Асосий/Сўнгги янгиликлар/Март ойида муаммоли кредитлар миқдори 381 млрд. сўмга камайди

Март ойида муаммоли кредитлар миқдори 381 млрд. сўмга камайди

Март ойида муаммоли кредитлар миқдори 381 млрд. сўмга камайди

Марказий банк 2022 йил 1 апрель ҳолатида тижорат банкларининг кредит портфели ҳамда муаммоли кредитлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этди.

Регулятор хабарига кўра, иқтисодиётга йўналтирилаётган кредит қўйилмалари ҳажми 13,1 трлн. сўмга кўпайиб, 340,26 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу ўсиш активлари кўп бўлган бир қатор банклар ҳисобига рўй берган. Ўзмиллийбанк (+4 820 млрд. сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (+1 707 млрд. сўм), Агробанк (+1 329 млрд. сўм), Асакабанк (+1 185 млрд. сўм) ҳамда Капиталбанк (+630 млрд. сўм) ларнинг кредит портфели бир триллион сўмдан кўпроқ миқдорга кўпайган. Ўтган ойда бўлгани каби бу ойда ҳам Халқ банкининг (-532 млрд. сўм) кредит портфели сезиларли камайган. Умумий ҳисобда еттита банкнинг кредит портфели қисқарган.

Март ойида ҳам банкларнинг муаммоли кредитлари миқдори камайишда давом этган. 1 апрель ҳолатига кўра, банк тизимининг умумий муаммоли кредитлари миқдори 381 млрд. сўмга пасайиб, 16 трлн. 831 млрд. сўмни ташкил қилмоқда. Давлат улуши мавжуд банкларнинг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар миқдори 15,0 трлн. сўмгача камайди. Тижорат банкларидан Халқ банки (-195 млрд. сўм), Asia Alliance Bank (-113 млрд. сўм), Ипотека-банк (-109 млрд. сўм), Алоқа банк (-102 млрд. сўм) лар муаммоли кредитларининг бир қисмини сўндиришга эришган. Ўтган ой давомида NPL қолдиғи Ўзсаноатқурилишбанк (+65 млрд. сўм), Асакабанк (+33 млрд. сўм), Туронбанк (+24 млрд. сўм) ларда бироз кўпайган.

Муаммоли кредитларнинг жами кредит портфелидаги улуши март ойида 0,31 фоизга камайиб, 4,95 фоизни ташкил қилмоқда. Hi-Tech Bank (92,0%), Ўзагроэкспортбанк (88,2%), Туркистонбанк (68,6%), Равнақ-банк (22,4%), Мадад инвест банк (20,8%), Халқ банки (19,0%), Савдогарбанк (12,2%) ларнинг кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши юқорилигича қолмоқда. Ой давомида Asia Alliance Bank муаммоли кредитлар улушини деярли икки бараварга камайтирган.

Батафсил жадвал билан қуйида танишишингиз мумкин:

npl-01-04-2022.jpg

Муаммоли кредитлар динамикаси
Фотожадвал: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz

Теги muammoli kreditlar NPL