Асосий/Сўнгги янгиликлар/30 йиллик юбилей, янги раис ва ўринбосарлар ҳамда хорижий кредит линиялари — Hamkorbank'да 2021 йил якунлари

30 йиллик юбилей, янги раис ва ўринбосарлар ҳамда хорижий кредит линиялари — Hamkorbank'да 2021 йил якунлари

30 йиллик юбилей, янги раис ва ўринбосарлар ҳамда хорижий кредит линиялари — Hamkorbank'да 2021 йил якунлари

Hamkorbank-2021

Hamkorbank Бош офиси

Банк ҳақида қисқача маълумот

Чет эл капитали иштирокидаги "Hamkorbank" акциядорлик тижорат банки давлат капитали иштирок этмаган банклар орасида энг кўп филиалга эга ҳамда активлар салмоғи бўйича Республика банклари ўртасида ТОП-10 банклар қаторига кирувчи йирик  акциядорлик тижорат банкидир.    

Филиаллар сони бўйича умумий рейтингда эса 5-ўринда (Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанк ва Ўзмиллийбанкдан кейин) туради. Республика бўйлаб молия муассасасининг 47 та филиали ва 106 та банк хизматлари офиси мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Hamkorbank 1991 йилда "Андижонбанк" акционерлик тижорат банки сифатида ташкил топган. 2000 йилда банк номи "Hamkorbank" АТБга ўзгартирилди.

Банк шиори: Биргаликда юксалиш сари!

Hamkorbank Бошқарув раиси Жўраев Баҳтиёржон Тўймуродович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

Hamkorbank-Kuzatuv-kengashi

Hamkorbank Кузатув кенгаши аъзолари

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Hamkorbank активлари миқдори 12,25 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Банк капитали эса 1,88 трлн. сўмни ташкил қилади. Hamkorbank 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида жами 1,96 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 75 %и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 400,6 млрд. сўмни ташкил қилади. 

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 338,8 млрд. сўм бўлганини ҳисобга олсак, 2021 йил якунлари бўйича соф фойда кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан етарлича даражада ошди. 

Банкдаги ўзгаришлар

2021 йилда Hamkorbank'нинг Бошқарув раиси ва унинг уч ўринбосари алмашди. Банкнинг амалдаги Бошқарув раиси Баҳтиёржон Жўраев, Бошқарув раиси ўринбосарлари Хасанов Жасур Ибрагимович (аввалги Бошқарув раиси), Арсланов Муҳитдин Сунитдинович (ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Ички аудит департаменти раҳбари), Шамсиддинов Саиджон Шамсиддинович (ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Кредитлаш ва андеррайтинг департаменти директори) ўз лавозимларига 2021 йил давомида тайинландилар. Шунингдек, Hamkorbank Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Туражанова Олмаҳон Юсупжановна 11 ноябрь Банк кенгаши қарори билан Ходимлар билан ишлаш департаменти директори лавозимига ўтказилган.

Hamkorbank-Jo'rayev

Hamkorbank'нинг 2021 йилда тайинланган Бошқарув раиси Б.Т.Жўраев

Бу йил Hamkorbank ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан банк йил давомида ўтказган тадбирлари, акциялари, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 30 йиллик юбилейи ҳақида фаол тарғибот қилиб борди. Хусусан, март ойи давомида 30 йиллик юбилейи ҳамда 8 март муносабати билан аёллар учун 'Visa Classic', 'UnionPay', 'UzCard' ва 'HUMO' карталарини бепул тақдим қилди. Орадан бир ой ўтиб, 30 апрель куни банк ўзининг Алоқа маркази учун 1256 қисқа рақамини ишга туширди. Май ойига келиб эса, банк "Сония" республика бўйлаб нақд пул ўтказмалари хизмати орқали АҚШ долларида пул ўтказмаларини жорий қилди.

Hamkorbank Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида ажратилган 20 млн. долларлик кредит линиясини жалб қилди. Банк расмий телеграм каналида ушбу хабар “Мазкур келишувнинг ўзига хослиги шундаки, ОТБ томонидан кредит линияси давлат кафолатисиз ажратилди”, деб ёзилган.

Hamkorbank-OTB-kelishuvi

Фото: Hamkorbank матбуот хизмати

Шунингдек, 29 июль куни Hamkorbank Нидерландия Тараққиёт Банки (FMO)нинг 100 млн. долларлик кредит линиясини жалб қилди. Ушбу линия кичик ва ўрта бизнес, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, яшил иқтисодиёт лойиҳаларини молиялаштириш учун сарфланиши белгиланди.

27 август куни банк “Миллий матбуот маркази”да 30 йиллиги муносабати билан ОАВ ходимлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун матбуот анжумани ўтказди.

Hamkorbank-30yillik

Hamkorbank'нинг 30 йиллик юбилейига бағишланган матбуот анжуманидан лавҳа.

Фото: Исмоил Туропов/Bankers.uz

8 ноябрь куни эса банк ўзининг 47-филиалини очди. Филиал Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган.

Молия муассасаси йил давомида Visa тўлов тизими билан ҳамкорликда турли акциялар ўтказиб келди.

Мирзаолим Дилшодов

Теги 2021 Hamkorbank yil yakunlari