Асосий/Сўнгги янгиликлар/Қишлоқ қурилиш банк Фарғонада пресс-тур ташкиллаштирди

Қишлоқ қурилиш банк Фарғонада пресс-тур ташкиллаштирди

Қишлоқ қурилиш банк Фарғонада пресс-тур ташкиллаштирди

Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки томонидан 25-26 май кунлари Фарғона вилоятида банкнинг молиявий кўмаги ёрдамида ташкил қилинган ҳамда фаолиятини давом эттираётган турли йўналишдаги ўнга яқин лойиҳалар ҳамда Қишлоқ қурилиш банк Қўқон БХО фаолиятига бағишланган пресс-тур ташкил қилинди.

qqb_fargona_press-tur.jpg

Фарғонага ташриф буюрган журналистлар жойларда амалга оширилаётган ўзгаришлар билан танишиб, тадбиркорлар, аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказиб, банк мутахассислари ҳамда масъул ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.

Тошлоқ туманида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қадоқлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси

qqb_fargona_1.jpg
 
“Toshloq ise fruits servis” МЧЖ томонидан экспорт қилишга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари
Фото: Қувонч Тўраев

Пресс-тур иштирокчилари ташриф буюрган биринчи манзил Тошлоқ туманидаги “Toshloq ise fruits servis” МЧЖ бўлди. Корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қуритиш, совутиш, саралаш ва қадоқлаш билан шуғулланади. Қадоқланган тайёр маҳсулотлар чет давлатлари, хусусан Руминия, Корея, Россия каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Умумий қиймати 3 543 минг АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа 1 650 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш қувватига эга. Лойиҳа доирасида корхона таъсисчилари 1 631 минг доллар эквивалентдаги бино-иншоотлар ҳамда айланма капитални тўлдириш учун ўз маблағлари билан иштирок этаётган бўлса, 1 912,2 минг АҚШ доллари миқдорида Қишлоқ қурилиш банк молиявий кўмаги жалб қилинган.

Кредит маблағлари эвазига музлатгич, саралаш дастгоҳлари харид қилинган. Шунингдек, туман ҳудудида 32 гектар ерга Туркиядан олиб келинган томчилатиб суғориш технологияси асосида фаолият олиб борадиган интенсив боғ барпо қилинган.

qqb_fargona_3.jpg
 
“Toshloq ise fruits servis” МЧЖга қарашли интенсив боғ
Фото: Қувонч Тўраев

Боғда ўстирилаётган кўчатлар ҳамда томчилатиб суғориш технологияси ҳам Қишлоқ қурилиш банк молиявий кўмаги билан келтирилган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 14 янги иш ўрни яратилган.

Тошлоқ туманида кўп квартирали уйлар қуриш лойиҳаси

qqb_fargona_2.jpg
 
Тошлоқ туманида қуриб фойдаланишга топширилаётган кўп квартирали турар-жой мажмуаси
Фото: Қувонч Тўраев

Маълумки, Қишлоқ қурилиш банк қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш билан шуғулланувчи корхоналарга молиявий кўмак бериб, шу орқали қишлоқ жойларда аҳолини уй-жой билан таъминлашга ҳисса қўшиб келади. Авваллари қишлоқ ҳудудларида асосан намунали уй-жойлар, ҳовлилар қурилган бўлса, бугунги кунга келиб туманларда ҳам кўп квартирали уйлар барпо этилмоқда. Тошлоқ туманидаги “Toshloq qurilish va ta’mirlash” хусусий корхонаси қишлоқ жойларда кўп квартирали уйлар қураётган корхоналардан бири. Корхона Қишлоқ қурилиш банк молиявий кўмагида Тошлоқ туманидаги Ахшак маҳалласи ҳудудида 5 қаватли уйлардан иборат мажмуа қуриб, фойдаланишга топширмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 10,5 млрд. сўмни ташкил қилиб, бунда банк томонидан 5,5 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган. Кредит маблағлари қурилишда фойдаланиладиган техникалар харид қилишга ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга йўналтирилган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.

Қувасойда NETHOUSE ташкил қилиш лойиҳаси

qqb_fargona_4.jpg
 
Қувасой агрокластерига қарашли NETHOUSE
Фото: Қувонч Тўраев

Пресс-турнинг навбатдаги манзили Қувасой шаҳридаги NETHOUSE технологиясидан фойдаланиб барпо этилган Қувасой агрокластери бўлди. Исроил технологияси асосидаги ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2 996 минг АҚШ доллари ҳисобланиб, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ 1 996 минг доллар миқдорида NETHOUSE жиҳозлари ва ускуналарини сотиб олишни молиялаштирган. Технологиянинг асосий хусусиятлари махсус шаффоф тўрдан фойдаланиш бўлиб, у бир вақтнинг ўзида об-ҳавонинг салбий таъсирларидан ҳамда ҳашаротлардан ҳимоя қилади.

qqb_fargona_5.jpg
 
Қувасой агрокластерига қарашли NETHOUSE
Фото: Қувонч Тўраев

Агрокластер етиштирган маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза ҳисобланиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳам маҳаллий бозор, ҳам хорижий бозорлар учун мўлжалланган. NETHOUSE технологияси Испания ва Исроил давлатларида яхши самара беришини исботлаган. Лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилиши натижасида 72 киши мавсумий иш билан таъминланган.

Асаларичилик кооперацияси ташкил қилиш лойиҳаси

qqb_fargona_6.jpg
 
Бир маҳалла — бир тадбиркор тамойили асосида Қувасой шаҳрида ташкил қилинган асаларичилик кооперацияси
Фото: Қувонч Тўраев

Қишлоқ қурилиш банкнинг молиявий кўмагида вилоятнинг Қувасой шаҳрида бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили асосида асаларичилик йўналишида кооперация ташкил қилинган. “Tolibjon G‘anijon Asalarichilik” фермер хўжалиги ушбу кооперацияда лидер тадбиркор сифатида танланган. Лойиҳа қиймати 1 млрд. сўмни ташкил қилиб, лидер тадбиркор ҳудуддаги 52 нафар фуқарога асаларичилик сирларини ўргатган ҳамда ҳозирда улар асал етиштириш билан шуғулланмоқда. Ушбу лойиҳа йилига 22 тонна асал етиштириш имконини беради.

Чимёнда санаторий ташкил қилиш лойиҳаси

qqb_fargona_7.jpg
 
Фарғона туманида шу кунларда фойдаланишга топшириладиган HUMO санаторийси
Фото: Қувонч Тўраев

Навбатдаги манзил Фарғона туманидаги Чимён қишлоғи бўлди. Бу ерда пресс-тур қатнашчилари фаолияти шу йил йўлга қўйилиши мўлжалланган HUMO санаторийси лойиҳаси билан танишдилар. Лойиҳанинг умумий қиймати 13,8 млрд. сўмни ташкил қилиб, ушбу маблағнинг 5 млрд. сўми Қишлоқ қурилиш банк маблағлари ташкил қилади. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудудда 102 та янги иш ўрни яратилади. Сиҳатгоҳ Фарғона вилояти ва бутун республика аҳолиси учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Қишлоқ қурилиш банк Қўқон банк хизматлари офиси

qqb_fargona_8.jpg
 
Қишлоқ қурилиш банк Қўқон БХО
Фото: Қувонч Тўраев

Журналистлар пресс-турнинг иккинчи кунида Қишлоқ қурилиш банкнинг Қўқон банк хизматлари офиси фаолияти ҳамда у хизмат кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди.

Қишлоқ қурилиш банк бу йил республикадаги барча филиалларини ягона МФОга ўтказмоқда. Жойларда банк филиаллари ўрнида банк хизмат кўрсатиш маркази (БХМ) ҳамда банк хизмат кўрсатиш офиси (БХО) лар ташкил қилинмоқда. 4 апрелдан бошлаб банкнинг Фарғона вилояти минтақавий филиали, Марғилон, Қўқон ва Қува филиаллари ягона МФОга ўтказила бошлаган эди.

qqb_fargona_9.jpg
 
Қишлоқ қурилиш банк Қўқон БХО
Фото: Қувонч Тўраев

Қишлоқ қурилиш банк Қўқон БХО Бошқарувчиси Анваржон Рашидовнинг сўзларига кўра, Қўқон БХО жорий йилда 40 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратишга эришган. Банк озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича сутчилик йўналишида тадбиркорларга кредит маблағлари тақдим этган.

Бувайда туманидаги сут маҳсулотлари етиштириш лойиҳаси

qqb_fargona_10.jpg
 
Ўзбекистон24 телеканалига интервью бераётган "Samiraxon Sabinaxon Ulug'bek" фермер хўжалиги ходими
Фото: Қувонч Тўраев

Қишлоқ қурилиш банк Қўқон БХО мижози бўлган “Samiraxon Sabinaxon Ulug‘bek” фермер хўжалиги сут маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган ферма фаолиятини йўлга қўйган. Корхона Бувайда туманида 461,8 минг АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳанинг 249,8 минг доллари миқдоридаги қисми Қишлоқ қурилиш банк кредитлари ҳисобидан молияштирилган.

Банкнинг молиявий ёрдами асосида 1 та трактор, 64 бош наслли қора мол (Австрия давлатидан келтирилган) ҳамда соғин зали учун ускуналар (Туркия технологияси) харид қилинган. Соғин залидаги технология сигирларни инсон аралашувисиз соғиш имконини беради. Келажакда корхона фаолият кўламини кенгайтириб, қорамолчиликка ихтисослашган кластер ташкил қилиш режаларини маълум қилди.

Данғара туманидаги иссиқхона лойиҳаси

qqb_fargona_11.jpg
 
Данғара туманида ташкил этилган иссиқхона
Фото: Қувонч Тўраев

Навбатдаги манзил Данғара тумани Чодаклик қишлоғида жойлашган “Best Tomato” МЧЖга қарашли иссиқхона мажмуаси бўлди. Корхона қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва сақлашга ихтисослашган. “Best Tomato” МЧЖ Хитой Халқ Республикасидан иссиқхона жиҳозлари, совутиш ускуналари ва 4 дона автомузлатгич сотиб олиш учун Қишлоқ қурилиш банкнинг Қўқон БХОдан 990,8 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,4 млн. доллар ҳисобланади. Иссиқхона маҳсулотлари маҳаллий бозор ҳамда хорижга экспорт қилинади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 20 киши иш билан таъминланган.

Қўқон ЭИЗ ҳудудида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси

qqb_fargona_12.jpg
 
Қўқон ЭИЗ ҳудудида ташкил этилган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси
Фото: Қувонч Тўраев

Ҳозирги кунда Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳудудида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири “Avilon Kokand” МЧЖ томонидан йўлга қўйилган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳисобланади. Корхона ушбу лойиҳа учун “Avilon Kokand Plus” унитар корхонасини ташкил қилган ва Қўқон ЭИЗ ҳудудида 3,3 млн. доллар миқдорида инвестиция киритилган. Ушбу лойиҳа учун Қишлоқ қурилиш банк томонидан 2 млн. доллар миқдорида кредит ажратилган. Банкнинг молиявий кўмагида Туркия Республикасидан ип-калава ва матоларни бўяш дастгоҳлари сотиб олинган. Тўқимачилик корхонаси экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

Қишлоқ қурилиш банк Фарғона вилояти мисолида бутун республика бўйлаб аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаётганини, аҳолини уй-жой билан таъминлашга ҳисса қўшиб келаётганини кўрсатиб берди.

 

Теги qishloqqurilishbank qqb press-tur qishloq qurilish bank