Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистонда очилган қайси карталарни Россияда ишлатиш мумкин — кичик қўлланма

Ўзбекистонда очилган қайси карталарни Россияда ишлатиш мумкин — кичик қўлланма

Ўзбекистонда очилган қайси карталарни Россияда ишлатиш мумкин — кичик қўлланма

karta_mir_sberbank.jpg

Фото: akket.com

Аввал хабар берганимиздек, дунёнинг айрим етакчи тўлов тизимлари, шу жумладан, VISA ва Mastercard Россияда ўз фаолиятни тўхтатгани боис, Ўзбекистонда эмиссия қилинган VISA ёки Matercard карталари орқали Россия Федерациясида ва ушбу мамлакат интернет дўконларида ҳам тўлов қилиш имконсиз бўлиб қолди

Айни вазиятдан келиб чиққан ҳолда Bankers.uz Россия Федерацияси ҳудудида фаолиятини давом эттираётган ва Россия билан пул ўтказмаларида муаммоларга дуч келмаслик учун фойдаланса бўладиган банк карталари тўғрисида маълумот тайёрлади.

Кобейж карта ўзи нима?

Кобейж карта — бир вақтнинг ўзида бир эмас, иккита тўлов тизимида фаолият юритадиган карта. Карта бўйича операциялар қайси мамлакатда амалга оширилаётганига қараб у ёки бу тўлов тизими томонидан хизмат кўрсатилади. Масалан, Хитойда АҚШ ёки Европага саёҳат қилаётган сайёҳларга UnionPay-Mastercard кобейж карталари таклиф қилинади. Ўзбекистонда кўплаб банклар томонидан HUMO-VISA, HUMO-Mastercard, UZCARD-UnionPay, UZCARD-МИР каби кобейж карталари эмиссия қилинган.

UZCARD-МИР кобейж карталари

Россиянинг "Миллий тўлов карталари тизими" компаниясига тегишли бўлган ва асосан МДҲ ҳудудида фаолият юритадиган "МИР" тўлов тизимида бешта ўзбек банки банк карталари эмиссия қилади. Давлат улуши устувор бўлган Халқ банки, Микрокредитбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Туронбанк ҳамда Алоқабанклар UZCARD-МИР кобейж карталарини таклиф қилишмоқда. Ўзбекистон ҳудудида ушбу карталар UZCARD тўлов тизимида ўзбек сўмида фаолият юритса, хорижий давлатларда МИР тизими базасида ўша давлатнинг пул бирлигида фаолият юритади.

МИР банк карталаридан Ўзбекистон ва Россиядан ташқари Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Вьетнам давлатларида ҳам фойдаланса бўлади.

UnionPay карталари

VISA ва Mastercard каби тўлов тизими гигантларининг Россия бозоридаги фаолиятининг чекланиши туфайли ҳосил бўлган бўшлиқни Хитойнинг UnionPay тўлов тизими тўлдириши мумкин. Ҳозирда Россиянинг бир қатор етакчи банклари, жумладан Сбербанк, Альфа-банк ҳамда Тинкофф банклар МИР-UnionPay кобейж карталари чиқариш режалари тўғрисида маълум қилди. Россия билан валюта операцияларини амалга оширмоқчи бўлган Ўзбекистон резидентлари ҳам пул ўтказмаларини UnionPay карталаридан фойдаланган ҳолда ўтказишлари мумкин.

Бугунги кунда ўн бешта ўзбек банки UnionPay тизимидаги банк карталарини таклиф қилмоқда. Булардан Агробанк, Микрокредитбанк, Халқ банки, Савдогарбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Алоқабанк, Универсалбанклар фақат UZCARD-UnionPay кобейж карталарини, Ўзсаноатқурилишбанк, "Ипак Йўли" банки, Инфинбанк, Ориент Финанс банклар фақат UnionPay карталарини, Hamkorbank, Давр-банк, Asia Alliance Bank, Пойтахтбанклар ҳам UnionPay, ҳам UZCARD-UnionPay кобейж карталарини таклиф қилмоқда.

Эслатма! Айрим банкларнинг МИР ёки UnionPay тизимида ишловчи карталари ҳозирда онлайн тўловлар учун ишламаяпти. Аниқ маълумот учун банкларнинг алоқа марказига қўнғироқ қилишингиз тавсия этилади.

Теги MIR unionpay