Асосий/Сўнгги янгиликлар/Bank Apelsin'нинг ташкил этилиши, акциядорлар таркибининг ўзгариши, биржадаги биринчи маркетмейкерлик — Капиталбанкда 2021 йил якунлари

Bank Apelsin'нинг ташкил этилиши, акциядорлар таркибининг ўзгариши, биржадаги биринчи маркетмейкерлик — Капиталбанкда 2021 йил якунлари

Bank Apelsin'нинг ташкил этилиши, акциядорлар таркибининг ўзгариши, биржадаги биринчи маркетмейкерлик — Капиталбанкда 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз Ўзбекистондаги ягона банк гуруҳи "Капиталбанк" АТБ ҳамда унинг 100 фоиз улуши билан таъсис этилган "Bank Apelsin" АЖ тўғрисида бўлади.

Kapitalbank-2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

"Капиталбанк" акциядорлик тижорат банки Ўзбекистоннинг йирик хусусий банкларидан бири. Республика бўйлаб молия муассасасининг 13 та филиали, 3 та банк хизматлари маркази ҳамда 5 та банк хизматлари идоралари мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

"Капиталбанк" акциядорлик тижорат банки 2001 йил апрелидан бошлаб Марказий банк лицензияси асосида фаолият юрита бошлади. 2004 йилда банк Авиабанк билан бирлашган. Бу йил Капиталбанк ўзининг 20 йиллик юбилейини нишонлади. 

Банк шиори: Мақсадларни бирлаштириб, муваффақиятга эришамиз

Капиталбанк Бошқарув раиси Мирзаев Алишер Анварович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

Kapitalbank-Kuzatuv kengashi

Капиталбанк Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Капиталбанк активлари миқдори 12,01 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 6,98 трлн. сўми миллий валютада, 5,03 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 1,19 трлн. сўмни ташкил қилади. Капиталбанк 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 1,79 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 69,4% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 267,80 млрд. сўмни ташкил қилади.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 135,6 млрд. сўмни ташкил қилган. Бу йилги соф фойда эса ўтган йилгисига нисбатан камида икки баравар ортиши кутилмоқда.

Банкдаги ўзгаришлар

Капиталбанк ўз акциядорларига мунтазам дивиденд тўлаб келадиган банклардан ҳисобланади. Охирги марта 2021 йил 20 августда ўтказилган акциядорлар умумий йиғилишида 2021 йилнинг I ярим йиллиги соф фойдасидан банкнинг оддий акцияларига эгалик қилувчи акциядорларига 125,94 млрд. сўм дивиденд тўлаш бўйича қарор қабул қилди.

Ноябрь ойида банк акциядорлар таркибида ўзгариш рўй берди. Банкнинг йирик акциядори Ойбек Турсунов бевосита эгалик қиладиган акциялари улушини қарийб 50 фоизга етказди. Ҳозирда тадбиркор Капиталбанкнинг 164 927 890 дона акцияларига эгалик қилади. Ноябрь ойининг охирига бориб, банк 215,3 млрд. сўмлик қўшимча акция чиқарди. Банкнинг ушбу акцияларини Алишер Усмоновнинг ЮСМ холдинг компанияси шўба корхонаси — "Телекоминвест" МЧЖ (Россия) харид қилди. Ушбу битимдан сўнг О.Турсунов банкда 41,7 фоиз, "Телекоминвест" МЧЖ эса 16,7 фоиз улушга эгалик қилмоқда. 

Капиталбанк ҳам анъанавий, ҳам замонавий банк хизматларини жорий этиш ва хизмат кўрсатишда етакчи ҳисобланади. Бу йил банк хизмат кўрсатиш бозорини Қарши ва Навоий шаҳарлари ҳамда Бувайда тумани билан кенгайтирди. Банк февраль ойида Фарғона вилоятининг Бувайда туманида, ноябрь ойида эса Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида, асосан, юридик мижозларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган банк хизматлари идоралари (БХИ) фаолиятини йўлга қўйди. Шунингдек, октябрь ойида Капиталбанкнинг "Чилонзор-Медиапарк" минибанки ўз мақомини Чилонзор БХИга ўзгартирди. 22 октябрь куни банк Қарши шаҳрида тўлиқ банк хизматларини кўрсатишга мўлжалланган Қарши БХМни очди.

Kapitalbank-Qarshi

Фото: Капиталбанк

Капиталбанк турли совринлар ва номинацияларда ҳам ғолиб сифатида эътироф этилган. Май ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Ўзбекистон маркетинг уюшмаси томонидан ўтказилган "Йил бренди-2020" танловининг мутахассислар томонидан танланган "Банк хизматлари" номинациясида "Капиталбанк" АТБ, "Тўлов тизимлари" номинациясида эса "Apelsin" иловаси ғолиб деб топилди.

Apelsin-Yil brendi

Фото: t.me/gsadigital

27 июль куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан Капиталбанк Global Money Week-2021 ҳафталиги доирасида  "Молиявий саводхонлик бўйича энг фаол банк" сифатида эътироф этилди.

Капиталбанк 4 октябрь куни Республика валюта биржаси томонидан биринчи маркетмейкер мақомини олди. Маркетмейкер мақоми банкка валюта бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатига таъсир ўтказиш ва шу орқали валюта курсини белгилашга ёрдам беради. Капиталбанк ҳозирда ташқи савдо шартномалари бўйича тўғридан-тўғри конвертация ва тўловни ўнта хорижий валютада амалга оширишни таклиф қилмоқда. Рўйхатдаги валюталарнинг 5 таси жорий йилда қўшилган: хитой юани, япон иенаси, қозоқ тенгеси, корейс вони ҳамда турк лираси.

Капиталбанк банк хизматлари бозорини жиддий кузатиб боради ва бозорда айрим иштирокчилар томонидан чекланаётган ёки муқобили таклиф қилинаётган маҳсулотлар ўрнига ўзининг маҳсулотларини таклиф қилади. Масалан, август ойидан бошлаб бир нечта банк VISA карталари эмиссия қилишни вақтинча тўхтатди. Айрим банклар ушбу карталарни Mastercard карталарига алмаштириб беришни йўлга қўйди, бошқа бирлари эса вақтинча ишламаслигини билдириб, узр сўраб қўйди. Айни вазиятдан фойдаланиб Капиталбанк 10 дақиқада чиқарса бўладиган VISA Gold карталарини таклиф қилмоқда.

Bank Apelsin

Капиталбанкнинг бу йилги энг катта янгилиги ўзининг 100 фоиз улуши билан таъсис этилган Bank Apelsin рақамли банки бўлди.  Bank Apelsin 2021 йил 1 ноябрда Марказий банкдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олди. Банк саноқ тартибига кўра TBC Bank ҳамда ANOR BANK'лардан кейинги учинчи рақамли банк саналади. Шу билан бирга Ўзбекистондаги 33 тижорат банки ҳамда бир банк томонидан тўлиқ муассисликда ташкил қилинаётган биринчи банк ҳисобланади.

Kapitalbank-Apelsin

Фото: Капиталбанк

Bank Apelsin 2 йил олдин яратилган шу номдаги илова асосига қурилган. Ҳозирда иловадан 1,413 млн. марта рўйхатдан ўтилган. Фойдаланувчиларнинг аксарияти (1,255 киши) Android операцион тизими фойдаланувчиларидир. Bank Apelsin ўз мижозларига мобил илова, веб-сайт ҳамда USSD коди билан боғланиш орқали хизмат кўрсатади. Бир йил ичида Apelsin фойдаланувчилари сони қарийб беш бараварга ортди. 1 декабрь ҳолатига кўра, жисмоний шахслар ўртасидаги P2P пул ўтказмаларининг 25 фоизи Apelsin орқали ўтказиган.

Apelsin Марказий банк рўйхатидан ўтган 10 та электрон пуллар тизимининг 4 тасида эмитент саналади. WooPay (02.11.20), Interpay (28.07.21), A-Pay (30.09.21) ҳамда QIWI Uzbekistan ўзининг элкетрон пулларини Bank Apelsin орқали эмиссия қилади.

S.Gimadiyev

Bank Apelsin Бошқарув раиси Сергей Гимадиев. Фото: t.me/apelsin

Bank Apelsin ўзининг таъсисчиси "Капиталбанк" АТБ билан биргаликда Ўзбекистондаги ягона банк гуруҳини ташкил қилади. Рақамли банк ўзининг муассисидан деярли автоном фаолият олиб боради. Bank Apelsin ўзининг сайтига — apelsin.uz, алоқа марказига — 78 777 07 99, ТелеграмФейсбук, Instagram ва YouTube ижтимоий тармоқларига эга. Банк ҳозирда пластик карталар эмиссия қилмайди ҳамда юридик мижозларга хизмат кўрсатмайди. Банкнинг расмий сайтига кўра, бизнес учун мўлжалланган маҳсулотлари тез орада тақдим этилади. 

2021 йил 1 декабрь ҳолатига Капиталбанк муомалага чиқарган пластик карталари сони 564,52 минг донани (банклар ичида 11-ўрин), ўрнатилган терминаллар сони 12 796 тани (банклар ичида 12-ўрин) ҳамда ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 3 235 тани (банклар ичида 1-ўрин) ташкил қилади.

Банк сайти - kapitalbank.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.  

Банкнинг алоқа маркази телефони - 71 200 15 15. Ҳозирча қисқа рақам жорий қилинмаган. 

Капиталбанкнинг маркетинг жамоаси турли креатив ғоялар ўйлаб топади ва ижтимоий тармоқларда челленджлар ташкиллаштириб туради. Банкнинг Телеграм, Фейсбук, Instagram ва YouTube ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд.

Мирзаолим Дилшодов

Теги 2021 Bank Apelsin Apelsin yil yakunlari Kapitalbank