Асосий/Сўнгги янгиликлар/Янгиланган алоқа маркази, такомиллаштирилган мобил илова, бир неча йирик битимлар — Қишлоқ қурилиш банкда 2021 йил якунлари

Янгиланган алоқа маркази, такомиллаштирилган мобил илова, бир неча йирик битимлар — Қишлоқ қурилиш банкда 2021 йил якунлари

Янгиланган алоқа маркази, такомиллаштирилган мобил илова, бир неча йирик битимлар — Қишлоқ қурилиш банкда 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ тўғрисида бўлади.

QQB-2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки Ўзбекистоннинг давлат банкларидан бири. Республика бўйлаб молия муассасасининг 43 та филиали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Қишлоқ қурилиш банк 1994 йилда Республика ихтисослаштирилган акциядорлик тижорат "Ғаллабанк" сифатида ташкил топган. 2009 йил Ғаллабанк негизида "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ ташкил этилди.

Қишлоқ қурилиш банк шиори: Фаровон ҳаётингиз хизматида

Қишлоқ қурилиш банк Бошқарув раиси Муратов Алишер Акмалович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

QQB-Kuzatuv kengashi

Қишлоқ қурилиш банк Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Қишлоқ қурилиш банк активлари миқдори 18,51 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 13,85 трлн. сўми миллий валютада, 4,66 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 2,65 трлн. сўмни ташкил қилади. Қишлоқ қурилиш банк 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида жами 2,31 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 89,0% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 272,23 млрд. сўмни ташкил қилади. Соф фойданинг 204,31 млрд. сўми миллий валютада, 67,92 млрд. сўми хорижий валютада шаклланган.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 223,7 млрд. сўм бўлганини ҳисобга олсак, 2021 йил якунлари бўйича соф фойда кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан бироз ошишини кутиш мумкин.

Банкдаги ўзгаришлар

Қишлоқ қурилиш банк 2020 йилнинг охирида Quant мобил иловасини тақдим этди. Жорий йилда эса жисмоний шахсларга мўлжалланган ушбу илова такомиллаштириб борилди. Жумладан, Quant иловасида онлайн конверсия, онлайн омонат, пул ўтказмалари каби 20 дан ортиқ банк хизматларидан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, илова орқали HUMO-HUMO пул ўтказмалари учун комиссия олинмайди. Ҳам Android, ҳам iOS операцион тизимлари учун ишлаб чиқилган Quant мобил иловасининг Android фойдаланувчилари сони 10 минг кишидан ортди.

photo_2020-12-17_16-10-10

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Қишлоқ қурилиш банк апрель ойида Тошкентда янги филиал очди. Яккасарой филиали аввалроқ Нурафшон шаҳрига кўчирилган Тошкент вилояти минтақавий биносида жойлашди. Филиаллар ҳақида яна бир янгилик: 4 октябрдан бошлаб банкнинг 3 та филиали — Бухоро минтақавий филиали, Тошкент шаҳар минтақавий филиали, Янгийўл филиалларида универсал менежерлар ва чакана касса ходимларининг иш графиги тушлик танаффусларисиз ташкил этиладиган бўлди.

Қишлоқ қурилиш банк йил давомида бир қатор хорижий банклар билан ҳамкорлик муморандумлари имзолади. МДҲга аъзо давлатларнинг II молия-банк форумида умумий қиймати 214,5 млн. долларлик битим имзолади. Жумладан, “Credit Suisse AG” банки (Швейцария) билан 125 млн. долларлик циндикатлашган кредит бўйича, "Альфа-банк" (Қозоғистон) билан 6,5 млн. долларлик инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича, "Белагропромбанк" (Беларус) билан 3 млн. долларлик инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича, "Mashreqbank" (БАА) билан 75 млн. долларлик Яқин Шарқ мамлакатлари банклари ўртасида cиндикатлашган кредитни ташкиллаштириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

photo_2021-11-27_11-45-41

Тошкентда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатларнинг II молия-банк форумидан лавҳа. 

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Оммавий ахборот воситаларида йил давомида банк тўғрисида салбий мазмундаги янгилик ёки хабарлар деярли эълон қилинмаган. Фақатгина жорий йилнинг 26 апрель куни Қишлоқ қурилиш банкнинг Сирдарё минтақавий филиалида 81 минг евро қалбаки пуллар аниқлангани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатга доир тафсилотлар ҳозирчалик эълон қилинмаган. 

Қишлоқ қурилиш банк турли маҳаллий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келади. Масалан, бугун ҳам Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Қишлоқ қурилиш банк "Энг намунали вазирлик ва идора" танловида 3-ўринга лойиқ кўрилди. 

jc6OQkC2t0fhxh4KR43GqzEvkYwhiEDw_front

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Банк сайти - qishloqqurilishbank.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.

Банкнинг алоқа маркази телефони - 1254 ёки 78 150 00 55 бўлиб, алоқа марказнинг ўзи шу йилнинг 1 апрелидан фаолиятини бошлади.

Қишлоқ қурилиш банк ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини фаол тарзда юритади. Банкнинг ТелеграмФейсбукInstagram саҳифаларида доимий постлар эълон қилиб борилади. Банк матбуот хизмати жорий йилда Twitter ҳамда TikTok саҳифаларини яратди, Телеграмда эса онлайн чат-бот орқали ҳам мижозлар билан алоқани йўлга қўйди. Умуман олганда, банк матбуот хизмати анча фаол ишлайди: банкнинг режалари тўғрисида ёки амалга оширган ишлари юзасидан турли матбуот анжуманлари ўтказади, жойларда ОАВ вакиллари иштирокида пресс-турлар ташкиллаштирилади.

Жорий йил 23 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ахборот хизмати раҳбарлари фаолияти самарадорлиги рейтинги эълон қилинди. Рейтингда давлат банклари орасида Қишлоқ қурилиш банки матбуот котиби Орипов Шуҳратжон 80,4 балл билан биринчи ўринда эътироф этилган.

photo_2021-12-15_18-08-05

Фото: aoka.uz

Мирзаолим Дилшодов

Теги 2021 qishloqqurilishbank yil yakunlari