logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўтган 8 ойда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари қолдиғи 45 фоизга ортган

Ўтган 8 ойда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари қолдиғи 45 фоизга ортган

Ўтган 8 ойда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари қолдиғи 45 фоизга ортган

3c1f268a5a2c2884f53fb84bdf815af1

Иллюстратив фото. Фото: www.tatar-inform.ru

Кеча, 9 сентябрь куни Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда регулятор асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди.

Йиғилиш якунлари бўйича Марказий банк томонидан тақдим этилган пресс-релизга кўра, жорий йилнинг II-III чоракларида иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши таъсирида банк тизими умумий ликвидлигининг сезиларли ортиши кузатилган бўлиб, бунинг натижасида банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари апрель ойидаги 14,2 фоиздан июль ойида 8,7 фоизгача пасайди.

Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати операциялари бўйича амалга оширилган қатор ўзгаришлар ва тегишли операцион чоралар ҳисобига август ойида пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалари 13,0 фоизга тенг бўлди ва Марказий банк фоиз коридори доирасида ва асосий ставкадан 1,0 фоизлик тафовут билан шаклланди.

Бунда, фоиз коридорининг кенгайтирилиши сабабли пул бозорида банклар фаоллигининг ошиши кузатилиб, август ойида жами 8,4 трлн. сўмлик ёки июль ойига нисбатан 47 фоизга кўп операциялар амалга оширилди. Овернайт депозит операциялари ҳажмининг ортиши пул бозоридаги фоиз ставкаларининг фоиз коридори доирасида ва асосий ставкага яқин даражада шаклланишига хизмат қилди.

Депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларининг шаклланаётганлиги йилнинг ўтган 8 ойи давомида миллий валютадаги жами муддатли депозитларнинг 26,5 фоизга, шундан, жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитларининг 45 фоизга ўсишига хизмат қилди.

Юқори иқтисодий фаоллик ва талаб ҳисобига кредитлар бўйича фоиз ставкаларида йил бошига нисбатан бироз ўсиш кузатилди. Бунда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари июль ойида 22,0 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахсларга ажратилган кредитлар бўйича – 21,2 фоизга тенг бўлди.

Иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи йил бошига нисбатан 11,5 фоизга кўпайди. Шу жумладан, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 17,5 фоизга ўсиб, аҳоли истеъмол талабини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Йил якунлари бўйича кредит қўйилмалари ўсишининг номинал ЯИМ ҳажми ўсишига мутаносиб равишда 18-20 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.

Прогноз ва хатарлар. Умумий инфляция даражаси ўзгаришсиз қолаётган бўлсада, базавий инфляциядаги пасайиш динамикаси ва амалдаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари йил сўнгигача инфляцияни 10 фоизлик прогнозига эришишда қўллаб-қувватловчи омиллар бўлади.

Базавий инфляция даражасининг келгусида янада барқарор пасайиши, энг аввало, ички истеъмол бозорида таклиф ҳажмларини кўпайтириш, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш ва рақобат муҳитини яхшилаш борасида кўриладиган чоралар самарадорлигига боғлиқ бўлади.

Бундан ташқари, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари мувозанатлашган тақдирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сезилган инфляция ва инфляцион кутилмалари пасайиш динамикасига ўтиши кутилмоқда.

Ички валюта бозоридаги вазият, сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси ва унга нисбатан фундаментал босимнинг кутилмаётганлиги келгуси ойларда истеъмол саватидаги импорт ва импортга боғлиқ бўлган товарлар нархларининг нисбатан барқарор шаклланишига ҳамда уларнинг ички нархларни барқарорлаштирувчи ролини ошишига хизмат қилади.  

Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни синчковлик билан ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб боради.

 

Теги depozit Markaziy bank
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй