Асосий/Сўнгги янгиликлар/Bankers.uz нашри Ўзбекистон банк тизимининг 2021 йил одамларини аниқлади

Bankers.uz нашри Ўзбекистон банк тизимининг 2021 йил одамларини аниқлади

Bankers.uz нашри Ўзбекистон банк тизимининг 2021 йил одамларини аниқлади

Ўзбекистонда фаолият юритувчи тижорат банкларининг бошқаруви раисларига, шунингдек медиамаконнинг кўзга кўринган оммавий ахборот воситалари журналистларига, блогерларга ҳамда иқтисодий соҳа экспертларига кимларни 2021 йилда мамлакат банк тизимининг "Йил одамлари" сифатида эътироф этишини сўраб, мурожаат қилинди. Бунда респондентлар ушбу саволга жавоб беришда 3 та одамни айтиши мумкин бўлди.

Овоз бериш жараёнида 20 дан ортиқ тижорат банклари бошқарув раислари, шунингдек, таниқли оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда журналистлар, ижтимоий тармоқ фаоллари ва соҳа экспертлари иштирок этди.

Натижаларга кўра, қуйидаги 3 та одам "Ўзбекистон банк тизимининг йил одамлари" қаторида энг кўп эътироф этилди:

Сергей Гимадиев - "Bank Apelsin" бошқаруви раиси, "Капиталбанк" АТБ бошқарув раиси собиқ ўринбосари. С.Гимадиев ўтаётган йилда Ўзбекистон банкларининг мобил иловалари ичида етакчилардан бири бўлган "Apelsin" иловасини яна такомиллаштирди, шунингдек рақамли банк очилишида ҳам С.Гимадиев ва унинг жамоаси ҳиссаси катта эканлиги сир эмас.

Шуҳрат Атабаев - АТ "Халқ банки" бошқаруви раиси, жорий йил феврал ойига қадар сўнгги 2,5 йил давомида "Ипотека банк" АТИБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган, жорий йил февраль-июль ойларида Президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб фаолият юритган. Ш.Атабаевни "Йил одами" деб эътироф этганлар, унинг Халқ банкидаги ислоҳотларнинг бошланишига сабабчи қилиб кўрсатиш билан бир қаторда, Ипотека банкнинг хусусийлаштирилишида ҳам катта роль ўйнаган шахс деб ҳисоблашмоқда.

Рустам Маматқулов - "Агробанк" АТБ бошқаруви раиси. Сўнгги йилларда банкда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, "Фермерлар мактаби", "Ўсимликларни ҳимоя қилиш лабороторияси" каби ташаббуслар, шунингдек йилнинг энг катта шов-шувларидан бирига айланган "Агробанк ребрендинги"ни Р.Маматкулов ва унинг жамоаси билан боғлашмоқда.


Йил одамлари

Овоз бериш натижаларига кўра, "Йил одамлари" сифатида кўрсатилган одамлардан ташқари, респондентлар томонидан кўп бора эсга олинган яна айримларни алоҳида кўрсатиб ўтишни лозим деб топдик.

Спартак Тетрашвили (TBC Bank Uzbekistan бошқаруви раиси), Улуғбек Таваккалов (Tenge Bank бошқаруви раиси ўринбосари) ҳамда Шерзод Акрамов (ANORBANK бошқаруви раиси) - рақамлаштириш жараёнларида трендларни белгиловчилар сифатида эътироф этилиш борасида, Сергей Гимадиевга "рақобатчи" бўлди, десак ҳам бўлади.

Алишер Мирсоатов (Ўзмиллийбанк бошқаруви раиси) ҳамда Алишер Муратов (Қишлоқ қурилиш банк) номлари ҳам, бироз кутилмаган бўлса-да, банкни барқарор бошқариш стратегияси, хорижий ҳамкорлар билан самарали ишловчи раҳбарлар сифатида кўп бора тилга олинди.

Банкда раҳбар лавозимида ишламайдиган шахслардан Отабек Бакиров (банк соҳаси эксперти, иқтисодчи) номи ҳам кўпчилик эътироф этган одам сифатида қайд этилди.

Марказий банк раҳбариятидан Илҳом Абдугаффаров (Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари) банкларда рақамлашгтириш жараёнига катта кўмак берган шахс сифатида, Беҳзод Ҳамраев (Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари) пул-кредит сиёсатини олиб боришда катта роль ўйновчи шахс сифатида, Ботир Захидов (Марказий банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари) давлат улуши устувор бўлган банкларнинг кўп муаммоли масалаларида ёрдам берган шахс сифатида бир неча бор эътироф этилди.

Овоз берувчилар томонидан, шунингдек, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов, Туронбанк бошқаруви раиси Чори Мирзаев, InFinBank бошқаруви раиси Бобур Бурханов, Ипотека банк бошқаруви раиси Элёр Иномжонов, TBC UZ кузатув кенгаши раиси Ника Курдиани номлари ҳам бир неча бор айтиб ўтилди.

Bankers.uz нашри "Ўзбекистон банк тизимида йил одамлари" қаторида қайд этилган барчани, шунингдек, уларнинг жамоасини ушбу кичкина бўлса-да, эътироф билан табриклайди. 

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон банк тизими жамоасини кириб келаётган янги йил билан ҳам табриклайди ва барчага меҳнат фаолиятида ютуқлар тилаб қолади.

Теги 2021 yil odami Sergey Gimadiyev Rustam Mamatqulov Shuhrat Atabayev yil yakunlari