Асосий/Сўнгги янгиликлар/2022 йилда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ипотека кредитлари ҳажми ортган

2022 йилда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ипотека кредитлари ҳажми ортган

2022 йилда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ипотека кредитлари ҳажми ортган

Марказий банк томонидан 2022 йил I ярим йиллик якуни бўйича "Ипотека кредитлари шарҳи" тақдим этилди.

ipoteka-na-dom.jpg

Унга кўра, 2022 йил 1 июль ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи 40,5 трлн. сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 32 фоизга (9,7 трлн. сўмга) ўсган.

Жорий йилнинг I ярми давомида 36 400 нафар фуқарога ипотека кредитлар ажратилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (2021 йил I ярми давомида 25 321 нафар фуқарога 3,5 трлн.сўм) 85 фоизга ёки 3 008,3 млрд. сўмга ошиб, 6,5 трлн. сўмни ташкил этди.

Ипотека кредитлари, асосан Молия вазирлиги (5,1 трлн. сўм) ва банкларнинг ўз маблағлари (1,4 трлн. сўм) ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Жорий йилда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ипотека кредитларини молиялаштириши миқдор ва улуш жиҳатдан ортиб бормоқда. Банклар ҳисобот даврида 6 184 нафар фуқарога 1 384,9 млрд. сўмлик ипотека кредитлари тақдим қилган. Бу жами кредитларнинг 21 фоизини ташкил қилади. Ўтган йилнинг мос даврида эса 497,8 млрд. сўмлик (жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 14 фоиз) ипотека кредитлари банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган эди.

Банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари молиялаштиришининг ортиб бориши 2022 йил бошида Молия вазирлиги ҳузуридаги "Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" томонидан иккиламчи бозордан уй харид қилиш учун ипотека кредитлари ажратмаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ипотека кредитларининг 81 фоизи (5,3 трлн. сўм) бирламчи бозор, 19 фоизи (1,2 трлн. сўм) эса иккиламчи бозордан уй харид қилиш учун йўналтирилган.

Ҳудудлар кесимида, Тошкент шаҳрида ипотека кредитлари қолдиғи 9,6 трлн. сўмни (ҳудуднинг жами кредит қолдиғидаги улуши 5 фоиз), Самарқандда 3,7 трлн. сўм (26 фоиз), Фарғонада 3,2 трлн. сўм (26 фоиз), Қашқадарёда 2,6 трлн. сўмни (27 фоиз), Сурхондарё вилоятида 2,9 трлн. сўмни (27 фоиз) ташкил этди.

 
Гистограмма: Марказий банк

Ажратилган ипотека кредитлари қолдиғининг 28,8 фоизи (11,7 трлн. сўм) Ипотека банк, 23,1 фоизи (9,3 трлн. сўм) Қишлоққурилишбанк, 15,3 фоизи (6,2 трлн. сўм) Миллийбанк, 7,9 фоизи (3,2 трлн. сўм) Асакабанк, 7,8 фоизи (3,1 трлн. сўм) Ўзсаноатқурилишбанк, 4,8 фоизи (2,0 трлн. сўм) Халқ банки ҳамда 12,2 фоизи (5,0 трлн. сўм) бошқа тижорат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда.

 
Диаграмма: Марказий банк
Теги ipoteka Markaziy bank