Асосий/Сўнгги янгиликлар/Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Н.Холмуродов Ипотека банк вилоят филиали раҳбарига кредит ажратиш масаласида босим ўтказган

Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Н.Холмуродов Ипотека банк вилоят филиали раҳбарига кредит ажратиш масаласида босим ўтказган

Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Н.Холмуродов Ипотека банк вилоят филиали раҳбарига кредит ажратиш масаласида босим ўтказган

Бухоро вилоятида ўтказилган сайёр қабулда вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Нозим Холмуродов Ипотека-банк вилоят филиали раҳбари Ўктамжон Хаттабовга "атиги" 1 млрд. сўм кредитни чиқара олмаётганлиги юзасидан қаттиқ "танбеҳ берган". Мазкур ҳолат ёзиб олинган видеолавҳа "Bukhara News" телеграм каналида эълон қилинган.

Видео: Bukhara News

Видеода кўринганидек, банк бошқарувчиси мижознинг "кредит тарихи яхши эмаслиги", бу борада Бош банк раҳбарияти ҳам қарши эканлигини айтган бўлса-да, ҳоким ўринбосари унга турли сўзлар билан "босим" ўтказишга ҳаракат қилган. Хусусан, Н.Холмуродов банк раҳбарлари "слабый" (русчадан "суст") эканлигига урғу бериб, уларни "қаергадир кўтариб юбориш" жумласини ишлатган ҳолда, "қаергалигини биласиз-а" деб пичинг қилган.

Шунингдек, кредит ҳужжатлари тайёрмаслигини айтган филиал раҳбарига "ҳужжатингни бошингга ур" дея, уни зудлик билан Тошкентга боришга буйруқ берган. 

Нозим Холмуродов 2021 йил 22 январда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди. Мазкур тайинловга қадар Н.Холмуродов Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

"Сан душанба куни поездга ўтирасан, борасан Тошкентга. Ман параллельно раисинггаям илтимос қиламан, Жўрабеккаям (Ипотека-банк Бошқарув раиси ўринбосари Зулфукаров Джура Исмаилович назарда тутиляпти - таҳр.) илтимос қиламан. Шу кредитни чиқармагунингча қайтмайсан. Агар шу кредитни чиқара олмасанг, ўша ёқдан аризангни ёзиб кетасан. Шу топшириқ. «Окончательно» (русчадан «якуний») мани топшириғим (!) Анави учта кредитни эплай олмаётганингни яхши биламан", - дейди Н.Холмуродов. Шу билан бирга, ҳоким биринчи ўринбосари "1 млрд. кредитни ҳал қила олмаётган вилоят банки нимага керак? Тадбиркор икки ойдан бери санга юриб, 1 млрд. кредитни ҳал қила олмаса, бу нимага ман сани вилоят банкининг бошлиғи қилишим (!) керак?", деган савол билан ҳам юзланади.

Шундан сўнг ҳокимнинг биринчи ўринбосари тадбиркорга юзланиб, банк Бошқарувчиси билан бирга Тошкентга боришини айтади.

Нозим Холмуродов 2021 йил 22 январда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди. Мазкур тайинловга қадар Н.Холмуродов Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

"Ипотека-банк" АТИБ Бухоро вилоят филиали Бошқарувчиси Ўктамжон Хаттабовнинг ушбу лавозимга тайинланганига кўп вақт бўлмади. Аввалги Бошқарувчи Эркин Мансуров 2021 йилнинг 23 декабрида Марказий банк Бухоро вилоят бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган эди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида" ги Қонуннинг 8- моддаси банкларнинг мустақиллиги деб номланади.

"Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно", - дейилади Қонуннинг 8-моддасида.

Теги hokimyat Ipoteka bank Buxoro