Асосий/Сўнгги янгиликлар/Май ойида пул массаси ўсишда давом этган

Май ойида пул массаси ўсишда давом этган

Май ойида пул массаси ўсишда давом этган

Марказий банк жорий йил май ойи якуни бўйича пул агрегатлари статистикасини эълон қилди.

Статистикага кўра, май ойида ҳам пул массаси ўсишда давом этган. Хусусан, кенг маънодаги пул массаси апрель ойида 12,5 трлн. сўмга ўсган бўлса, май ойида ўсиш 13,3 трлн. сўмни ташкил қилган. Бироқ миллий валютадаги пул массасининг ўсиш суръати (+6,9 трлн. сўм) апрелдагига (+12,9 трлн. сўм) нисбатан бироз сусайган. Миллий валютадаги пул массаси май ойи якуни бўйича 108,2 трлн. сўмдан ошган (апрель ойи якунида 101,3 трлн. сўм эди).

Шунингдек, муомаладаги нақд пуллар миқдори ҳам кўпайишда давом этиб, май ойида ушбу кўрсаткич +3,7 трлн.ни ташкил қилган. Натижада, май ойи якунига муомаладаги нақд пулларнинг жами миқдори 36,8 трлн. сўмни ташкил қилган. 

Пул агрегатлари

Мутахассислар, хусусан иқтисодчи Отабек Бакиров, пул массасининг бу каби кўпайиш тенденциясини апрель ва май ойлари учун мавсумий характерга эга деб баҳоламоқда. Бироқ, иқтисодчининг фикрича, бу ерда эътиборга олиниши зарур бўлган айрим жиҳатлар мавжуд. 

"Биринчидан, пул массасининг ўсишига иқтисодий фаолликдан ҳам кўра ташқаридан хорижий валюта оқимининг ҳаддан зиёд ошгани кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Регуляторнинг ортиқча валюта оқимини сотиб олиши биринчи навбатда нақд пуллар қолдиғига таъсир ўтказаяпти. Буни пул агрегатлари компонентлари ичида нақд пуллар қолдиғи энг юқори суръатда ўсаётганидан ҳам кўриш мумкин.

Иккинчидан, пул массасининг ўсиши ЯИМ номинал ўсишини анча ортда қолдирмоқда. Бу хавотирли, чунки инфляциянинг монетар сабабларини қўзғатиб юбориши мумкин. Тез ўсаётган пул массасини иқтисодиёт тўлиқ ўзлаштира олаёптими ёки йўқ, фақат вақт ўтгандан кейингина, нарх оқибатларда кўриш мумкин бўлади." - деб таъкидлаган О.Бакиров

Теги pul agregatlari pul massasi