Асосий/Сўнгги янгиликлар/Банкларнинг халқаро карталардан нақд валюта ечиб олишда комиссия ўрнатгани мижозларда норозилик уйғотмоқда

Банкларнинг халқаро карталардан нақд валюта ечиб олишда комиссия ўрнатгани мижозларда норозилик уйғотмоқда

Банкларнинг халқаро карталардан нақд валюта ечиб олишда комиссия ўрнатгани мижозларда норозилик уйғотмоқда

Ўзбекистонда айрим банк кассалари ва банкоматлари орқали валюта ҳисобварағидан ҳамда халқаро тўлов тизимлари карталаридан нақд пул ечиб олишда комиссия ўрнатила бошланди.

kapital-ipak_yuli_visa.jpg
 
Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Хусусан, 27 июлдан бошлаб Капиталбанк VISA карталаридан касса ва терминаллар орқали нақд валюта ечиб олиш учун 0,7 фоизлик комиссия жорий қилган бўлса, "Ипак Йўли" банки бугундан бошлаб VISA, Mastercard ва UnionPay карталаридан пул нақдлаштириш учун 1 фоиз миқдорида комиссия олинишини маълум қилди.

"Ипак Йўли" банки ушбу ҳолат вақтинчалик эканлигини таъкидламоқда.

"28 июлдан эътиборан нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш мақсадида „Ипак Йўли“ банки VISA/Mastercard/UnionPay карталаридан "Ипак Йўли" банки кассалари ва банкоматларидан, валюта ҳисобварағидан нақд пул ечиб олишда, "Ипак Йўли" банки тизими ичида мижознинг карта рақамидан келиб тушган пул маблағларидан 1% миқдорида комиссия жорий этиш тўғрисида вақтинчалик қарор қабул қилингани ҳақида хабардор қиламиз", — дейилади банк изоҳида.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда. Фейсбукдаги "Потребител.уз" гуруҳида тармоқ фаолларидан бири халқаро картадан пул нақдлаштиришнинг онлайн омонатларга ҳам тадбиқ қилинишига норозилик билдирмоқда.

 
Фото-скриншот: Bankers.uz

Капиталбанкнинг VISA карталардаги маблағларни нақдлаштириш учун ўрнатган комиссиясидан блогер Никита Макаренко ҳам норози бўлди. Макаренко ўзининг Телеграм каналида "[Банк] картаси шартномаси шартларини олдиндан огоҳлантирмасдан туриб ўзгартириш қанчалик қонуний? Мижозларга барча пулларини олиб кетиш имкониятини бериш керак эди. Шахсан мен Капиталбанкка ортиқ ишончим қолмагани учун шундай қилмоқчиман... Мижозларга барча пулларини картадан комиссиясиз ечиб олиш имкониятини беринг ва биз кетамиз", деб хабар қолдирган.

25 июль куни айрим тижорат банкларида нақд валюта етишмовчилиги кузатилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Банклар бир мижоз учун хорижий валютани харид қилишнинг максимал миқдорини белгилагани (1000-2000 доллар атрофида) тармоқ фаолларининг норозилигига сабаб бўлганди.

Журналист Азиза Қурбонова ўзининг блогида хусусий банклардан бирининг бош офисида (Амалиёт бошқармаси назарда тутилмоқда — таҳр.) нақд АҚШ доллари олиш учун $ 2000 лик, ушбу банк филиалларидан бирида эса $ 3000 лик максимал чегара ўрнатилгани тўғрисида хабар қолдирган. Ушбу ҳолатга банк вакиллари томонидан асос ва сабаб келтириб ўтилмаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз манбаларига таяниб, нақд валюта тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар тез орада бартараф этилиши ҳақида ёзган. "Нақд валютанинг навбатдаги йирик партияси бироз кечикиб бўлсада, етиб келган ва тез орада тижорат банкларига етказилади. Логистика ва тақсимлаш жараёни бироз вақт олиши мумкин", - дейди иқтисодчи.

 

Теги dollar naqdlashtirish ipakyulibank Kapitalbank