Асосий/Сўнгги янгиликлар/Айрим банкларда нақд валюта етишмовчилиги кузатилаётган бўлиши мумкин

Айрим банкларда нақд валюта етишмовчилиги кузатилаётган бўлиши мумкин

Айрим банкларда нақд валюта етишмовчилиги кузатилаётган бўлиши мумкин

Ижтимоий тармоқларда тижорат банкларида нақд валюта олиш билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

dollar-sum_1.jpg

Фото: Bankers.uz

Хусусан, журналист Азиза Қурбонова ўзининг блогида хусусий банклардан бирининг бош офисида (Амалиёт бошқармаси назарда тутилмоқда — таҳр.) нақд АҚШ доллари олиш учун $ 2000 лик, ушбу банк филиалларидан бирида эса $ 3000 лик максимал чегара ўрнатилгани тўғрисида хабар қолдирган. Ушбу ҳолатга банк вакиллари томонидан асос ва сабаб келтириб ўтилмаган.

Нақд АҚШ доллари олиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириб кўриш мақсадида Bankers.uz бир нечта тижорат банклари билан боғланиб кўрди. Кузатувларга кўра, хусусий банкларда нақд доллар тақчиллиги кузатилмоқда. Айрим хусусий банклар каттароқ миқдорда ( тахминан 20 минг доллар) хорижий валюта сотмаётганини билдирган бўлса, бошқалари банк филиалига ташриф буюришни тавсия қилди.

Таъкидлаш керакки, хорижий валюта тақчиллиги ҳамма банкларда ҳам кузатилаётгани йўқ. Давлат улуши устувор банклар ҳамда айрим хусусий банкларда бундай муаммо кузатилмаяпти. Банк вакиллари исталган суммада хорижий валюта харид қилиш мумкинлигини билдириб, керакли банк филиали манзилини айтишди.

Шунингдек Bankers.uz вакили бир нечта банк масъуллари билан боғланиб кўрган. Улар "нақд валюта билан боғлиқ муаммо бор" деб аниқ айтмаган бўлсалар-да, ҳақиқатдан ҳам нақд валюта билан боғлиқ чекловлар ўрнатилганлигини, бу — кўпроқ спекулятив амалиётларни чегаралаш учун эканлигини уқтиришга ҳаракат қилишган

Ҳозирча бирорта банк расмий равишда "нақд валюта билан боғлиқ муаммо бор ёки йўқлиги" ҳақида ахборот бермади. Фақатгина жума куни кечки пайт Капиталбанк айрим пул ўтказмаларини тўхтатаётганини ва бунга спекулятив амалиётлар кўпайиб кетганлиги сабаб бўлганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни Марказий банк Бошқаруви иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк раиси М.Нурмуратов "банкларимизда нақд валюта етишмовчилиги бўлиши хавфи мавжуд эмаслиги, уларни нақд валюта билан таъминлаш учун етарли нақд валюта заҳираси шакллантирилганлиги" ҳақида айтиб ўтган эди.

 

Теги dollar taqchillik