logo-1
Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
Асосий/Сўнгги янгиликлар/"Алп Жамол"дан "Кредит-Стандарт"гача: Ўзбекистонда фаолияти тугатилган банклар ҳақида

"Алп Жамол"дан "Кредит-Стандарт"гача: Ўзбекистонда фаолияти тугатилган банклар ҳақида

"Алп Жамол"дан "Кредит-Стандарт"гача: Ўзбекистонда фаолияти тугатилган банклар ҳақида

old bank

Мустақилликнинг ўтган йиллари давомида Ўзбекистонда турли номдаги, шаклдаги, кўринишдаги тижорат банклари фаолият юритган.Ушбу банкларнинг барчаси ҳам муваффақиятли фаолият юритмаган - уларнинг айримлари турли сабабларга кўра тугатилган. Bankers.uz Ўзбекистонда маълум муддатда фаолият кўрсатган ва турли сабабларга кўра ёпилган банклар тўғрисида мақола тайёрлади. 

NurAnvarbank

  • Очилган йили: 1988 йил
  • Ёпилган йили: 1992 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 4 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк эгаси қамалиши ортидан мусодара қилинган

NurAnvarbank

NurAnvarbank очилган пайтда Устав капитали 890,54 млн. АҚШ доллари бўлган.
Фото: Скриншот/YouTube

NurAnvarbank 1988 йили СССРнинг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида" қонуни асосида мустақил банк (нодавлат банки) сифатида ташкил топган. Банкнинг эгаси тадбиркор Анвар Тилланазаровнинг 1992 йили Би-Би-Си нашрига берган интервьюсида банк таъсисчиси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида иш олиб борадиган 21 та ширкат эканлиги ва улардан энг асосийси "Оврўподаги энг катта ширкатлардан бири" Интервосток уюшмаси эканлигини айтади. Банк очилган пайтда Низом жамғармаси (Устав капитали) 300 млн. совет рубли (ўша вақтдаги курс бўйича 890,54 млн. АҚШ доллари!) ни ташкил қилган. Банкнинг биринчи биноси "учта ҳовлини сотиб олиб" ўша ерда фаолият бошлаган. 1992 йилда Анвар Тилланазаров давлат мулкини ўзлаштиришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилади. Ҳибсга олингач, бутун мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинади.

Рустамбанк

  • Очилган йили: 1992 йил
  • Ёпилган йили: 1998 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 6 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк эгаси қамалиши ортидан мусодара қилинган

Rustambank

Ҳозир Москвада яшаётган "Рустамбанк" асосчиси Рустам Усмонов 1998 йилдан 2017 йилгача қамоқда ўтирган.
Фото: Скриншот/YouTube

Рустамбанк мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи хусусий банк саналади. Банк 1992 йилда ўз фаолиятини бошлайди. Молия муассаси номи унинг эгаси жалолободлик тадбиркор Рустам Усмонов исмидан олинган. Усмонов 2017 йилда BBC нашрига берган интервьюсида банк очиш таклифи Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов берганини айтган. Айрим нашрларнинг ёзишича, Рустамбанк "Ватан тараққиёти" партиясини молиялаштириб келган ва шунинг натижасида банк ва унинг эгаси "осмонида қора булутлар сузган". Дарҳақиқат, Рустам Усмонов "Ватан тараққиёти" партиясининг даврий нашри «Ватан» газетаси учун мақолалар ёзиб келган. Мақолаларида Марказий банк юритаётган сиёсатини танқид қилган. 1998 йил 19 октябрь куни Андижон вилоят Жиноят ишлари бўйича суд ҳукмига кўра, Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддаларда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Умарбанк

1990 йилларда Самарқандда очилган яна бир хусусий банк. Номи банкнинг эгаси, самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов исмидан олинган. Ражабовнинг банкдан ташқари «Умар» номли қурилиш компанияси ҳам бўлган. Айни қурилиш ширкати туфайли 2019 йилда "Умарбой" Самарқанд шаҳрида қурилган ноқонуний кўп қаватли уйлари туфайли 11 йил озодликдан маҳрум қилинди. "Умарбанк" тугатилгандан кейин ҳозирда банкнинг ўрнида "Ипак Йўли" банкнинг Умар филиали жойлашган.

Авиабанк

  • Очилган йили: 1990 йил
  • Ёпилган йили: 2004 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 14 йил
  • Тугатилиш шакли: Капиталбанкка қўшиб юборилган

Авиабанк 1990 йил декабрда универсал тижорат банки сифатида ташкил топди. Банк республикадаги авиация транспорти ва унга хизмат кўрсатадиган инфратузилмаларни ривожлантиришга, молия-кредит ресурсларини жалб қилишга кўмаклашиш мақсадида очилган. 2004 йили декабрда Капиталбанк билан бирлашади.

Бизнес Банк

  • Очилган йили: 2002 йил
  • Ёпилган йили: 2005 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 3 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк қонунчилигини бузиш

Бизнес-Банк 2002 йилда ташкил топган ва ёпилгунга қадар Ўзбекистоннинг энг йирик хусусий банки бўлиб фаолият кўрсатган. Банк акциядорлари таркибида 49 фоиз юридик шахслар, жумладан ахборот технологиялари соҳасидаги маҳсулотларга ихтисослашган Naytov ўзбек-америка қўшма корхонаси (14,4%) ҳамда унинг шўба корхонаси NCI Projects Inc (13,2%), шунингдек, 51 фоиз жисмоний шахслар бўлган.

2004 йил охирига келиб Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) банкка 5 млн. доллар сармоя ётқизади ва банк акцияларининг 40 фоизини олишга қарор қилади.

Банк ёпилган пайтда унинг асосий акциядори, тошкентлик тадбиркор Сергей Цой мамлакатдан чиқиб кетган. Reuters агентлигининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Сергей Цой ҳукуматга яқин доиралар таъсирида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Бизнес-Банкнинг Ўзбекистон Марказий банки томонидан лицензияси олиб қўйиш қарори банк юқори раҳбариятининг ушбу бизнесни Ўзбекистонда ўсиб бораётган бошқа бир хусусий банкка (Фарғона нашри хабарига кўра, бу банк «Кредит-Стандарт» банк) сотишдан бош тортгандан кейин қабул қилинган.

Узприватбанк

  • Очилган йили: 1995 йил
  • Ёпилган йили: 2006 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 11 йил
  • Тугатилиш шакли: Ўзсаноатқурилишбанкка қўшиб юборилган

"Узприватбанк" ўзбек халқаро банки 1995 йил 28 февраль куни Марказий банкдан фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олади. Акциядорлари таркибида хорижий банклар ва ўзбекистонлик йирик компаниялар (Голландия Fortis Bank'и, Люксембургнинг "Inter Republic Holdings" молия холдинги, ЎзСҚБ, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари) бўлган ушбу давлат банкини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори 1994 йил март ойида қабул қилинади. Давлат мулк қўмитасининг 1994 йил 30 майдаги қарорига биноан, Узприватбанкнинг устав капитали 1 млрд. сўм-купон шаклида ташкил этилиши белгиланган.

Банкка Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий капитални олиб кириш, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш вазифаси юкланган.

2006 йилда "Узприватбанк" ўзбек халқаро банки активлари, мажбуриялари Ўзсаноатқурилишбанкка берилган.

Парвинабанк

  • Очилган йили: 1994 йил
  • Ёпилган йили: 2009 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 15 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк қонунчилигини бузиш

"Парвинабанк" 2009 йил февралида тугатилган. Банк қонунчилигини бузишда айбдор деб топилган молиявий муассасанинг Марказий банк томонидан берилган лицензияси бекор қилинган. Бир йил олдин, 2008 йил июль ойида эса банкнинг хорижий валютада операциялар ўтказиш бўйича умумий лицензияси бекор қилинган.

"Парвинабанк" хусусий ёпиқ акциядорлик тижорат банки 1994 йилда ташкил этилган. Унинг 30 мингдан ортиқ мижозлари, республиканинг йирик шаҳарларида филиллар ва мини-банклардан иборат кенг тармоғи бўлган. Банк Самарқандда жойлашган "Парвина" молиявий, савдо, ишлаб чиқариш компанияси таркибида эди. Холдинг банкдан ташқари "Парвина-Қурувчи" қурилиш ширкати, "Парвина-Қурувчи PVS" металл-пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш ширкати, "ШРЗ 12" шина таъмирлаш заводи, "SU 855" қурилиш моллари ишлаб чиқариш ширкати, цемент-бетон заводи, асфальт-бетон заводи, ғишт ишлаб чиқариш заводи, "Парвина ёрдамчи хўжалиги" фермер хўжалиги, "Парвина-М" агрофирмаси, "Парвина-Суғурта" суғурта компанияси, "Парвина Uni PACK" қадоқлаш материаллари ва флексография маркази, пенопласт ва қуруқ бўёқлар ишлаб чиқариш маркази, "Парвина-Тур" сайёҳлик ширкати, "Парвина" ресторани, гўзаллик салони, "Парвина" газетаси, "Сино" ОАЖ ҳамда полиграфияларга эгалик қилган.

"Парвинабанк" пул ювишда айбдор деб топилган. Регнум нашрига кўра, ўша вақтда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Аъзамхон Баҳромов бошчилигидаги гуруҳ ушбу молиявий тузилма орқали 40 млрд. сўм ($28,3 млн.) миқдоридаги маблағни ювишга муваффақ бўлган.

"Алп Жамол" банк

  • Очилган йили: 1998 йил
  • Ёпилган йили: 2010 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 12 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк қонунчилигини бузиш

AlpJamolbank

Фото: Facebook /Alp Jamol Bank

2010 йил 10 март куни "Алп Жамол" банк расман ўз фаолиятини тўхтатди. Банк раҳбарияти ўша пайтда "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги Қонуннинг 53-моддаси, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддаси асосида "банк қонунчилигини бузиш"да айбдор деб топилган.

Банк 1998 йил март ойида бир гуруҳ тадбиркорлар — Ўзбекистон резидентлари томонидан ташкил қилинган. 2010 йил 1 январь ҳолатига кўра, "Алп Жамол" банк активлари 118,6 млрд. сўмга етган, банкнинг жисмоний ва юридик мижозлари сони эса 155 мингдан ошган. 2009 йил якунида банк 5 млрд. 959 млн. сўм (расмий курс бўйича 3 млн. 861 минг АҚШ долларидан кўпроқ) ни ташкил қилган.

Банк пойтахтдан ташқари, Тошкент вилояти, Қашқадарё, Наманган ва Самарқандда ўз филиаллари фаолиятини йўлга қўйган. Банк таркибида 5 та филиал, 19 та мини-банк (улардан 11 таси пойтахтда), 48 та халқаро пул ўтказмалари пункти, 15 махсус касса ҳамда 19 та валюта айирбошлаш шахобчалари бўлган. 11 та банк билан корреспондентлик алоқалари йўлга қўйилган.

2011 йил март ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди чиқарган ҳукмга мувофиқ, "Алп Жамол" банкнинг барча кўчмас ва нокўчмас мулклари давлат фойдасига мусодара этилди. Шу жумладан, Тошкентдаги Версал ҳамда Саёҳат ресторанлари ҳам давлат тасарруфига ўтади. Банк ликвидация қилингандан кейин унинг барча мол-мулклари, жумладан жисмоний шахслар олдидаги мажбуриятлари АТ "Халқ банки"га ўтказилган.

Русийзабон Регнум агентлиги хабарига кўра, банкнинг эгаси Муҳиддин Асомиддинов ҳамда ўша пайтдаги Бошқарув раиси Фазлиддин Абдурашидов мамлакатни тарк этган. 2019 йил январида Асомиддинов Ўзбекистонга қайтганлиги айтилган.

Ўктамбанк

  • Очилган йили: 1998 йил
  • Ёпилган йили: 2011 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 13 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк қонунчилигини бузиш

O'ktambank

Фото: Архив/uktambank.uz

"Ўктамбанк" очиқ акциядорлик тижорат банки 2011 йилда фаолиятини якунлаган. Тугатилиш сабаби сифатида Марказий банк банк қонунчилигининг бузилишини келтирган. Қандай бузилиш эканлигига ойдинлик киритилмаган.

Ўктамбанк 1998 йил Тошкентда ташкил этилган. Асосий акциядорлари юридик шахслар (87 фоиз акция) бўлган. Тугатилаёган пайтда устав капитали 19,919 млрд. сўм эди. 2011 йил 1 январь ҳолатига кўра, активлари миқдори 44,918 млрд. сўм, капитали эса 22,816 млрд. сўмни ташкил қилган. 2010 йил якунларига кўра, соф фойдаси 518,4 млн. сўмни ташкил этган.

Кредит-Стандарт банк

  • Очилган йили: 2003 йил
  • Ёпилган йили: 2013 йил
  • Фаолият кўрсатган муддати: 10 йил
  • Ёпилиш сабаби: банк қонунчилигини бузиш

Kredit-standart bank

"Кредит-Стандарт" банк ёпилишидан бир йил олдин валюта билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш лицензияси бекор қилинади. Банк ёпилишига доир ўхшаш сценарий "Алп Жамол" Банк, "Парвина-банк"лар билан ҳам кузатилган

"Кредит-Стандарт" очиқ акциядорлик-тижорат банки 2003 йил 16 августда 1,3 мрлд. сўм устав капитал билан Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Банкнинг Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида жами 4 та филиали, 14 та мини-банки бўлган.

Банк 2007 йил октябрь ойида акциядорлар тарибига "Транскапитал" МЧЖ рус ширкати кириши билан очиқ акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этилади. 2009 йилда русларнинг банкдаги улуши 76% гача ошди. Банкнинг бошқа акциядорлари номи ва улуши миқдори очиқланмаган. Норасмий манбаларга кўра, "Транскапитал" МЧЖ Ўзбекистонда Қозоғистоннинг "Казкоммерцбанк" АК манфаатларини ҳимоя қилади, шунингдек, биринчи президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ҳам алоқадор жойи борлиги айтилган.

Банк 1,1 мингта юридик шахсларга хизмат кўрсатган. Банкнинг асосий мижозлари йирик давлат ташкилотлари, хорижий капитал иштирокидаги компаниялар ҳамда ўрта бизнес вакиллари бўлган.

2012 йил январида банкнинг валюта билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш лицензияси бекор қилинади. 2013 йил эса ноябрь ойида Ўзбекистон Марказий банки "Кредит-Стандарт" банкка берган лицензиясини бекор қилади.

Шунингдек, мустақиллик йиллари ХИФ-банк, "Истиқбол" хусусий очиқ акциядорлик тижорат банки, "Олимбанк" ХЁАТБ, "Адилет" ХОАТБ, "Карвонбанк" ХОАТБ, "Наманганбанк", "Самарқандбанк" каби хусусий банклар ҳам фаолият кўрсатган. Таҳририят интернетдаги маълумотлардан ушбу банклар тўғрисида етарлича ахборот тўплай олмади.

Мирзаолим Дилшодов

Теги yopilgan banklar
logo-1
        Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй