Асосий/Сўнгги янгиликлар/Савдогарбанк ўз номини Гарант банкка ўзгартиради

Савдогарбанк ўз номини Гарант банкка ўзгартиради

Савдогарбанк ўз номини Гарант банкка ўзгартиради

"Савдогарбанк" АТБ акциядорларининг 17 июнь кунги  умумий йиғилиши қарорига асосан, банк номи "Гарант банк" акциядорлик жамияти номига ўзгартирилади. Бу ҳақда корпоратив ахборот Ягона порталида маълум қилинди.

photo_2022-06-28_18-51-22.jpg

Йиғилиш қарорининг 7-бандида банк номи ўзгариши натижасида Банк уставига киритилган ўзгартиришлар иловага мувофиқ тасдиқланиши кўрсатилган. Бундан ташқари, Банк Бошқарувига банк номини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган барча чора-тадбирларни амалга ошириш ва белгиланган тартибда банк Уставига киритилаётган ўзгартиришларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида рўйхатдан ўтказиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, акциядорлар йиғилишида яна бир нечта масалалар бўйича қарорлар қабул қилинган. Хусусан, банк Тафтиш комиссияси тугатилиши ҳамда банкнинг 2021 йил ва олдинги йилларнинг тақсимланмаган фойдаси тақсимланиши бўйича сўз борган.

“Банк акциядорлари умумий йиғилиши ҳақидаги”, “Банк Кузатув кенгаши ҳақидаги” ва “Банк Бошқаруви ҳақидаги” Низомлари янги таҳрирда тасдиқланди.

Банк ҳақида қисқача маълумот

Чет эл капитали иштирокидаги "Савдогар" акциядорлик тижорат банки 1994 йил 12 майда Марказий банкда рўйхатга олинди. Банк 1998 йилда Енгилсаноатбанкни, 2000 йили Мевасабзавотбанкни қўшиб олади.

2005 йилда Германиянинг "R&D Express — Ausenhandels" компанияси Савдогарбанкнинг 40 фоиз акциясини (2 млн. АҚШ доллари ) сотиб олган ва банк чет эл капитали иштирокидаги банкка айланган ҳамда устав капиталини миқдори 8,0 млрд. сўм (5 млн. АҚШ доллари эквивалентни)ни ташкил этганди.

2006 йил 22 июндаги ПФ 3764-сонли Фармонига асосан хорижий инвестор томонидан Савдо ва тижоратга кўмаклашувчи "Савдогар" ихтисослаштирилган акционерлик тижорат банкининг улуши сотиб олиниши муносабати билан Ўзбекистон — Германия "Савдогар" очиқ акциядорлик тижорат банкига айланди.

2021 йилнинг 29 ноябрь куни Рауф Камилджанов банкнинг 53,52 фоиз акциясини 83,5 млрд. сўмга сотиб олган. 2022 йил бошида чет эл капитали иштирокидаги "Савдогар" акциядорлик тижорат банки акциядорлари таркиби ва улушида ўзгариш юз берди. Молия муассасаси акцияларининг назорат пакетига эгалик қилиб келган Рауф Камилджанов Савдогарбанк устав капиталидаги улушини 99,26 фоизга етказди. Р.Камилджанов томонидан банкнинг 594,53 млн. дона акцияси 24 февраль куни ташкиллаштирилган биржа савдоларида харид қилинди. Битимнинг умумий қиймати 71,34 млрд. сўмни ташкил қилади. Умумий тузилган 7 та битимда банкнинг номинал баҳоси 100 сўм бўлган бир дона оддий акцияси 120 сўмдан сотилган.

Теги Savdogarbank