Асосий/Сўнгги янгиликлар/Совкомбанк "Ўзагроэкспортбанк"ни сотиб олмайди

Совкомбанк "Ўзагроэкспортбанк"ни сотиб олмайди

Совкомбанк "Ўзагроэкспортбанк"ни сотиб олмайди

Россия Совкомбанки томонидан "Ўзагроэкспортбанк"ни сотиб олиш бўйича битим бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Санкт-Петербург иқтисодий форумида Совкомбанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский Podrobno.uz мухбирига маълум қилган.

совкомбанк

Фото: tadviser.ru

"Афсуски, Россиянинг деярли барча тизимли аҳамиятга эга банклари сингари бизга нисбатан санкциялар жорий қилингани сабабли, лойиҳани жорий шароитда амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди, бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати хабардор қилинган. Бу ерда бир нарсани тушуниш муҳим - бизнинг ҳар қандай шўъба банкимиз автоматик тарзда санкциялар остида қолиши Ўзбекистон учун муаммо бўларди. Биз технология ва сармоя олиб келиш ўрнига, регулятор ҳал қилиши керак бўлган бир қатор муаммоларни олиб келган бўлардик”, - деган Хотимский.

Хотимский

Сергей Хотимский / Фото: promdevelop.com

С.Хотимскийнинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда бу лойиҳа энди режалаштирилган шаклда амалга оширилмайди.

"Биз вазият ўзгаришига умид қилишда давом этамиз, санкциялар билан боғлиқ вазият бартараф этилгач, биз Ўзбекистон бозорига фаол кредитор сифатида катта мамнуният билан қайтамиз. Ҳозир, афсуски, биз кредит лойиҳаларимизнинг аксарият қисмини қисқартиришга мажбурмиз", - деган у.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бу ташвишлар, албатта, абадий эмас, лекин "Ўзагроэкспортбанк" ҳеч қачон "Совкомбанк"нинг шўъба банкига айланмаслиги аниқ.

"Ўзбекистон ҳукумати яқин орада уни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда ва биз шартларга кўра бу жараёнда иштирок эта олмаймиз. Ҳозир томонларнинг ўзаро қарорига кўра, битимни бекор қилиш босқичида. Айтишимиз мумкинки, у деярли бекор қилинди”, - дея хулоса қилган Хотимский.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида тузилган келишувга кўра, Совкомбанк "Ўзагроэкспортбанк"нинг 100 фоиз давлат улушини 4 миллион долларга сотиб олиши керак эди.

Маълумот учун: "Ўзагроэкспортбанк" 2017 йилда агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитларни ташкил этиш ва экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 2021 йил якунига кўра, банк активлари 69 миллиард сўмдан ошган, банк йилни 16,7 млрд. сўм зарар билан якунлаган.

"Совсомбанк" Россиянинг универсал банкларидан бири бўлиб, мамлакатдаги энг йирик ўнта банкдан биридир. Банкнинг бутун Россия бўйлаб 2,3 мингдан ортиқ офисларида 23 минг ходим ишлайди. Банк 12 миллион мижозга хизмат кўрсатади.

Теги Uzagroeksportbank sovkombank