Асосий/Сўнгги янгиликлар/Тўртта банк 2021 йилни молиявий зарар билан якунлади

Тўртта банк 2021 йилни молиявий зарар билан якунлади

Тўртта банк 2021 йилни молиявий зарар билан якунлади

Sof foyda-2021

Иллюстратив фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Оператив маълумотларга кўра, 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистон тижорат банклари ўз фаолиятини жами 3 трлн. 885 млрд. сўм соф фойда билан якунладилар. Бу тизимнинг жами баланс соф фойдаси бир йил олдингига нисбатан 1 трлн. 757 млрд. сўмга ёки 31,1 фоизга кам бўлганини билдиради. Тизим соф фойдасининг мутлақ камайишига асосий таъсир қилувчи омил сифатида 2020 йилда 505 миллиард сўм соф фойда олган Халқ банкининг 2021 йилда ўз фаолиятини 2 триллион 186 миллиард сўм зарар билан якунлаганлигини кўрсатиш мумкин. 

Қайд этиш лозимки, 2020 йилда фақатгина TBC Bank зарар кўрган бўлса, 2021 йил 4 та банк молиявий йилни зарар билан якунлаган. Булар - Халқ банки (-2,19 трлн. сўм), TBC Bank (-137,2 млрд. сўм), Hi-Tech Bank (-35,5 млрд. сўм) ҳамда Ўзагроэкспортбанк (-16,7 млрд. сўм)лардир. Халқ банки, Hi-Tech Bank ҳамда Ўзагроэкспортбанкнинг йилни молиявий зарар билан якунлагани кредитлар портфелида муаммоли кредитлар миқдорининг ортиб кетгани ва шу сабабли эҳтимолий йўқотишларга қилинган заҳиралар миқдорининг ортиб кетганлиги билан изоҳланиши мумкин.

Шунингдек, фаолиятини соф фойда билан якунлаган бўлса-да, Асака банк (-240,1 млрд. сўм), Микрокредитбанк (-61,6 млрд. сўм), Универсалбанк (-13, млрд. сўм), Мадад Инвест банк (-12,4 млрд. сўм), Туркистон банк (-8,8 млрд. сўм), Пойтахт банк (-3,2 млрд. сўм) ларда соф фойда миқдори 2020 йилга нисбатан камайган.

Соф фойда мутлақ миқдори бўйича биринчи учта ўринни, 2020 йилда бўлгани каби, давлат улуши устувор бўлган банклар - Ўзсаноатқурилишбанк (998,2 млрд. сўм), Ўзмиллийбанк (983,3 млрд. сўм) ва Ипотека банк (693,7 млрд. сўм) эгаллаган. Фақат 2020 йилгидан фарқли равишда 2021 йил учинчи ўринга Халқ банкининг ўрнига Ипотека банк кўтарилган.

2020 йил якунларида соф фойда миқдори бўйича етакчи бешликда битта хусусий банк бўлган бўлса, 2021 йилги "кучли бешлик"ка иккита хусусий банклар кирган, булар - Hamkorbank (450,9 млрд. сўм) ҳамда Трастбанк (450,6 млрд. сўм)лардир.

"ТОП-10"нинг иккинчи қисмида Агробанк (404,1 млрд. сўм), Ипак Йўли банки (366,3 млрд. сўм), Капиталбанк (356,3 млрд. сўм), Қишлоқ қурилиш банк (319,4 млрд. сўм) ва Ориент Финанс банк (300,0 млрд. сўм) жойлашган. 

Шуни қайд этиш керакки, соф фойда мутлақ миқдори бўйича юқоридаги ўнта банкнинг соф фойдаси молиявий йилни фойда билан якунлаган 28 та банклар соф фойдасининг 85,0 фоизини ташкил қилган.

2020 йил якуни билан солиштирганда, баланс соф фойдаси кўрсаткичининг жадал ўсиш даражаси Tenge Bank'да (2,7 баробар), Капиталбанкда (2,6 баробар), Агробанкда (1,59 баробар), Ravnaq-bank'да (1,49 баробар) кузатилган.

Молиявий йилда Ўзбекистон банкларининг соф фойда миқдори камайиши билан бир қаторда тизимнинг даромадлилиги (рентабеллиги) ҳам пасайганлигини қайд этиш лозим. Даромад рентабеллиги 2020 йилдаги 11,6 фоиздан 2021 йилда 6,0 фоизга тушиб кетган. Банклар миқёсида ҳам аксарият банкларда (20 та банкда) даромад рентабеллиги 2020 йилга нисбатан пасайган.

Даромадлилиги (соф фойда/жами даромад нисбати) бўйича юқори кўрсаткичлар асосан давлат назоратида бўлмаган банкларда - Эрон "Содерот" банк (52,5 %), Трастбанк (37,9 %), КДБ Банк Ўзбекистон (37,0 %), Ориент Финанс банк (27,5 %)ларда, шунингдек, Пойтахтбанкда (27,6 %) қайд этилган. 

Ўзбекистондаги тижорат банкларининг даромадлилик кўрсаткичлари бўйича барча рақамлар билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин.

Sof foyda (3)

Жадвал фотоси: Bankers.uz

Теги sof foyda