Асосий/Сўнгги янгиликлар/Kapital Sug'urta компанияси Anorbank акциядорларидан бирига айланади

Kapital Sug'urta компанияси Anorbank акциядорларидан бирига айланади

Kapital Sug'urta компанияси Anorbank акциядорларидан бирига айланади

Жорий йилнинг 14 май куни "Anor Bank" акциядорлик жамияти акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Бу ҳақда 16 июнь куни банк томонидан Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот қолдирилди.

anorbank_1.jpg

Фото: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz

Йиғилишда бир қатор масалалар, хусусан Anorbank устав капиталини 50 млрд. сўмга кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди. Банк устав капитали номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 50 миллион дона оддий акция эмиссия қилиш йўли билан кўпайтирилади. Ушбу акциялар биржадан ташқари битим тузиш орқали ёпиқ обуна шаклида "Kapital Sug'urta" АЖ томонидан харид қилинади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, "Anor Bank" АЖнинг акциялари Кахрамонжон Олимов (97,6%) ҳамда Давронбек Туракулов (2,4%) ларга тегишли. Банк устав капитали 205 млрд. сўмдан иборат. 50 миллион дона қўшимча акция чиқарилиши билан Анорбанкнинг устав капитали 255 млрд. сўмга етади. Янгиланган устав капиталда Кахрамонжон Олимовнинг улуши 78,46%, "Kapital Sug'urta" АЖнинг улуши 19,61%, Давронбек Туракуловнинг улуши 1,93% ни ташкил қилади.

Kapital Sug'urta компанияси Ўзбекистондаги биринчи нодавлат суғурта компанияси ҳисобланади. Бугунги кунда компаниянинг асосий акциядори Кахрамонжон Олимов (88,20 фоиз) саналади.

Йиғилишда, шунингдек, "Anor Bank" АЖ Кузатув кенгашини қайтадан сайлаш, Бошқарув раисини қайта тайинлаш масалалари ҳам кўрилган.

 

Теги Anorbank Kapital Sugurta aksiyador