Асосий/Сўнгги янгиликлар/"PAYNET" савдо белгисининг эгаси ўзгарди

"PAYNET" савдо белгисининг эгаси ўзгарди

"PAYNET" савдо белгисининг эгаси ўзгарди

"PAYNET" савдо белгисининг эгаси ўзгарди - "Instant Payment Solutions" МЧЖ томонидан Ўзбекистон тижорат банкларига юборилган хатда 2022 йил 1 апрелдан бошлаб "PAYNET" савдо белгиси остида тўловларни қабул қилиш ва ўтказиш бўйича ўз фаолиятини бошлаши тўғрисида маълумот берилган.

Paynet xati

"Instant Payment Solutions" МЧЖ томонидан тижорат банкларига юборилган хат / Фото: Bankers.uz

Очиқ манбаларга кўра, "Instant Payment Solutions" МЧЖ 2021 йил 27 декабрда ташкил этилган. Компания таъсисчилари Ботир Арифджанов (20%), Сардор Комилов (20%) ҳамда MBCI Mont Blanc Commodities & Investments AG (60%) компанияси ҳисобланади. Корхона устав капитали 10 млн. сўм. "Instant Payment Solutions" МЧЖ 2022 йил 12 февралда Марказий банкда "тўлов ташкилоти" сифатида рўйхатдан ўтган.

Paynet Statuz

Фотоскриншот: stat.uz

Жамиятнинг асосий таъсисчиси - "MBCI Mont Blanc Commodities & Investments AG" Швейцария давлатида рўйхатдан ўтган. Компания расмий сайтида маълумот берилишича, унга 2017 йил асос солинган. Компания манзили - Sihleggstrasse 23, 8832 Wollerau.

Компаниялар ҳақида маълумот берувчи dnb.com сайтида "MBCI Mont Blanc Commodities & Investments AG" компанияси бошқарувчи директори сифатида Бахтиёр Маҳкамов исмли шахс кўрсатилган. Маълумот тариқасида - Тошкент ахборот технологиялари университети ректори ҳам Бахтиёр Маҳкамов исмли шахс ҳисобланади.

"PAYNET" тарихи

"PAYNET" тўлов тизимига 2005 йилда Ботир Арифджанов ва унинг шериклари томонидан асос солинган. Хизматлар учун тўловларни қабул қилиш борасида ҳар бир ўзбекистонликка таниш бўлган Paynet савдо белгиси катта тезликда бозорни эгаллаганди. Тез орада ушбу хизматни кўрсатувчи бошқа компаниялар ҳам пайдо бўлган бўлса-да, бироқ 2009 йил кузида уларга нисбатан талабларнинг кучайтирилиши (устав фонди ҳажми, мамлакат бўйлаб тўлов бўйича агентлар сони ваҳоказо) бозорда Paynet мавқеини яна ошишига олиб келганди.

Б.Арифджановнинг 2020 йил берган интервьюсидаги сўзларига кўра, ўз вақтида Россиянинг QIWI компанияси PAYNET тўлов тизими учун 10 млн. доллар беришга тайёр бўлган. Бироқ, "PAYNET" эгалари Ўзбекистонга қайтгач, уларга компаниядан "воз кечишлари лозимлиги" тўғрисида қўнғироқ бўлган. Б.Арифджанов компанияни ўша пайтда (давлат курси бўйича) 60 минг долларга "сотганлигини" айтган.

Ботир Арифжанов

Paynet тўлов тизими асосчиларидан бири Ботир Арифджанов.
Фото: Spot

Ўша вақтда (2009 йил кузида) UzPaynet акциялари назорат пакети (62,5 фоизи) Халқ банкига тегишли бўлиб, компанияни юқори рўйхатга олиш тўловидан (энг кам иш ҳақининг 140 минг баробари) озод қилганди. 2014 йилдан кейин Халқ банки "UzPaynet" МЧЖнинг ягона акционери ҳисобланади.

2018 йил май ойида "UzPaynet" МЧЖ фаолияти тугатилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ, орадан бироз муддат ўтиб компания фаолияти тугатилмаслиги, бренд тўлиқ Халқ банки тасарруфига ўтиши айтилганди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Халқ банки ва "Микрокредитбанк"нинг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Қарорда "жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2016 йил 4 октябрдаги ҳукмига кўра давлат даромадига ўтказилган "UzPaynet" МЧЖ устав фондидаги 37,5 фоиз улушни кейинчалик давлат улушини ошириш ҳисобига Халқ банкига ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига берилиши, "UzPaynet" МЧЖни ихтиёрий равишда тугатиш ва жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича Халқ банкининг таркибий бўлинмасини тузиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши" кўрсатилганди. 

uzpaynet stat

Фотоскриншот: stat.uz

Компания сайтида маълум қилинишича, тўлов тизими орқали 390 дан ортиқ хизмат етказиб берувчилар учун тўловлар қабул қилинади, тизимнинг республика бўйлаб 21 мингдан зиёд тўлов қабул қилиш пунктлари мавжуд. PAYNET тўлов шохобчаларида ҳар куни ўртача 2 млн. дан ортиқ аҳоли тўловни амалга оширади. 

Тўлов тизими Android ва IOS тизимлари учун "PAYNET - Qulay pul" иловасини ишлаб чиққан бўлиб, иловани 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчи юклаб олган.

Bankers.uz "PAYNET" савдо белгисига эгалик ҳуқуқининг ўзгариши, хусусан "UzPaynet" МЧЖ борасида Халқ банки ва "Instant Payment Solutions" МЧЖ вакилларига боғланишга ҳаракат қилмоқда. Интернет-нашр улар ўртасидаги битим тафсилотлари ҳақида қўшимча материал чоп этишга ҳаракат қилади.

Теги Paynet Uzpaynet Instant Payment Solutions Botir Arifdjanov Xalq bank