Асосий/Сўнгги янгиликлар/Қозоғистон банклари россияликлар учун VISA ва Mastercard карталарини чиқаришдаги рисклар ҳақида огоҳлантирилди

Қозоғистон банклари россияликлар учун VISA ва Mastercard карталарини чиқаришдаги рисклар ҳақида огоҳлантирилди

Қозоғистон банклари россияликлар учун VISA ва Mastercard карталарини чиқаришдаги рисклар ҳақида огоҳлантирилди

Қозоғистон Республикаси Миллий банки (мамлакатдаги банк регулятори — таҳр.) тижорат банкларини норезидентлар билан бизнес алоқаларини ўрнатишда эътиборлироқ бўлишни ва уларнинг ҳаракатларини халқаро тўлов тизимлари билан мувофиқлаштиришни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда Forbes.kz нашри хабар бермоқда.

ae7610de-b943-4ebb-bd3e-23c631033b02

Forbes таҳририятида нусхаси мавжуд бўлган ва Қозоғистон Миллий банки раиси ўринбосари Берик Шолпанқулов имзоси билан банкларга йўлланган хатда айтилишича, айрим қозоқ банкларининг халқаро санкциялар остида чет эл фуқароларига карталарни чиқариш бўйича хизматлари рискли ҳисобланади.

Қозоғистон Миллий банки ўз мактубида мамлакатнинг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга (ювиш) ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига ҳавола қилади. Шунингдек, халқаро тўлов тизимлари вакилларининг Қозоғистон банкларининг ҳудудида уларнинг тўлов карталари билан операциялари тўхтатилган хорижий давлат фуқароларига карталарни чиқаришга жалб этиш риски ҳақида мурожаатлари ҳам қайд этилган. Шубҳасиз, биринчи навбатда, Россия назарда тутилган.

“Иккинчи даражали банклар норезидентлар билан хўжалик муносабатларини ўрнатишда муносабатларнинг кўзда тутилган мақсади ва моҳиятини белгилаши, репутацион рискнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриши шарт. Қозоғистон норезидентлари учун тўлов карталарини чиқаришда банк фаолиятида йўл қўйиб бўлмайдиган потенциал хатарларнинг юзага келиши ва амалга оширилиши эҳтимолини баҳолаш ва уларни минималлаштириш учун VISA ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказиш зарур", дейилади регулятор баёнотида.

Forbes.kz Қозоғистоннинг йирик банкларидан бирининг матбуот котиби билан ҳам суҳбатлашган ва у ушбу мурожаат келиб тушганини тасдиқлаган. Қозоғистон норезидентлари учун карталарни чиқариш ва ҳисоб очиш жараёни ўзгартириладими, деган саволга, бизга кўплаб Қозоғистон банклари аллақачон VISA ва Mastercard'га ўз сўровларини жўнатган ва кейинги ҳаракатлар бўйича маълумотни кутишаётганини айтишди.

“Ҳозиргача Халқаро тўлов тизимлари раҳбариятидан ҳеч қандай тавсия ва огоҳлантиришлар келиб тушмаган. Агар улар мавжуд бўлса, унда, албатта, огоҳлантиришлар ҳисобга олинади, чунки ҳеч ким санкциялар остида қолишни хоҳламайди. Лекин, аслида, ҳозир ҳеч ким ҳеч нарсани тақиқламайди ва ҳамма нарса амалдаги қонунчилик доирасида содир бўлади”, — дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 6 мартида халқаро тўлов тизимлари VISA ва Mastercard Россияда ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилган эди. Россия банклари томонидан чиқарилган ушбу тизимларнинг карталари Россия Федерациясидан ташқарида ишлашни тўхтатди. Улардан хорижий онлайн-дўконларда тўлаш, бошқа мамлакатлардаги банк ҳисоб рақамларига пул ўтказиш ва ҳоказоларда фойдаланиш мумкин эмас.

Бугунги кунда Россияда банк картаси очтириш учун МДҲ мамлакатларига, жумладан Ўзбекистонга ҳам саёҳат турлари таклиф қилаётган агентликлар хизмати машҳур бўла бошлади

Айни вақтда Ўзбекистон банклари фаол тарзда ўзларининг халқаро банк карталари, жумладан VISA ҳамда Mastercard халқаро тўлов тизимлари карталарини реклама қилмоқда. Рекламаларда бундай турдаги карталар чет эл фуқаролари учун ҳам очиб берилишига ҳам урғу берилган.

Теги VISA Rossiya-Ukraina urushi Mastercard