Асосий/Сўнгги янгиликлар/Хорижий банклар Ўзбекистонда лицензия олмасдан туриб андеррайтинг фаолиятини амалга ошириши мумкин

Хорижий банклар Ўзбекистонда лицензия олмасдан туриб андеррайтинг фаолиятини амалга ошириши мумкин

Хорижий банклар Ўзбекистонда лицензия олмасдан туриб андеррайтинг фаолиятини амалга ошириши мумкин

uzse

17 январь, душанба куни "Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-90 сонли президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 31 декабрь кунига қадар эксперимент тариқасида хорижий банклар ва инвестиция воситачиларига Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ва ўз маблағларининг миқдори 500 млн. сўмдан кам бўлмаган маҳаллий юридик шахслар билан шартнома тузган ҳолда, андеррайтинг фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 ноябрдаги "Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-726-сон қарорига асосан банк фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси фаолиятини амалга оширишга ҳақли эканлиги яна бир бор эслатилди.

Молия вазирлигига эса икки ой муддатда давлат улуши мавжуд тижорат банклари томонидан қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси фаолиятини йўлга қўйиш масаласини уларнинг бошқарув органлари йиғилишларида кўриб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялари бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади.

Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялари бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар сингари фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод этилади.

 

Теги Toshkent fond birjasi anderrayting