Фото: “Тенге банк” АТБ Бош офиси биноси
“Tenge Bank” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Таваккалов Bankers.uz нашри учун махсус интервью берди. Биз Улуғбек ака билан ҳозирги иш жойидаги фаолияти ва режалари, давлат банкида тўплаган тажрибаси, ўзбек банклари ҳамда банк хизматлари бозорини яқин келажакда нималар кутаётганлиги ҳақида суҳбатлашдик.
— Ассалому алайкум, Улуғбек ака, ушбу интервьюни беришга розилик берганингиз учун раҳмат! Айтингчи, Тенге банкда бошқарув раиси ўринбосари бўлиб иш бошлаганингизга ҳам бир неча ой бўлди, аввал ҳам давлат назоратида бўлмаган банкда, кейинчалик трансфомация жараёнлари кетаётган давлат банкида ишлаган мутахассис сифатида, чет эл шўъба банки — Тенгебанк ҳақида касбий таассуротларингиз қанақа? Янги банкка “мослашув” жараёни қандай кечди?
— Хайрли кун! Хорижий компанияда ишлаш, янги касбий тажриба орттиришни ҳамиша орзу қилиб келгандим. Тўғри урғу бердингиз – Тенгебанк Қозоғистоннинг Халык банкининг шўъба банки ҳисобланади ва ўзининг корпоратив маданияти, ҳужжатлар айланмаси ва ўзига хос ички жараёнлари бор. Компанияни минглаб кичик, бироқ муҳим жиҳатлар ажратиб туради: учрашувларни режалаштириш ва ташкиллаштириш, уларни ўтказиш тартиби, иш куни ва ҳажми меъёрлари, эгилувчанлик, муҳим масалаларни ҳал қилиш учун зудлик билан йиғилиб, муҳокама қилиб олиш имконияти, бюрократиянинг минимумлиги ва ҳоказолар. Бундан ташқари, банкда амалиёт жараёнлари тўғри тузилган: бирорта савдо нуқта бэк-офисга эга эмас, барчаси фронт офисдан ташкил топган. Банк ягона МФО билан фаолият юритади, бу эса филиаллараро ҳисоб-китоблар, мижозларнинг ягона базаси, пул ўтказмалари (проводкалар)нинг моделларини янада соддалаштиришга имкон беради.
— Агар сир бўлмаса, бир нечта омадли лойиҳаларни бошлаб турган жойингизда, нима учун ЎзСҚБдан кетдингиз?
— Ўзсаноатқурилишбанк мен учун маркетплейс қуриш, карта процессинги, янги мобил илова ва ҳоказолар каби ғояларни рўёбга чиқариш имкониятини яратган майдонча сифатида ажойиб ва зўр мактаб бўлди.
Менинг у банкдан кетишим чет эл тарафидан бўлган таклиф билан кўпроқ боғлиқ. Тенге банкда янги йирик лойиҳаларни ишга туширишга бўлган иштиёқ ушбу қароримга кўпроқ таъсир қилди, десак тўғрироқ бўлади.
— Нима деб ўйлайсиз, келгуси 3-5 йилда Ўзбекистон банк тизимини қандай келажак кутмоқда?
Ўзбекистон банк тизими фаол “қайта қурилиш” босқичини бошдан кечирмоқда. Айрим банкларнинг, масалан Ипотека банк, Пойтахтбанк, Ўзагроэкспортбанкларнинг эгалари ҳам ўзгармоқда. Бизнес жараёнлар янгиланмоқда, сотув каналлари ривожланяпти. Ўйлашимча, келгуси 3-5 йилда бозорни қайта тақсимлаш жараёни юз беради, бунда банклар, аксинча, универсал банкдан энди ихтисослашган: корпоратив, микрокредит, чакана банкларга айланишади, натижада банклар бозорни “ўзаро бўлиб олишади”. Аксарият давлат банклари хусусий инвесторларга сотилади, балки бир нечта кичик банклар бошқа нисбатан каттароқ банклар томонидан “ютиб юборилиши” ҳам мумкин.
Шунингдек, яқин келажакда банкларнинг мерчантлар билан тўлов агентлари орқали ёки тўғридан-тўғри интеграциялашуви кучайиши юз беришини кутяпман. Банкларнинг даромадлари таркибида мерчантлардан қайтарилган комиссия ҳамда суғурта компанияларидан комиссия каби даромад турлари улуши орта боради.
Бу нарса истеъмолчилар учун янада ижобий таъсирини кўрсатади: камроқ бюрократия, мижозлар талабини яхшироқ тушуниш, банк маҳсулотларидан фойдаланишнинг қулайлашуви, рақамлаштириш. Оддий қилиб айтсак, банкларнинг ўзи истеъмолчилар ва бизнес учун маҳсулотлар таклиф қила бошлайди ва одатда истеъмолчилар кўпроқ бўладиган жойларга кириб боришни бошлайдилар.
Умуман, олганда, банк тизими тараққиётининг сўнгги ва яқин келажакдаги йилларига ном бериш мумкин бўлганда, мен уларни қуйидагича номлаган бўлардим:
— Қайси банкларни чакана хизматлар бозорида энг тез ўсаётган ва ўзгараётган банклар деб ҳисоблайсиз?
— Менимча, булар Капиталбанк, TBC, Анорбанк. Ва албатта Tenge Bank!
— "Tenge Bank"да сиз ишга ўтгандан кейин айнан сизнинг ташаббусингиз билан қилинган лойиҳалар қайсилар? Яна нималарни режалаштиряпсиз, агар сир бўлмаса?
Биз кўп лойиҳалар устида ишламоқдамиз:
— Айтингчи, банк тизимида яхши, малакали ва замонавий раҳбар ходимлар етишмаётгандек туюладими сизга? Ҳозирги банк тизими кадрлари ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳа, афсуски, сиз айтганчалик, банк тизими ва жумладан биз ҳам сифатли инсон ресурслари етишмовчилигини сезмоқдамиз, айниқса бу тор доирадаги мутахассисликлар учун: дастурлаш, маълумотлар таҳлили, риск-менежмент йўналишларида билинмоқда. Бутун тизимда кучли кадрлар етишмовчилиги бўлиши хавфи ҳам мавжуд.
Сотув билан шуғулланувчи ходимлар бўғинида ҳам ходимлар етишмовчилиги бор, айнан шуни олдини олиш учун биз олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда талабаларни ҳозирданоқ ходим сифатида тарбиялаб боришни йўлга қўймоқдамиз.
Ходимлар малакасини ошириш ва уларни ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз, ҳар ҳафта турли мавзуларда, мижозбай ишлашдан тортиб, алоҳида маҳсулотларни сотишгача бўлган мавзуларда техник ўқув машғулотлар ва семинарларни ўтказиб турамиз.
— Нима деб ўйлайсиз, биздаги бирорта банк Халык банк сингари ўзини бошқа бир нечта қўшни давлатлардаги шўъба банкларини оча оладими?
— Келгуси 2-3 йилда, ўйлайманки, йўқ. Ҳозир Ўзбекистон қўшни давлатларга қараганда банк маҳсулотларини сотиш учун жозибалироқ бозор, шунинг учун инвестор (хоҳ у хорижий хоҳ маҳаллий бўлсин) катта эҳтимол билан қўшни давлатда офис очгандан кўра, ўзимизнинг бозордаги тармоқларини ривожлантиради.
— Агар имкони бўлганда, яна кимларни "Tenge Bank"ка ишга таклиф қилган бўлардингиз?
— (Кулади) Биз замонавий чакана банк қуриш йўлида, жамоамизга қўшилишни истаган, ўзбекча қилиб айтганда “юрагида олови бор” исталган ходимни ишга таклиф қиламиз.
— Банд бўлишингизга қарамай, ушбу суҳбат учун вақт ажратганингиз учун раҳмат!
Исмоил Туропов суҳбатлашди