Асосий/Сўнгги янгиликлар/"Ipoteka Mobile" иловасига iOS тизимида ишловчи қурилмалардан кириш вақтинча чекланмоқда

"Ipoteka Mobile" иловасига iOS тизимида ишловчи қурилмалардан кириш вақтинча чекланмоқда

"Ipoteka Mobile" иловасига iOS тизимида ишловчи қурилмалардан кириш вақтинча чекланмоқда

ipoteka mobile

Фото: Дилшод Одилов/Bankers.uz

"Ipoteka Mobile" иловасига iOS операцион тизими орқали кириш вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақида банк расмий телеграм каналида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, "Ipoteka Mobile" иловасини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган техник ишлар сабабли, iOS операцион тизими асосидаги смартфон эгалари учун иловадан фойдаланиш вақтинча тўхтатилмоқда.

"Келгусида мобил илова фаолияти қайта йўлга қўйилиши биланоқ бу ҳақида маълумот берилади", - дейилган хабарда.

31 январь куни журналист Азиза Қурбонова ўз телеграм каналида "Ўзбекистондаги энг ёмон мобил илова- Ипотека банкнинг иловаси" деган мазмунда эътирозли пост жойлаганди. Унда А.Қурбонова илова фойдаланувчиси сифатида, чет эл сафарига чиқишдан олдин, Ипотека банкда Visa картага хизмат кўрсатиш тўхтатилганлиги боис, банк унга таклиф қилган MasterCard картасини очганлигини айтган. Журналист хабарида, MasterCard'ни иловага қўшиб бўлмаган бўлса-да, банк вакилларининг гапига ишониб, чет эл сафарига кетганлигини, шундан сўнг 1 ой давомида чет элда жуда кўп оворагарчиликларга учрагани ҳақида ёзган. 

"Соддалик қилиб, эрта-индин ишлаб қолар, деб ноябрда хорижга шу картани кўтариб кетаверибман. Бир ой чет элда аҳмоқона карта сабаб қанча овора бўлганим ўзимга аён. Пул керак бўлса, оилам ишдан қолиб, банкка бориб пул ўтказиб югуриб юришди. Ўтган ҳафта қандайдир оператор қиз телефон қилиб, илова ишлаётганини айтиб, ишонтиришга уринди. Йўқ, иловада валюта картасига пул ўтказиш ишлагани йўқ. App Store'да ёзилган муносабатлар ҳаммаси негатив. 3 йилдан бери ёзиларкан бу негатив! На жавоб ёзишган, на иловани "иловабашара" ҳолатига келтиришган! 3 йил-а!"

photo_2022-02-03_12-06-46

App Store'да "Ipoteka Mobile" иловаси остида фойдаланувчилар изоҳлари
Скриншот: Мирзаолим Дилшодов/Bankers.uz

"Бутун бошли банклар рақамли форматда ишлаётган пайтда битта нормал илова қилдиролмаган банк яна қандайдир трансформация жараёнларини бошдан кечираётган эмиш!" - дея кескин эътироз билдирган журналист.

Эслатиб ўтамиз, банк ушбу эътирозга расмий муносабат билдирмаган.

Теги ipoteka bank ipoteka mobile