Асосий/Сўнгги янгиликлар/Asia Alliance Bank акциялари назорат пакети хориж компаниясига ўтди

Asia Alliance Bank акциялари назорат пакети хориж компаниясига ўтди

Asia Alliance Bank акциялари назорат пакети хориж компаниясига ўтди

AAB

Фото: AAB

"Asia Alliance Bank" акциядорлик тижорат банки акциядорлари таркибида ўзгариш юз берди. Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Gor Investment Limited компанияси ўзининг шўъба корхонаси Asia Alliance Group МЧЖ билан биргаликда банк устав капиталидаги улушини 77,2 фоизга етказди.

"Тошкент" республика фонд биржаси маълумотларига кўра, битим 8 февраль куни амалга оширилган. Келишув биржадан ташқаридаги битим шаклида Gor Investment Limited ширкатининг Ўзбекистонда ташкил этилган шўъба корхонаси Asia Alliance Group МЧЖ билан тузилган.

Битим натижасида Asia Alliance Group МЧЖ банкнинг устав капиталига қўшимча акция чиқариш йўли орқали 27,3 фоиз акциялар эгасига айланган.

Ҳозирда Gor Investment Limited ўзининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси билан биргаликда Asia Alliance Bank'нинг 576 745 997 дона оддий акцияларига эгалик қилмода. 8 февраль кундаги битимда 204 млн. дона оддий акция харид қилинган. Битим суммаси очиқ манбаларда кўрсатилмаган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларида Asia Alliance Bank'нинг бошқа акциядорлари тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Қўмита маълумотларига кўра, банк ҳалиям Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфида.

Gor Investment Ltd. банкнинг 2019 йилги национализация қилинишидан олдинги йирик акциядори саналади. 2021 йил 2 июль куни банк расмий сайтида "Asia Alliance Bank'ни самарали бошқаришдаги муваффақиятли тажрибасини инобатга олиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфидаги "Asia Alliance Bank" АТБ акцияларини банкнинг аввалги йирик акциядори бўлган Gor Investment Ltd. (Буюк Британия) компаниясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди", деган хабар қолдирилган.

Теги Asia Alliance Bank aksiyador