Асосий/Сўнгги янгиликлар/Банклардаги депозит ставкалари 2014 йилдан бери илк марта 20,9 фоизгача кўтарилди

Банклардаги депозит ставкалари 2014 йилдан бери илк марта 20,9 фоизгача кўтарилди

Банклардаги депозит ставкалари 2014 йилдан бери илк марта 20,9 фоизгача кўтарилди

Марказий банк март ойи якунлари бўйича банк бозоридаги депозит ва кредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини маълум қилди. Жисмоний шахсларга таклиф этилаётган омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкаси март ойида 20,9 фоизни ташкил қилди. Февраль ойида ушбу кўрсаткич 20,4 фоизни ташкил қилган эди. Бу 2014 йил декабридан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўшанда жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 22,8 фоизни ташкил қилган эди.

photo_2022-04-18_17-51-52.jpg

Манба: Марказий банк

Март ойида юридик шахсларнинг депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси ҳам ошган — 16,2 фоиз. Ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг бошидан бери ўсиш тенденциясини кўрсатиб келади.

Миллий валютадаги аҳолига ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 21,8 фоизни ташкил қилган. Бу бир ой олдинги кўрсаткичга нисбатан 0,5 бандга кўпроқ. Тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкаси эса, аксинча, пасайган. Март ойида ушбу кўрсаткич бир ой олдингига нисбатан 1,1 бандга пасайиб, 20,2 фоизни ташкил қилган.

Жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкалари қарийб ўзгармаган. Ушбу кўрсаткич март ойида 3,9 фоизни ташкил қилган бўлса, февраль ойида 4,0 фоизни ташкил қилган эди.

Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 0,6 бандга ортиб, март ойида 2,8 фоизни ташкил қилган.

photo_2022-04-18_17-51-56.jpg

Манба: Марказий банк

2022 йилнинг март ойида чет эл валютасидаги қисқа ва узоқ муддатли кредитларнинг ўртача тортилган фоиз ставкалари бир хил - 6,2 фоизни ташкил қилган. Ўзтган ойда иккала кредит фоиз ставкаларида ҳам пасайиш кузатилган бўлиб, бунда қисқа муддатли кредитлар фоиз ставкаси 0,4 бандга, узоқ муддатли кредитлар бўйича фоиз ставкаси 0,2 бандга пасайган.

Теги kredit depozit Markaziy bank