Асосий/Сўнгги янгиликлар/I чоракда банклардаги жами депозитлар ҳажми камайган, бироқ аҳоли омонатлари ҳажми ортган

I чоракда банклардаги жами депозитлар ҳажми камайган, бироқ аҳоли омонатлари ҳажми ортган

I чоракда банклардаги жами депозитлар ҳажми камайган, бироқ аҳоли омонатлари ҳажми ортган

Марказий банкнинг 2022 йилнинг I чораги учун "Пул-кредит сиёсати шарҳи"га кўра, жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкалари март ойида 20,9 фоизгача кўтарилган бўлса, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича 16,2 фоизни ташкил этди.

Markaziy bank 3-2

Марказий банк 2022 йилнинг I чораги учун "Пул-кредит сиёсати шарҳи"ни эълон қилди. Шарҳда депозитлар ҳажми ва фоиз ставкалари таҳлили ҳам тақдим этилди.

Унга кўра, миллий валютадаги жами депозитлар ҳажми 8,5 фоизга (5,6 трлн сўм) қисқарган бўлса, хорижий валютадаги депозитлар 2,2 фоизга (1,0 трлн сўм эквиваленти) камайган. Таъкидлаш жоизки, чорак давомида бюджет даромадларининг харажатларига нисбатан ортиши ҳисобига ушбу динамика вақтинчалик бўлиб, II чоракдан бошлаб бюджет харажатларининг мавсумий ортиши ҳисобига пул массаси ва депозитлар ҳажмида ўсиш суръатларининг қайтиши кутилмоқда.

Жисмоний шахсларнинг жами депозитларида ўсиш динамикаси кузатилган бўлиб, бу асосан хорижий валютадаги депозитларнинг ортиши ҳисобига юзага келди. Хусусан, I чоракда аҳолининг банклардаги жами депозитлари 3,2 фоизга ортиб 37,8 трлн сўмга етган бўлиб, миллий валютадаги депозитлар 4,1 фоизга (1,2 трлн сўмга) камайгани ҳолда хорижий валютадаги депозитлар 18,6 фоизга (2,2 трлн. сўм эквивалентига) ўсди.

Жисмоний шахслар депозитлари динамикаси ва унинг валюта таркибидаги ўзгаришлар март ойида ташқи хатарлар таъсирида девальвацион кутилмаларнинг ортиши билан боғлиқ. Миллий валюта алмашув курси билан боғлиқ “юқори кутилмалар” сабабли март ойида аҳоли томонидан миллий валютадаги депозитларни хорижий валютага ўтказиш ва нақд хорижий валютани харид қилиш ҳажми кескин ошди. Бироқ, Марказий банк томонидан кўрилган чоралар ҳисобига (асосий ставканинг кўтарилиши ва интервенциялар ҳажмининг оширилиши) март ойининг сўнгги 10 кунлигида ушбу кутилмаларнинг пасайиши, жамғармаларнинг қайтадан миллий валютага ўтказилиши ва нақд хорижий валютани банкларга қайта сотиш жараёни фаоллашди.

Миллий валютадаги депозитлар бўйича шаклланган жорий реал фоиз ставкалари ва валюта алмашув курсининг март ойидаги тўғриланишдан сўнг кутилаётган барқарор динамикаси шароитида келгуси чоракларда ҳам аҳоли миллий валютадаги депозитларининг юқори ўсиш динамикасини сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Бунда, жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкалари март ойида 20,9 фоизгача кўтарилган. Февраль ойида ушбу кўрсаткич 20,4 фоизни ташкил қилган эди. Бу 2014 йил декабридан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўшанда жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 22,8 фоизни ташкил қилган эди.

Юридик шахсларнинг депозитлари бўйича кўрсаткич март ойида 16,2 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг бошидан бери ўсиш тенденциясини кўрсатиб келади.

photo_2022-05-07_14-08-21

Манба: Марказий банк

Шунингдек, апрель ойининг биринчи ярмида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми 5 фоизга ўсди (март ойининг мос даврида 1,3 фоизга пасайган). Умуман олганда, сўмдаги активлар баҳосининг нисбий устунлигини мавжудлиги ҳисобига 20 апрель ҳолатига аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми йил бошидан 14 фоизга ошди.

Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича реал фоиз ставкалари (инфляция даражасини инобатга олиб ҳисоблаганда) март ойида жисмоний шахслар бўйича 9,4% ва юридик шахслар бўйича 5,2% даражасида шаклланди.

Аҳолининг миллий муддатли валютадаги депозитлари бўйича реал фоиз ставкаларининг уларнинг инфляцион кутилмаларига нисбатан 4-5 фоиз бандга юқори бўлиши жамғариш фаоллигини оширувчи ва ялпи истеъмолни мувозанатлаштирувчи асосий омиллардан ҳисобланади.

Теги depozitlar Markaziy bank