Асосий/Сўнгги янгиликлар/S&P Туркистонбанк кредит рейтинги истиқболини "Салбий"дан "Барқарор"га ўзгартирди

S&P Туркистонбанк кредит рейтинги истиқболини "Салбий"дан "Барқарор"га ўзгартирди

S&P Туркистонбанк кредит рейтинги истиқболини "Салбий"дан "Барқарор"га ўзгартирди

Turkistonbank (2)

1 февраль куни S&P Global Ratings Туркистонбанкнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли кредит рейтингларини "ССС+/С" даражасида тасдиқлади. Шунингдек, агентлик банк рейтинглари бўйича прогнозни қайта кўриб чиқиб, "Салбий"дан "Барқарор"га ўзгартирди.

Туркистонбанк рейтингини "Салбий"дан "Барқарор"га қайта кўриб чиқиш прогнози унинг кредит кўрсаткичлари янада ёмонлашиши тўғрисидаги агентлик кутилмалари пасайганини акс эттиради. Шу билан бирга, S&P банкнинг активлари сифати паст қолаётгани ва 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра муаммоли кредитлар (NPL) банк кредит портфелининг қарийб 70 фоизини ташкил қилаётганини қайд этади. Бу 2021 йилнинг I ярим йиллигидаги 80 фоиздан кўра яхшироқ. Банк ундирувга қаратиш ва кредитларни сўндириш орқали муаммоли кредитларни босқичма-босқич ҳал қилмоқда. S&P Global 2021 йил бошида сезиларли ўзгаришлардан сўнг банк бошқаруви жамоаси барқарорлашганини қайд қилмоқда.

Шунингдек, Туркистонбанк ликвидликни тартибга солувчи талабларни бузишда давом этмоқда. Банк ликвидликни қоплаш кўрсаткичларини регуляторнинг минимал талабларидан бироз ошадиган даражага тиклади, аммо барқарор молиялаштириш кўрсаткичлари ҳали ҳам минимал мақбул даражадан паст. "Тушунишимизча, Туркистонбанк тартибга солувчи орган билан келишилган режа асосида молиявий соғломлаштириш ишларини олиб бормоқда. Ҳисобот капиталининг етарлилик коэффициентлари қонунчиликда белгиланган минимал даражадан юқори, аммо банк муҳим қўшимча захираларни яратиши керак деб ҳисоблаймиз. Биз тушунамизки, Туркистонбанк эгалари 2022 йилда ўз маблағлари ҳисобидан ёки янги инвесторларни жалб қилиш орқали қўшимча капитал киритишни режалаштирмоқда", дейилади агентлик ҳисоботида.

"Барқарор" прогноз Туркистонбанкнинг бизнес модели ликвидлик тақчиллигига мойил қолаётганини акс эттиради. Бироқ, S&P банк рейтингини "CCC" даражасига туширган 2021 йил январь ойидан буён молия муассаси узлуксиз фаолият юритишда давом этаётгани алоҳида қайд қилинган.

Келгуси 12-18 ой ичида банк ликвидлиги янада тақчиллашса ( бу дефолт сценарийси амалга ошишининг аниқ хавфига олиб келади) ва бу ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаса, акциядорлар ёки Марказий банк томонидан охирги кредитор сифатида қўллаб-қувватланмаса, агентлик томонидан банк рейтинги пасайтирилиши мумкин.

Туркистонбанк ликвидлиликнинг барқарор тикланишига эриша олса, муаммоли активлар балансини тозалаб, капитал базасини кўпайтирса, шу орқали ўрта муддатли истиқболда мижозлар базаси барқарорлигини таъминласа, келгуси 12-18 ой ичида банк рейтинги "Ижобий" баҳо томон ўзгариши мумкин.

Теги Turkistonbank reyting NPL