Асосий/Сўнгги янгиликлар/Январь ойида муаммоли кредитлар миқдори 500 млрд. сўмга ортди

Январь ойида муаммоли кредитлар миқдори 500 млрд. сўмга ортди

Январь ойида муаммоли кредитлар миқдори 500 млрд. сўмга ортди

npl-02-2022 (1)

Муаммоли кредитлар динамикаси
Фотожадвал: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz

Марказий банк бироз кечикиб бўлса-да, 2022 йил 1 февраль ҳолатида тижорат банкларининг кредит портфели ҳамда муаммоли кредитлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этди.

Регулятор хабарига кўра, иқтисодиётга йўналтирилаётган кредит қўйилмалари ҳажми 2,3 трлн. сўмга пасайиб, 324,13 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу пасайиш давлат улуши мавжуд банклар ҳисобига рўй берган. Қишлоқ қурилиш банк (+134 млрд. сўм), Микрокредитбанк (+29 млрд. сўм) лардан бошқа барча давлат банкларининг кредит портфели камайган. Шунингдек, ҳозирда фаолият юритмаётган Ўзагроэкспортбанкнинг кредит портфелида ўзгариш кузатилмаган.

Давлат улуши устувор бўлмаган банкларнинг кредит портфели бироз ортган – 305 млрд. сўм. Ушбу банклар орасида Капиталбанк (+220 млрд. сўм), Hamkorbank (+75 млрд. сўм), КДБ Банк Ўзбекистон (+60 млрд. сўм), TBC Bank (+45 млрд. сўм), Anorbank (+42 млрд. сўм) ларда кредит портфели ўсган.

Шу билан бирга банкларнинг муаммоли кредитлари ҳажми ортган. 1 февраль ҳолатига кўра, банк тизимининг умумий муаммоли кредитлари миқдори 503 млрд. сўмга ортиб, 17 трлн. 477 млрд. сўмни ташкил қилмоқда. Давлат улуши мавжуд банкларнинг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар миқдори 15,5 трлн. сўмга етди. Январь ойида муаамоли кредитларнинг энг кўп ўсиши Ипотека-банк (+197 млрд. сўм), Қишлоқ қурилиш банк (+141 млрд. сўм), Ўзмиллийбанк (+109 млрд. сўм) ларда кузатилган. Асакабанк (-87 млрд. сўм), Халқ банки (-67 млрд. сўм) ва Агробанк (-4 млрд. сўм) лар муаммоли кредитларининг бир қисмини сўндиришга эришган.

1 февраль ҳолатига кўра, давлат улуши устувор бўлмаган банклар кредит портфелида муаммоли кредитлар миқдори 49 млрд. сўмга ортиб, 1 трлн. 954 млрд. сўмни ташкил қилмоқда. Asia Alliance Bank (+59 млрд. сўм), Трастбанк (+43 млрд. сўм), Универсал банк (+11 млрд. сўм) ларда NPL миқдори ортган бўлса, Капиталбанк (-37 млрд. сўм), “Ипак Йўли” банки (-10 млрд. сўм), TBC Bank ва Равнақ-банкларда (ҳар бирида -9 млрд. сўмдан) муаммоли кредитларнинг бир қисми сўндирилган.

Муаммоли кредитларнинг жами кредит портфелидаги улуши январь ойида 0,2 фоизга ортиб, 5,4 фоизни ташкил қилмоқда. Hi-Tech Bank (93,1%), Туркистонбанк (69,1%), Ўзагроэкспортбанк (56,3%), Равнақ-банк (22,2%), Халқ банки (19,6%), Савдогарбанк (11,8%), Asia Alliance Bank (10,8%) ларнинг кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши юқорилигича қолмоқда. Батафсил жадвал билан қуйида танишишингиз мумкин

Теги muammoli kreditlar NPL