанк халқаро пластик карталарни чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш учун янги тўлиқ функцияли процессинг маркази ишга туширилиши муносабати билан, банк томонидан шу кунгача эмиссия қилинган VISA карталарига хизмат кўрсатиш 1 октябрдан бошлаб қисман, 1 ноябрдан эса тўлиқ тўхтатилишини маълум қилди. Аввалроқ шу каби эълонлар Туронбанк ва Ипотека банк томонидан ҳам берилган эди.
Туронбанк ўзининг процессинг тизимида техник янгиланиш ишларини олиб бораётганлиги сабабли, банкда очилган барча "Visa" халқаро пластик карталарининг иш фаолияти 2021 йилнинг 1 октябридан вақтинчалик тўхтатилишини маълум қилмоқда. Шу вақтгача "Visa" халқаро пластик картасини очган барча мижозлардан карта очилган банк филиалига мурожаат қилиб, карталарини ёпиши сўралган.