Асосий/Сўнгги янгиликлар/22 декабрдан янги намунадаги 50 000 сўм ва 100 000 сўмлик купюралар эмиссия қилинади

22 декабрдан янги намунадаги 50 000 сўм ва 100 000 сўмлик купюралар эмиссия қилинади

22 декабрдан янги намунадаги 50 000 сўм ва 100 000 сўмлик купюралар эмиссия қилинади

image_2021-12-15_19-13-31

Фото-коллаж: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Аввалроқ 50 минг сўм ва 100 минг сўмлик купюралар дизайни янгиланиши тўғрисида хабар берган эдик.

Бугун, 15 декабрь куни Марказий банк янги намунадаги 50 минг сўмлик ва 100 минг сўмлик купюралар дизайнини эълон қилди.

Марказий банк хабарига кўра, 2021 йилнинг 22 декабридан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилади. 

Мазкур банкнотлар мавзуси (тематикаси) “Буюк Ипак йўли” ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги Сурхондарё ва Хоразм вилоятларининг қадимий тарихига бағишланган.

Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган.

50 000 сўмлик банкнот:

Ўлчами 147 х 69 мм.

Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “50000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.

Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 3 мм.ли яшил рангли, “силжиш” эффектига эга, ранги ўзгарувчан, металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.

Олд ва орқа томонларининг асосий ранги – бинафшаранг бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган.

Банкнот олд томони чап қисмида Сурхондарё вилоятида жойлашган XI-XII асрларга тегишли “ABU ISO TERMIZIY MAQBARASI” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

content_img

Фото: Марказий банк

Юқори қисмининг чап тарафида “50000” рақами тўқ қизил рангда, юқори қисм марказида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни ярми кўк рангда ва ярми тўқ қизил рангда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Республикасининг Герби тўқ қизил рангда жойлашган.

Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган кўк рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.

Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида “латент” (яширин) тасвир “UZ” кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.

Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи “ELLIK MING SO‘M” ёзуви ва “O‘ZBEKISTON SO‘MI RESPUBLIKA HUDUDIDA HAMMA TO‘LOVLAR UCHUN O‘Z QIYMATI BO‘YICHA QABUL QILINISHI SHART” матни жойлашган.

Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.

Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги халқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.

Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли” карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

Юқори чап қисмида Сурхондарё вилояти Сополлитепа археология ёдгорлиги топилмаси бўлган “нақшинкор тамға” тасвири регистр вазифасини бажарган ҳолда, “олд” ва “орқа” томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.      

Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган.

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III-I асрларга тегишли бўлган Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимий ёдгорлик – “FAYOZTEPA ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.

content_img (1)

Фото: Марказий банк

Марказий қисмида тинчлик рамзи бўлган “учаётган кабутар” тасвирида замонавий “Spark live” махсус ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда тасвирда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади.

Ўнг қисмида Сурхондарё вилояти Сополлитепа археология ёдгорлиги топилмаси бўлган милоддан аввалги XVII-XV асрларга тегишли 2 хил кўринишдаги сопол идишлар тасвири акс эттирилган.

Юқори чап қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил “2021” чоп этилган.

Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати “50000” рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда “ELLIK MING SO‘M” ёзуви туширилган.

Пастки қисмида “O‘ZBEKISTON SO‘MINI QALBAKILASHTIRISH QONUNGA MUVOFIQ TA’QIB QILINADI” матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.

100 000 сўмлик банкнот:

Ўлчами 152 х 69 мм.

Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “100000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.

Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 мм.ли, сариқ рангли, “силжиш” эффектига эга бўлган, ‘”UZB” матнли ранги ўзгарувчан, металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.

Олд ва орқа томонларининг асосий ранги сариқ рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган.

Банкнот олд томони чап қисмида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган “ICHAN QAL`A” тарихий музейи тасвирланган.

100 000 сўмлик

Фото: Марказий банк

Юқори қисмининг чап тарафида “100000” рақами, юқори қисм марказидаги “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни жигаррангда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Республикасининг Герби яшил рангда жойлашган.

Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган жигаррангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради. 

Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида “латент” (яширин) тасвир “UZ” кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.

Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи “BIR YUZ MING SO‘M” ёзуви ва “O‘ZBEKISTON SO‘MI RESPUBLIKA HUDUDIDA HAMMA TO‘LOVLAR UCHUN O‘Z QIYMATI BO‘YICHA QABUL QILINISHI SHART” матни жойлашган.

Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.

Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги халқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.

Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли” карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

Юқори чап қисмида “ICHAN QAL`A” тарихий музейи марказида жойлашган минора тасвири регистр вазифасини бажарган ҳолда, “олд” ва “орқа” томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.      

Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ҳолатда қизил рангда ва чап қисмида вертикал ҳолатда қора рангда босилган.

Банкнот орқа томонида III-IV асрларга тегишли бўлган қадимий Хоразм давлатининг пойтахти вазифасини бажарган қалъа - “ANGKAQAL`A ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.

100 000 сўмлик (орқа томон)

Фото: Марказий банк

Марказий қисмида “қиррали нақш” тасвирида замонавий “Spark live” махсус ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда тасвирда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади.

Ўнг қисмида Хоразм вилояти археология ёдгорлиги топилмаси бўлган Х асрга тегишли сопол идиш ва милоддан аввалги I асрга тегишли кумуш танга тасвири акс эттирилган.

Юқори чап қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил “2021” чоп этилган.

Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати “100000” рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда “BIR YUZ MING SO‘M” ёзуви туширилган.

Пастки қисмида “O‘ZBEKISTON SO‘MINI QALBAKILASHTIRISH QONUNGA MUVOFIQ TA’QIB QILINADI” матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки шуни алоҳида қайд этадики:

  • муомалага чиқарилаётган янги кўринишдаги қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2017 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади, яъни, 2017 йил ва 2019 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 100 000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди;
  • шунингдек, янги кўринишдаги пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

 

Теги Markaziy bank kupyura