Асосий/Сўнгги янгиликлар/S&P Ўзбекистондаги 11 та банкнинг кредит рейтингини тасдиқлади

S&P Ўзбекистондаги 11 та банкнинг кредит рейтингини тасдиқлади

S&P Ўзбекистондаги 11 та банкнинг кредит рейтингини тасдиқлади

S&P Global

1 февраль куни S&P Global Ratings Ўзбекистондаги 11 та тижорат банкининг кредит рейтингини тасдиқлади ва соҳанинг ривожланиши бўйича ўз прогнозларини тайёрлади.

Агентлик томонидан баҳоланган 11 та банкдан фақатгина Равнақ-банк муаммоли кредитлар улушининг юқорилиги, паст рентабеллик ва ликвидликнинг эҳтимолий ёмонлашуви туфайли "салбий" прогнозга эга. Қолган 10 та молия институти "барқарор" ёки "ижобий" прогнозлар олган. 2021 йил якунига кўра, Равнақ-банкнинг муаммоли кредитлари жами кредит портфелининг 23,2 фоизини ташкил қилган.

S&P томонидан баҳоланган ўзбек банкларининг рейтинглари қуйидагича:

  • Ўзмиллийбанк (BB-/Барқарор/B);
  • КДБ Банк Ўзбекистон (BB-/Барқарор/B);
  • Ипотека-банк (BB-/Барқарор/B);
  • Ўзсаноатқурилишбанк (BB-/Барқарор/B); 
  • Hamkorbank (B+/ Ижобий/B); 
  • Ориент Финанс банк (B+/ Барқарор/B);
  • Халқ банки (B+/ Барқарор/B); 
  • Туронбанк (B/ Барқарор/B);
  • Давр банк (B/ Барқарор/B);
  • Капиталбанк (B-/ Ижобий/B);
  • Равнақ-банк (B-/ Салбий/B).

Агентлик таҳлилчилари “Ўзбекистон иқтисодиёти ва молия тизими пандемия оқибатларига чидамлилигича қолаётганини” таъкидлаб, жорий йилда мамлакат ЯИМ 5,5 фоизга ўсишини прогноз қилишмоқда.

S&P Ўзбекистон банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар 2021 йил охиридаги 5,2 фоизга нисбатан 2022 йилда 4-6 фоизни ташкил этишини кутмоқда. Бу минтақадаги таққосланадиган мамлакатлардан паст, аммо агентлик кредитларнинг яна 7-8 фоизини реструктуризация қилиниши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Фикримизча, Ўзбекистонда фаолият юритаётган банклар учун тармоқ рисклари юқорилигича қолмоқда, бу асосан давлат банкларининг қарорлар қабул қилиш жараёнларига давлатнинг сезиларли аралашувини, регуляторнинг банк назоратига танлаб ёндашишини ва юқори даражада рақобат ва давлат банкларининг устунлиги билан тавсифланган мураккаб операцион муҳитни акс эттиради”, дейилади ҳисоботда.

Агентлик таҳлилчилари Ўзбекистон Республикасида банкларнинг молиялаштирилишини давлат томонидан молиялаштириш, юридик шахслар ва чакана депозитларнинг ўсиши, шунингдек, сўнгги пайтларда ташқи кредитлар ҳажмининг кўпайиши ҳисобига барқарор деб баҳоладилар.

Агентлик ҳисоботи билан батафсил ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин (ҳисобот рус тилида тақдим этилган)

Теги reyting agentligi reyting