Асосий/Сўнгги янгиликлар/Агробанк 310 млрд. сўмлик депозит сертификатлари чиқарди

Агробанк 310 млрд. сўмлик депозит сертификатлари чиқарди

Агробанк 310 млрд. сўмлик депозит сертификатлари чиқарди

"Агробанк" АТБ 310 млрд. сўмлик 2000 дона депозит сертификатлари чиқарди. Бу ҳақда банк томонидан Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот қолдирилган.

 
Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Банк Бошқарувининг тегишли қарори 19 апрель куни қабул қилинган. Ягона порталда эса 16 июнь куни эълон қилинган. Депозит сертификатлари очиқ обуна бўлиш орқали жойлаштирилган.

Депозит сертификатлари шартлари:

Депозит тури Муддати Йиллик фоиз ставкаси Фоиз тўлаш тартиби Муддатидан олдин қайтариб олинганда
Депозит сертификатлар 185 кун асосий ставка + 2 фоиз ҳар ойлик асосий ставка - 4 фоиз
370 кун асосий ставка + 3 фоиз
740 кун асосий ставка + 4 фоиз

Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, депозит сертификати — банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (сертификат сақловчининг) омонат суммасини ҳамда сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз ҳисобланади.

Марказий банкнинг "Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисида" ги Низомига кўра, депозит сертификатлари юридик шахслар учун, омонат сертификатлари жисмоний шахслар учун чиқарилади.

Сертификатлар олди-сотди, ҳадя қилиш, мерос қилиб олиш, устав фондига киритиш ва эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа битимларда, шунингдек гаровда битим объекти бўлиши мумкин.

Сертификатдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш мумкин. Бунда қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида сертификатларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз электрон шаклда амалга оширилади. Сертификатларга доир бошқа битимлар ёзма шаклда тузилади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Депозит сертификаларнинг афзалликлари:

  • Маблағ қўйилган муддат давомида ўзгармайдиган, аниқ белгиланган фойда (фоиз) ставкаси; 
  • Сертификат бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш мумкин;
  • Банк ёки бошқа кредиторлар олдидаги мажбуриятларни бажариш мақсадида депозит сертификатдан гаровга қўйиладиган нарса сифатида фойдаланиш;
  • Сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан олиш мумкин.
     
Теги Agrobank depozit sertifikati