Асосий/Сўнгги янгиликлар/Муаммога айланган имтиёзли кредитларнинг ярмидан кўпи Халқ банки ҳиссасига тўғри келади

Муаммога айланган имтиёзли кредитларнинг ярмидан кўпи Халқ банки ҳиссасига тўғри келади

Муаммога айланган имтиёзли кредитларнинг ярмидан кўпи Халқ банки ҳиссасига тўғри келади

29 март куни АОКА биносида "Халқ банки фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Халқ банки Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Зафар Азимов, банкнинг департамент раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

xalq_banki_matbuot_anjumani.jpg

Фото: Халқ банки

Зафар Азимов анжуман иштирокчиларини Халқ банки фаолиятига доир статистик маълумотлар, банкнинг иқтисодий кўрсаткичлари, алоқа маркази, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича маълумотлар билан таништирди.

Зафар Азимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда муаммоли кредитга айланган 2,8 трлн. сўмлик имтиёзли кредитларнинг 1,6 трлн. сўми (ёки 57 фоизи - таҳр.) Халқ банки ҳиссасига тўғри келади. Аввалроқ Ҳисоб палатаси 2022 йил 1 январь ҳолатига, Ўзбекистонда 2,8 трлн. сўмлик имтиёзли кредитлар муаммога айлангани тўғрисида маълумот тақдим қилганди.

xalq_banki_matbuot_anjumani_1.jpg

АТ "Халқ банки" Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Зафар Азимов
Фото: Халқ банки

Шунингдек, анжуманда иштирок этган Bankers.uz вакили томонидан "Россия ва Украинадаги можаролар фонида Россиядан юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши Халқ банкининг NPL'ни сўндириш борасидаги прогноз режаларига қай даражада таъсир қилиши ҳамда бу борада қандай йўл тутиш режалаштирилаётгани" тўғрисида савол берилди. Халқ банки Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари ҳақиқатдан пул ўтказмалари миқдори камайганини эътироф этиб, муаммоли кредитларни сўндириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича гапирди. Унинг сўзларига кўра, имтиёзли кредитларни ажратишда 2022 йил 1 мартдан бошлаб oilakredit.uz платформаси ишга тушган. Ушбу платформа имтиёзли кредитлар ажратишда банк ходимлари ролини минималаштиради ва бу орқали муаммога айланиши мумкин бўлган имтиёзли кредитлар ҳажмини камайтиради. Тижорий кредитларнинг муаммога айланган қисмини сўндириш учун эса банкнинг республикадаги барча филиалларида юрист лавозими жорий этилиб, улар орқали муаммоли кредитларнинг бир қисмини сўндиришга эришилмоқда.

1 март ҳолатига кўра, Халқ банки кредит портфелининг 19,49 фоизи ёки 3 трлн. 719 млрд. сўмлик кредит маблағлари муаммоли кредитга айланган.

Шунингдек, 2021 молиявий йилни зарар билан якунлаган Халқ банки жорий йилнинг I чораги якунида фойда билан чиқишни режалаштирмоқда. "2022 йилнинг январь-февраль ойларини Халқ банки 200 млрд. сўм соф фойда билан якунлади. Чорак якунида ушбу рақам 300 млрд. сўмни ташкил қилиши кутилмоқда", - дейди Зафар Азимов.

Теги matbuot anjumani Zafar Azimov Xalq bank